Линклар

logo-print

Тошкентлик ҳуқуқ фаолига чиқиш визаси берилмади


Ҳуқуқ фаоли Т. Давлатова “ўзбек халқини камситганликда” айбдор деб топиб, 10 миллион сўмлик жаримага тортилган эди.

Ҳуқуқ фаоли Т. Давлатова “ўзбек халқини камситганликда” айбдор деб топиб, 10 миллион сўмлик жаримага тортилган эди.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Татьяна Давлатовага Ўзбекистондан чет элга чиқиш учун икки йиллик виза берилмади. Мазкур таъқиққа ҳуқуқ фаолининг бўйнида 10 миллион сўмлик жарима борлиги сабаб қилиб кўрсатилди.


55 ёшли Татьяна Давлатова 10 миллион сўм жаримани тўламагунича, Ўзбекистондан чиқарилмайди. Тошкентлик ҳуқуқ фаолига 18 август куни пойтахтдаги суд ижрочилари департаменти ана шундай жавоб қилди:

- Уларнинг компьютерида “чегарадан ўтиш ва виза олиши таъқиқланган” деб ёзилган. Мен наҳотки энди виза керак бўлмаган “Қозоғистонга ҳам ўта олмайманми?” деб сўрасам, “жаримани тўламагунингизча, йўқ “дейишди,- дея Тошкент шаҳар суд ижрочилари сўзини келтиради ҳуқуқ фаоли.

Етти йилдан буён Тошкентда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланаётганини айтган Татьяна Давлатова 10 миллион сўмлик жаримага “Россия 1” телеканалига берган интервюси учун тортилган эди.

Ўз интервюсида ҳуқуқ фаоли Ўзбекистондаги русийзабонлар "турмуши ёмон"лигидан шикоят қилган эди. Кейинчалик Яккасарой туман суди Татьяна Давлатовани “ўзбек халқини камситганликда” айбдор деб топиб, 10 миллион сўмлик жаримага тортган эди.

30 июл куни Тошкентнинг Миробод тумани Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига чиқиш визаси учун хужжатларини топширган ҳуқуқ фаоли икки ҳафтадан сўнг расмий жавоб олди:

- Борсам, улар менга “сизга таъқиқ қўйилган” деди. Қарасам, мен хужжатларимни топширган папка устига “виза берилмасин” деб ёзиб қўйилган. Бўлим ходими менга Тошкент шаҳар суд ижрочилари бўлимига бориб аниқлашимни сўради. Шундай қилиб нима сабабдан менга чиқиш визаси берилмаслигини билиб олдим,- деди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Татяна Давлатова.

Эслатамиз, 7 июл куни чиқарилган Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра чет элга чиқиши “мақсадга мувофиқ бўлмаган” дея топилган фуқароларга чиқиш визаси берилмаслиги белгиланган. Қарорда бу чеклов юзасидан “шикоят қилиниши ҳам мумкин эмас”лиги қайд этиб қўйилган.

Айни пайтда тошкентлик ҳуқуқ фаоли Тошкент шаҳар суд ижрочилари бўлимидан расмий жавоб олиш ниятида эканини билдирди.
XS
SM
MD
LG