Линклар

“Шарқ ТВ” нинг икки ходими ҳибсга олинди


"ШарқТВ" журналисти Шоира Тўхтабоева.

"ШарқТВ" журналисти Шоира Тўхтабоева.

Намангандаги “ШарқТВ”нинг товламачиликда айбланаётган икки ходимаси ҳибсга олинди. Бу ишга алоқадорликда гумон қилинаётган оператор йигит озодликда қолмоқда.


18 август куни Наманган шаҳар жиноят ишлари бўйича судида “Шарқ ТВ” нинг икки ходимаси Шоира Тўхтабоева ва Дилрабо Йўлдошевалар ҳибсга олинди.

Наманган шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимига кўра, айни пайтда икки журналист аёл тергов изоляторида сақланмоқда.

- Биз фақат бу ерда “Шарқ” телевидениесининг мухбири бўлган икки аёлни сақлаб берамиз,- деди журналистларнинг ҳибсга олинганини тасдиқлаган милиция ходими.

Шоира Тўхтабоева билан унинг икки ҳамкасби Дилрабо Йўлдошева ва Баҳром Бадалшоевларга нисбатан ўтган ойда жиноий иш қўзғатилган.

Телевидение ходимларини Наманган шаҳар ички ишлар бошқармаси тергов бўлими Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси билан товламачиликда айбламоқда.

- Мени ва ҳамкасбларимни 100 минг сўм талаб қилганликда айбламоқдалар, аммо мен бу пулларни талаб этмаганман,- деган эди бир неча кун аввал Озодликка Шоира Тўхтабоeва.

Айни пайтда Наманган шаҳар прокуратураси ходими, бу ишни олиб бораётган терговчи Музаффар Тўхтасинов Озодлик билан суҳбатлашишдан бош тортди.

Фарғона водийсида эфирга чиқадиган Наманган шаҳар “Шарқ ТВ” телекомпанияси раҳбарияти ҳам ўз ходималарига нисбатан илгари сурилаётган айбловларни изоҳлашдан бош тортди.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Баҳодир Намозовнинг айтишича, 18 август куни журналист Шоира Тўхтабоеванинг онаси унга қўнғироқ қилиб қизи ҳибсга олинганини маълум қилган:

- Уларнинг айтишича, Шоира уларга “судга келманглар, ҳаммаси келишилган, ҳеч нарса бўлмайди” дегандек гап қилган. Улар ҳатто судга боришмаган. Кеча эса, суднинг биринчи маҳкамасидаёқ, уларга нисбатан "мера пресечения"си (тергов олди чораси) ўзгартирилган,- деди ҳуқуқ фаоли Баҳодир Намозов.

Маълумотларга кўра, 19 август куни ҳам журналистлар устидан суд маҳкамаси давом этган. Бироқ бу маҳкама тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Айни пайтда ҳибсда сақланаётган иккинчи журналист Дилрабо Йўлдошеванинг яқинлари билан боғланиш имконияти бўлмади.

Наманганлик ҳуқуқ фаоли Носир Зокир Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари ходимлари орасида товламачилик ҳоллари учраб туришини айтади:

- Ўзбекистондаги маҳаллий телевидение, радиода, газетада ишлайдиган журналистларнинг кўпчилиги мана шундай тирикчилик қилади. Ташкилотларга бориб, мақтаб ёзади,- дейди наманганлик ҳуқуқ фаоли Носир Зокир.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган телевидение ходимлари товламачиликда айбланиши кам учрайдиган ҳолат эмас.

Шу йилнинг бошида Сурхондарё вилоят телерадиокомпанияси ходими Муборак Рўзиохунова ҳам товламачиликда айбланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG