Линклар

Тошкентга кирувчилар оқими тўсила бошланди

  • Садриддин Ашур

Мустақилликнинг 20 йиллиги арафасида вилоятликлар пойтхатга қўйилмаяпти.

Мустақилликнинг 20 йиллиги арафасида вилоятликлар пойтхатга қўйилмаяпти.

Мустақиллик тантаналари арафасида Тошкент вилояти ва шаҳрига автомобил ва йўловчиларнинг кириши қийинлашди.


Айниқса, Фарғона водийсидан Тошкентга келаётган автомобиллар ва йўловчилар Намангандан чиқиш постида қаттиқ текширувдан ўтказиляпти. Оқибатда Тошкент-Андижон автомобил йўлининг Тошкент ва Наманган вилоятлари туташган жойдаги милиция постида юзлаб автомобиллар икки-уч соатлаб қолиб кетмоқда.

Ўзбекистонликлар мамлакат конституциясида белгиланган, Ўзбекистон ҳудудида эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётганишан шикоят қилишмоқда.

Наманганга бориб келган инсон ҳуқуқи фаоли Елена Урлаевага кўра, айниқса, Тошкент вилоятига киришда автомобиллар ва йўловчилар қаттиқ текширувдан ўтказиляпти.

- Мен Наманганга бориб келдим. Йўлнинг қанчалик оғирлашиб кетганлигини ўз танамда ҳис қилдим. Ҳар бир постда ҳар бир машина, одамлар жиддий текширувдан ўтказиляпти. Юкларга,чўнтакларга қўл суқиляпти.

Тасаввур қилинг, ҳозир Ўзбекистон тандирдай қизиб ётибди. Боз устига асфальт ҳам қайнаяпти. Ёш болали йўловчилар, қариялар жуда ҳам қийналиб қолишяпти. Постларда эса сув йўқ. Масалан, Наманган вилоятидан чиқиш постида автомобиллар навбати, менимча, бир километрга чўзилган эди,- дейди Елена Урлаева.

Йўловчи машинада Намангандан чиқиш постидаги вазиятни кузатган андижонлик Жаҳонгир Қосимовнинг айтишича, постларда милиция ходимлари, чегарачилар ва ниқоб таққан шахслар автомобиллар ва йўловчиларни текширувдан ўтказмоқда. Жаҳонгир Қосимов текширувчиларнинг қўпол муомаласидан кўнгли ранжиганини айтади:

- Йўлда касал, бошқа нарса демаяпти. Қора ниқоб кийган, қўлида автомат эмас пулемет билан қуролланган аскарлар текширади. Худди унинг ота-онаси йўқдай мурожаат қилинади. Ëши каттами, ëши кичикми сен деб гапиради. Агар шубҳали шахс сифатида кўрадиган бўлса, юкларни алоҳида хонага олиб кириб текширади. Агар қўлида шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаса, у ердан умуман ўта олмайди. Орқага қайтариб юборади ëки шахсини аниқлагунча ҳибсга олади,- дейди Жаҳонгир Қосимов.

Суҳбатдошнинг ҳайдовчилар гапларига таяниб, айтган сўзларига кўра, бу постларда ҳар куни ҳам тирбандлик бўлмайди. Махсус юклар ўтадиган кун, текширув номигагина ўтказилади:

- Яқинда келаëтганимда икки соат постда турдим. Наманган вилоятидан Тошкент вилоятига ўтишдаги пост. Ўта қаттиқ текширади. Шофëрларнинг айтиши бўйича иккита смени бор экан. Битта смен ўта қаттиқ текширар экан, иккинчи смен унақа текширмас экан. Сабабини сўрасам, бир сменда Гулнора Каримованинг юклари ўтар экан бу постдан. Шунинг учун бир смен унақа қаттиқ текширмас экан. Битта смен куни юклар ўтар экан, йўл муаммо бўлмаслиги керак экан,- дейди Жаҳонгир Қосимов.

Қўқон-Тошкент йўналишида киракашлик қилаётган Тоҳиржон ҳам юк ортилган КамАЗлар бу постлардан тўхтамай ўтиб кетишини айтар экан, шу кунлари милиция ходимлари постларда “пробка” қилмасликка ҳаракат қилишини айтади.

- Тошкентга кетаётганимда навбат катта эди, бир кундан сўнг қайтишимда эса постларда навбат умуман йўқ эди, ҳайрон қолдим,- дейди киракаш Тоҳиржон.

Ўзбекистонда мустақилликнинг 20 йиллиги байрами арафасида хавфсизлик чоралари жуда кучайтирилди.

Мамлакатнинг бошқа ҳудудлариданТошкентга кириб келаётган барча автомашиналар ва йўловчилар постларда қаттиқ текширувдан ўтказилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG