Линклар

АҚШ терроризмга оид ҳисобот эълон қилди


Ўтган йили терррорчилик ҳаракатлари оқибатида 13 минг 200 киши ҳалок бўлган.

Ўтган йили терррорчилик ҳаракатлари оқибатида 13 минг 200 киши ҳалок бўлган.

АҚШ Давлат департаментининг дунё давлатларида терроризмга оид эълон қилган янги ҳисоботида терроризм тенденцияларига баҳо берилган.

Ҳисоботга кўра, 2010 йилда дунёнинг 72 та давлатида 11.500 дан ортиқ террор ҳужумлари амалга оширилгани оқибатида 13.200 киши нобуд бўлган. Ҳужжатда ўтган йил террор ҳужумлари 2009 йилдагига нисбатан беш фоизга кўпайганига қарамай, қурбонлар сони 12 фоизга камайгани билдирилган.

АҚШ Давлат департаменти эълон қилган Дунё давлатларида терроризмга оид ҳисоботининг Ўзбекистонга оид қисмида қўшни давлатларда беқарор вазият ҳукм сураётгани ва бу давлатларда ўзбеклар иштирокида террор ҳужумлари амалга оширилганига қарамай, Ўзбекистонда ҳеч қандай террор ҳужуми содир этилмагани билдирилган.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни қаттиқ назорат қилаяпти ва бир қанча одам терроризм айблови билан жавобгарликка тортилган. Аввалги йиллардаги каби ишончли маълумотлар бўлмагани боис Ўзбекистондаги террор таҳдидини таҳлил қилиш муаллифлар учун қийин эканни қайд этилган.

Давлат департаменти ҳисоботида Ўзбекистон хавфсизлик кучлари матбуот ёки халқаро ҳамжамият диққатини жалб қилмаган ҳолда террор ҳужумларининг олдини олган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган.

Ҳисоботда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари расмийлари бир қанча одамни экстремизм билан боғлиқ айбловлар билан ҳибсга олиб, жавобгарликка тортишни давом эттираётгани билдирилган.

Мустақил ахборот воситалари маълумотига асосланиб Давлат департаменти ҳисоботида билдирилишича, 2010 йил феврал ва март ойларида ўтказилган ёпиқ судларда конституциявий тузумга қарши фаолият олиб борганлик, экстремистик гуруҳларга аъзолик ва бошқа айбловлар билан 83 киши озодликдан маҳрум этилган.

Маълумотларга кўра, бу судлар 2009 йилда амалга оширилган террор ҳужумлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги подполковниги Ҳасан Асадов, “Кўкалдош” мадрасаси мудири ўринбосари Аброр Аброров, Тошкент шаҳар имом хатиби Анвар қори Турсуновга қарши суиқасд ва 2009 йил августида Тошкентда бўлган отишма билан боғлиқ бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати Қозоғистондаги 30 нафар бошпана изловчи ўзбек террорчи ташкилотлар аъзоси эканини иддао қилиб, уларни Ўзбекистонга экстрадиция қилинишини Қозоғистондан талаб қилган. Қозоғистон ҳукуматига кўра, Ўзбекистон томони буни тасдиқловчи ишончли далиллар тақдим қилган. Йил охирига келиб БМТ қўлга олинган ўзбекларга берилган қочқинлик мақомини бекор қилган. Қўлга олинганлардан бири Ўзбекистонга экстрадиция қилинган, бошқаси қўйиб юборилган.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида пулларни ювиш ва терроризмнинг молиявий илдизини қирқиш бўйича тузилган Евроосиё гуруҳига аъзо бўлган Ўзбекистон 2009 йилда пулларни ювишга қарши қонун қабул қилганидан бери бошқа янги ҳужжат қабул қилинмагани ва 2010 йилда бу соҳада янги чоралар кўрилмагани қайт этилган.

Ҳисоботда умумий хавфсизлик масалалари, жумладан, чегара назорати бўйича Ўзбекистон ҳукумати қатор хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки томонлама ҳамкорлик қилгани билдирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG