Линклар

logo-print

Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи директори ёзги таътил пайтида 20 ўқитувчини ишдан бўшатди. Ишдан бўшатилган ўқитувчилардан 12 нафари Озодлик билан боғланиб, директорнинг яккаҳокимлиги ва унинг ғайриқонуний фаолиятидан шикоят қилдилар.


Зарбдор туманидаги қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг 12 нафар ўқитувчиси Озодлик билан суҳбатда коллеж директори Хўжам Бекамовнинг “ўзим хон-кўланкам майдон” қабилида иш тутаётганини гапириб бердилар.

Коллежнинг 47 ёшли тарих ўқитувчиси Шоҳида Ҳожиқулованинг айтишича, одамнинг яқин кишиси вафот этса, қонунга мувофиқ у икки ҳафта ишга чиқмаслиги белгиланганига қармасдан, директор уни ғайриқонуний тарзда ишдан бўшатган:

- Мен ҳозир мартдан бу ëғига ойлик олмайманда. Бу домла директор бўлиб келгунча коллективда обрўли ўқитувчилардан биттаси эдим. Мен ҳозир қадримга йиғлайман. Мана бизда Тошкенбоев Баҳодир, Зафар, мана шу ўқитувчилар ҳаммаси олимпиадаларга бола олиб чиққанлар. Ким қанча юқориласа, кимда қанча билим бўлса, ўшани шунча эзиб пастга ураяптида. Бизга гапирадиган гапи “Қаерга борсанг бор. Менинг вазирликда танишим бор” дейди,- дея шикоят қилади Шоҳида Ҳожиқулова.

Тарих ўқитувчисига кўра, аслида директор ҳаракатлари замирида унинг моддий манфаатлари ётади:

- Бизга ведомост ташлайди олдимизга. Масалан менинг ўзимга 30 мингдан иккита ведомост қўйди. Аввало “Домла, қўя олмайман” дедим. Унақа-бунақа дегандан кейин “Ҳа, иш бор жойда бўлади. Майли, 30 мингга қўл қўяй, лекин иккинчисига қўл қўймайман”, дедим. Кўчатга, металлоломга деди. Тўғриси шундайча бош тортдим мен. Кейин 2 июнда сплошной ўқитувчиларга 90 мингдан, техработникларга 60 мингдан, фаррошларга 20 мингдан солиқ солди. Ўша нарсадан ҳам бош тортдик. Ҳозир ким бош тортса, ўшанга кун бермаяпти умуман,- дейди Шоҳида Ҳожиқулова.

Тарих ўқитувчиси айтган директорнинг молиявий ҳийлалари кўп эканлигини 34 ёшли физика ўқитувчиси Икром Абдураззоқов ҳам тасдиқлайди:

- 1 миллион ўтган обуна ҳар хил газеталардан. Лекин обуна квитанцияси йўқ. Ҳеч нарса келмаган қўлимизга. 8 миллион ўртада йўқ бўлиб кетаяпти ҳозир. Кейин ҳар ойда директор жамғармаси бор. Нақд пуллар келаяпти, лекин ҳеч ким билмайди ҳар ойда нақд пул келаëтганини. Пластик ҳам тушаяпти, нақд пул ҳам бор, лекин ҳеч ким билмайди. Ўзлари қўл қўйдириб олаяпти ким кимга қўл қўйдирса ҳам. Қайси ойликни олишимизни билмаймиз. Масалан пластикка тушадиган бўлса, кимга қанча берилган умуман рўйхатни илиб қўймайди. Ҳамма нарса яширинча бўлиб кетаяпти,- дейди Икром Абдураззоқов.

Етти йилдан буён коллежда математикадан дарс бераётган Моҳира Йўлдошева янги директор жамоада “монархия” жорий қилмоқчи, дейди:

- “Сизларга умуман дарс бермайман. Ҳамма эскиларни 100 фоиз бўшатиб, янги коллектив қиламан ўзимга” деди. Бу монархияда, умуман олганда. Фақат яккаҳокимлик. Ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмайди. “Дарсга сабабсиз келмагансан” деб туҳмат қилиб ëтибдида. Сабаб қидириш керакку. Бизнинг бошқа жиноятимиз йўқ. “24 кун дарсга келмагансан” деяпти. Лекин мен тўй бўлганда завучдан сўраганман. Икки ҳафта бюллетенда бўлганман. Бюллетен қоғозим бор,- дейди Моҳира Йўлдошева.

Иқтисод фани ўқитувчиси Амирҳамза Қорабековнинг айтишича, коллеж директори учун мутахассис кадрнинг аҳамияти йўқ, чунки у олий маълумотли мутахассисларни мактабдан четлатиб, фақат ўзини йўриғига юрадиган ўрта махсус маълумотли одамларни ишга олмоқда:

- Қолаверса ўрта махсуслар ишламаслиги керак, бизга ўхшаган олий маълумотли мутахассислар ишлаши керак. Бу айни олий маълумотли муатахассисларни ҳозир “сен мутахассис эмассан” деб қуваяптида умуман бу соҳага яқин бўлмаган ўрта махсусларни ишга олаяпти. Мен икки йилдан бери ишлайман мисол учун. Мендан олдин ишлаган олий маълумотли ўқитувчиларни, малакали ўқитувчиларни менсимасдан ишдан ҳайдаяпти. Хўп мен корпоратив институтни битирган бўлсам, иқтисоддан дарс берсам, қанақа номутахассис бўламан? Йўқ, бошқа соҳада ишлашингиз керак деган гапни қилаяпти,- дейди Амирҳамза Қорабеков.

Озодлик билан суҳбатда коллеж ўқитувчилари Робия Бозорбоева, Жамшид Останақулов, Жўрабек Йўлдошев, Маматқул Абдиев ва бошқалар ҳам коллеж директори уларни ғайриқонуний тарзда ишдан бўшатганлигидан шикоят қилдилар.

Озодлик коллеж директори Хўжам Бекамов билан боғланди. Директор ҳақиқатан ҳам йил давомида 20 ортиқ ўқитувчини ишдан бўшатганлиги ҳақидаги буйруққа имзо чеккани тан олар экан, бу қоунуний тарзда амалга оширилаётганини таъкидлади:

- Уларнинг ҳаммасининг эътирозлари бу нотўғри. Бизда керакли ҳужжатлар бор. Мана меҳнат кодексидаги қонунларимизга асосан биз интизомий чораларни берганмиз, огоҳлантириш хатларини берганмиз, уларнинг иш фаолиятини тўлиқ таҳлил қилганмиз. Бу ерда биз ҳаммасини кўр-кўрона бўшатавермаймиз. Ойлаб келмаганлари бор, бир неча ҳафталаб келмаганлари бор, бир неча кунлаб келмаганлари бор, дарсларни ўтмаган кунлари бор. Бола бир соат дарсдан қолиб кетса яхши бўлмайдику. Биз инсоннинг тақдири билан шуғулланамиз. Биз ëшларни тарбия қилишимиз керак. Тарбия қилиш учун олдин ўзимиз тарбияланган бўлишимиз керак. Олдин ўзимизнинг маълумотимиз етарли бўлиши керак. Энди кичкина гуруҳбозлар йил давомида шундай қилиб юрган. Олдинги даврларда ҳам булар қониқарсиз ишлаган, -дейди директор.

Хўжам Бекамовга кўра, у ҳеч кимдан коллеж харажатлари учун пул талаб қилмаган ва ўқитувчилар маошларидан пул ушлаб қолмаган. Директор, агар унинг қароридан норозилар бўлса судга мурожаат қилишлари мумкинлигини ҳам қистириб ўтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG