Линклар

Путчдан 20 йил ўтиб. Хотиралар.


ГКЧП аъзолари Борис Пуго, Геннадий Янаев ва Олег Бакланов.

ГКЧП аъзолари Борис Пуго, Геннадий Янаев ва Олег Бакланов.

Бундан йигирма йил аввал Совет Иттифоқини сақлаб қолиш учун сўнгги ҳаракат ўлароқ, давлат тўнтаришига уриниш содир этилди. Ўзларини Давлат Фавқулодда Вазият Қўмитаси (ГКЧП) деб эълон қилган бир гуруҳ ашаддий коммунистлар Михаил Горбачёвни СССР президенти лавозимида четлаштириб бутун иттифоқ ҳудудида фавқулодда вазият эълон қилишга уриниб кўрди. Путч деб аталган фитна уч кун деганда барбод бўлди. Лекин Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг аксари путчни тўғридан тўғри қўллаб-қувватламаган бўлса-да, унга очиқчасига қарши чиқмади. Хусусан, ҳали Ўзбекистон ССР президенти Ислом Каримовнинг ГКЧП раиси Геннадий Янаев номига телеграмма йўллаб, уни қутлаганини кўпчилик эслайди.


Совет Иттифоқи етакчиси Михаил Горбачёвнинг соғлиғи ёмонлашгани туфайли мамлкатни бошқара олмаслиги важидан Давлат Фавқулодда Вазият Қўмитаси (ГКЧП) раиси Геннадий Янаев СССР президенти лавозимини вақтинча бажаришга киришгани ҳақида 19 августга ўтар кечаси эълон қилинди. ГКЧП бутун иттифоқ ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилганидан улар аслида давлат тўнтаришини амалга ошираётгани маълум эди.

Лекин Марказий Осиёдаги совет республикалари раҳбариятларининг аксари путч йўлбошчиларини очиқ қўллаб-қувватламаган бўлса-да, уларга қарши чиқмади ҳам.

Бигина Асқар Ақаев путчга очиқчасига қарши чиқди.
Улар орасида биргина Қирғизистон ССР раҳбари Асқар Ақаевгина бошданоқ путч давлат тўнтариши экани ва уни қоралашини очиқчасига эълон қилди. Озодлик билан суҳбатда Ақев ўша кунларни эслайди.

- Мен ўша куниёқ, 19 август куни Қирғизистон халқига мурожаат қилиб, путч аслида давлат тўнтариши, авторитар совет режимини сақлаб қолишга уриниш эканини тушунтирдим. Телевидениеда қилган бу баёнотимдан кейин халқдан телеграммалар кела бошлади, улар бизни қўллб-қувватлар эди. Менимча, Қирғизистон бундан ғурурланса арзийди, чунки Марказий Осиёнинг бошқа давлаталри ёки совет республикаларининг бирортаси путчга қарши чиқмади. Улар нима бўлишини кутиб, қараб ўтиришар эди,- дейди Ақаев.

Ҳақиқатан, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарияти дўппи тор келиб қолса, ГКЧП қарорларини ўз ҳудудларида жорий қилишга шай бўлиб турганига кўплаб далиллар бор.

Гобрачёв: Назарбоев СССР сақланиб қолишини жуда истаган.
Совет Иттифоқи собиқ президенти Михаил Горбачёв август путчининг 20 йиллиги муносабати билан Озодликка берган суҳбатида Марказий Осиё раҳбарлари СССРни сақлаб қолиш тарафдори бўлган эди, дея эслайди.

- Мен янги иттифоқчилик шартномасига асосланган давлат тарафдори бўлган эдим. Улар эса, Совет Иттифоқини сақлаб қолиш истагида бўлган. Масалан, Нурсултон Назарбоев СССР сақланиб қолинишининг ашаддий тарафдори бўлгани учун Беловежск келишувини имзолгани бормади,- дея эслайди Горбачёв.

Шушкевич: Каримов мустақилликдан кўра, Ўзбекистонга хўжайин бўлиш тарафдори эди.
СССРнинг де-факто йўқ бўлишини белгилаб берган Беловежск келишувига қўл қўйганлардан бири Беларус ССР собиқ президенти Станислав Шушкевич ҳам, Марказий Осиё респубкликалари раҳбарларининг путч пайтида ва ундан кейинги ойлардаги ҳатти-ҳаракатларини яхши эслайди. Унинг айтишича, хусусан, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов путч билан Беловежск келишувигача бўлган даврда мустақиллик эълон қилган бўлса-да, СССРдан мутлақо воз кечиш бўйича қатъий қадамларни амалга оширмаган.

- Ислом Каримовнинг диктатор эканини тушунаман, лекин масалан, бизнинг диктатордан (Александр Лукашенкадан-таҳр.) анча ақллироқ диктатордир. Албатта, мен у билан август путчидан Беловежск келишувига қадар кўп мулоқотда бўлмаганман. У мустақиллик тарафдори бўлган, яъни у Ўзбекистонда хўжайин бўлиш тарафдори бўлган. Лекин СССРнинг йўқ бўлиши учун Каримов қандайдир кескин ҳатти-ҳаракатлар қилганини эслай олмайман ҳам, дейди Беларус собиқ президенти Шушкевич.

Август путчи Ўзбекистон ССР президенти Ислом Каримов Ҳиндистонга сафар қилаётган пайтда рўй берди.

Шу кунларда президент Каримов мустақилликнинг 20 йиллигига бағишлаб чоп эттирган “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” номли китоби ва сюжети китобга асосланган “Мустақиллик арафасида ёки шўронинг сўнгги талвасаси” фильмида ҳам бу воқеа эсланади.

Китоб ва фильмда айтилишича, Каримов ГКЧПчилардан Ўзбекистонни ҳимоя қилиш мақсадида зудлик билан Ҳиндистондан қайтади ва вазиятни ўз назоратига олади.

“Тошкент аэропортида юртбошимизни расмий кишилардан ташқари Туркистон ҳарбий округи бош қўмондони ҳамда марказдан келган уч нафар генерал кутиб олди. Бу мавжуд қонун-қоидаларга мутлақо зид эди. Ислом Каримов ўша куни кечқурун ҳукумат аъзолари билан учрашиб Ўзбекистон ҳудудида ГКЧПнинг қонунга зид қарорларини бекор қилиш ҳақида кўрсатма берди. Шу тариқа ГКЧП гумашталари Ўзбекистон ҳукумати номидан қабул қилган барча ҳужжатларни бекор қилди. Ўзбекистон ҳудудида ГКЧП фаолияти батамом тўхтатилди.”

Ж. Маматов: ГКЧПни қўллаб-қувватлагани учун Каримовни жавобгарликка тортиш масаласи кўтарилган.
ГКЧП эълон қилган фақулодда вазият ҳақидаги қарорга кескин қаршилик кўрсатган ўзбек сиёсатчиларидан бири Эрк етакчиси ва ўша пайтда Ўзбекистон ССР Олий Совети депутатати Муҳаммад Солиҳ ҳам путч кунларни яхши эслайди. Унинг айтишича, бу иддаолар юмшоқ қилиб айтганда, ҳақиқатга мос эмас.

- Бу ғирт ëлғон. Том тескариси бўлган. Каримов самолëт бортида туриб Янаевга табрик телеграммаси жўнатган. Ўша пайтда буни бутун дунë билган ва эшитган. Қандай қилиб бу яқиндагина бўлиб ўтган воқеаларни сохталаштиради? Бу ақлга сиғмайдиган гап. Ўзбек халқи билиши керак. Ўзбек халқи шуни билиши керакки, 21 йилдан бери Ўзбекистон ҳукумати тепасида турган одам Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг мустақиллигига қарши бўлган биринчи одам ва бунинг учун сўнгигача курашган одам. Аммо Совет Иттифоқи йиқилганидан кейин мажбур бўлиб мустақиллик тарафдорлари томонига ўтди. У иккиюзламачи, мунофиқ бир инсон.

ГКЧП раиси Геннадий Янаев номига битилган ва кейинчалик бир нечта газетада чоп этилган телеграмма ҳақида, Олий Советнинг яна бир депутати Жаҳонгир Маматов ҳам ўша куниёқ президент ёрдамичисдан эшитган.

- Мен ўша пйтда президентнинг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Шаҳобиддин Зиëмов билан бевосита гаплашганман. Шунинг ўзи келгандан кейин айтдики, “Биз самолëт бортидан табрикнома йўлладик” деди.

Жаҳонгир Маматов бу телеграмма Каримов учун қимматга тушишига ва унинг ўзини “ГКЧП гумаштаси” сифатида жавобгарликка тортишларига бир баҳра қолган, дея давом этади.

- СССР халқ депутатлари мажлисида кўтарилди бу масала. Каримовни қўшиш керак бунга, деб улар қарор қилди ўша ерда ва бу иш ўрганишга бошланди. Мана шундан кейин Тошкентда миш-мишлар бошланиб кетди. “Каримовни бугун олиб кетади, эртага олиб кетади, индинга олиб кетади” деган гаплар бўлиб кетди. Шу пайтда бирданига 31 август куни Каримов минбарга чиқиб мустақилликни эълон қилганда битта одам қарсак чалган эмас. Битта депутат қарсак чалмади ўшанда, дейди Жаҳонгир Маматов.

Каримов, Назарбоев, Ақаев ва Ниёзов путч ва Беловежск келишувидан кейин ҳам ҳокимиятда қолди. Орадан 20 йил ўтиб эса, улардан фақат Каримов ва Назарбоев ўз лавозимларини бермай келаётир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG