Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:28

Тожик адвокатлари судга берилди


Тожикистонлик адвокатлар Шуҳрат Қудратов ва Абдураҳмон Шарифов.
Тожикистонлик адвокатлар Шуҳрат Қудратов ва Абдураҳмон Шарифов.

Тожикистонда уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси масъули икки нафар тожикистонлик адвокатни судга берди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи Валихон Муллоев адвокатлар Шуҳрат Қудратов ва Абдураҳмон Шарифовни судга берди.

Гап шундаки, 17 август куни Душанбе шаҳар Фирдавсий туман судида Тожикистон Ички ишлар вазири ўринбосари Анвар Тоғаймуродовнинг “Азия плюс” рўзномасига нисбатан шикоят аризаси юзасидан маҳкама бошланган эди.

“Азия плюс” рўзномаси адвокатлари Шуҳрат Қудратов ва Абдураҳмон Шарифов маҳкама бошланишига бир неча дақиқа қолганида Анвар Тоғаймуродовнинг ишончлик вакили, уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи Валихон Муллоев уларни “ўлдириш билан таҳдид қилгани” ни маълум қилди.

- Валихон Муллоев бизга ”Ҳуқуқ идоралари душмани бўлган сенларнинг пешонангдан отаман, ҳар қандай йўл билан сенларни жисмонан йўқ қиламан”, дея таҳдид қилди. Бу гапни суд залида ўтирган ҳамма гувоҳлар эшитди, - деди 18 август куни бу ҳақида баёнот тарқатган Шуҳрат Қудратов.

Адвокат Қудратов ўзларига таҳдид қилган ҳукумат мулозимини судга берганини қўшимча қилди.

19 август куни эса адвокатлар баёнотига раддия берган Ички ишлар вазирлиги масъули Валихон Муллоев, бу ўзига нисбатан тухмат ва вазирлик обрўсини тўкишга уриниш эканини таъкидлади.

- Бу кўп қуруқ тухмат. Менинг Қудратов ва унинг шеригига ҳеч қандай хусуматим йўқ. Қолаверса, суд бошланишидан олдин мен Қудратов билан умуман юзма - юз келганим ҳам йўқ. Лекин нега бундай найранглар қўллаётгани менга қоронғу, - деди Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Муллоев.

Шунингдек, тожик зобити Муллоев маҳкама жараёнлари ва бошқа шунга ўхшаш йиғинларга қуролсиз боришини қўшимча қилди. Муллоевнинг гапига ишонадиган бўлсак, вазирлик ходимларига махсус амалиётлар чоғидагина қуролдан фойдаланишга рухсат берилади.

Муллоев жанобларидаги маълумотларга кўра, Шуҳрат Қудратов ва Абдураҳмон Шарифов Ички ишлар вазирлигининг собиқ ходимларидир.

- Улар қандайдир сабаблар билан ишдан ҳайдалган эди. Бугун бу иккиси вазирлик ва раҳбариятга хусумат ортидан шундай тухматлар қилаётган бўлиши мумкин. Бошқа томондан адвокатлар шу йўл билан журналистлар олдида ўз обрўсини кўтаришга уринаётган бўлиши ҳам мумкин, - дея тахмин қилади тожик зобити Муллоев.

Аснода Тожикистон Ички ишлар вазирлиги штаб бошлиғи Тоҳир Норматов эса “уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғининг таҳдид қилганига оид маълумотлар ўрганилаётгани” ни билдирди.

Тожик мулозимига кўра, келгуси беш кун давомида воқеа гувоҳларининг ҳаммаси сўроқ қилинади.

“Бордию бу маълумотлар ўз тасдиғини топса, ходимимизга тегишли чоралар кўрилади”, дея маълум қилди генерал Норматов.

Айни пайтда Тожикистон Ички ишлар вазири муовини Анвар Тоғаймуродов билан “Азия плюс” рўзномаси ўртасида маҳкама давом этмоқда.

Вазир муовини ўзини ҳақоратлаган ва обрўсини пастга урган мазкур рўзнома мухбири Рамзия Мирзобеков жавобгарликка тортилиб, ундан
1 000 000 сомоний ёки тахминан 206 000 АҚШ доллари миқдорида товон ундирилишини талаб қилган.
XS
SM
MD
LG