Линклар

Ҳар йил кузатиладиган бу ҳолат байрам олдидан ўзбекистонликларнинг арзон транспорт воситасидан фойдаланиш имкониятини чегаралаб қўяди.

Самарқандлик ҳуқуқ фаоли Комилжон Ашуровга кўра, Самарқанд-Тошкент йўналишида қатновчи автобуслар бир неча кундан буён йўлга чиқмаяпти.

- Самарқанд-Тошкент йўналишида қатнаётган давлат автобуслари эмас, хусусий автобусларни қўймаяпти деган гап бор. Билмасам, хавфсизлик масаласи сабабли қўймаётган бўлиши мумкин. Ёки мустақилликнинг 20 йиллиги бўлиши мумкин. Бухоро ва Қорақалпоғистондан қатнаётган хусусий автобусларни қўймаётгани ҳақида ҳам гаплар бор, - деди самарқандлик Комилжон Ашуров.

Ўзбекистон янгиликларини ёритувчи “Olam.uz” сайтига кўра, 18 август куни, “Тошкент” автовокзалидан Самарқандга қатновчи барча автобуслар рейсдан олинган. Бу ҳаракатини автовокзал ходимлари техник сабаблар билан изоҳлаб, Самарқанддан Тошкентга автобусларнинг қайтишига илож йўқлигини айтишган.

Айни пайтда Самарқанд-Тошкент йўналишида қатновчи автобусларнинг тўхтаганини ўзбекистонликлар форумларда айнан Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги билан боғламоқда.

Яна бирлари эса Самарқанд йўналишида Испаниядан олиб келинган иккита “Талго” русумидаги поездлар қўйилаётгани билан боғламоқда. Аммо бу тахминни Комилжон Ашуров инкор этади:

- Самарқанд-Тошкент поезди ҳали унча оммалашмаган. Шунинг учун ҳусусий автобуслар билан тадбиркорлар Тошкентга бориб молларни олиб келиб ишлайдилар. Автобуслар одам кўп ташимайди, асосан мол ташийди, - дея изоҳлади Комилжон ака.

20 август куни Озодлик “Тошкент” автовокзали билан боғланганида ўзини таништирмаган автовокзал ходими Самарқандга давлат автобуслари қатнаётганини билдирди:

- Ҳа, юраяпти, -деди “Тошкент” автовокзали ходими. Унга кўра, Тошкентдан Самарқандгача йўлкира ҳақи 11 минг сўм.

Маълум бўлишича, Тошкентга Ўзбекистоннинг вилоятларидан қатнаётган автобусларда узилишлар бўлган.

“Бухоро” автовокзалининг навбатчи ходимига кўра, мустақиллик олдидан Тошкентга автобуслар қатнови тўхтатилади:

- Юрмаётган эди, кеча йўлни очди. Обедгача юради, обеддан кейин республикада умуман юрмайди. Бир ҳафта юради, кейин яна йўлни бир ҳафтага ёпиб қўяди. Ҳозир борсангиз, келаверасиз. 27 числогача йўллар ёпилмайди. Келиш бўлади, бориш бўлмайди. Байрам учун бир ҳафтага ёпилади, - деди “Бухоро” автовокзалининг навбатчи ходими.

Суҳбатдошга кўра, Бухоро автобуслари ҳар йил мустақиллик байрами олдидан Тошкентга қатнаши бир неча кунга тўхтатилади.

Автобуслар Ўзбекистон вилоятларидан пойтахтга келишнинг энг арзон усули бўлиб қолмоқда.

Озодлик аввалроқ мустақиллик тантаналари арафасида Тошкентга Фарғона водийсидан келаётган автомобиллар кириши қийинлашгани ҳақида ҳам хабар берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG