Линклар

logo-print

Ли Мëн Бак Ўзбекистонга давлат ташрифини бошлайди


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов (ч) Жанубий Корея президенти Ли Мён Бак (ў) билан сўзлашмоқда, Сеул, 2010 йилнинг 11 феврали

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов (ч) Жанубий Корея президенти Ли Мён Бак (ў) билан сўзлашмоқда, Сеул, 2010 йилнинг 11 феврали

Жанубий Корея президенти Ўзбекистон президенти таклифига кўра 23-24 август кунлари Тошкентга келади.

Жанубий Корея ахборот агентликларининг хабарига кўра, ташриф чоғида икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Корея ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳамда томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар билан боғлиқ масалаларни муҳокама этишлари режаланган. Ташриф чоғида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга оид ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда

Жанубий Корея президентининг ташриф кун тартибида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Корея қўмитаси йиғилишида қатнашиш, йиғилиш сўнгида эса тиббиёт ва енгил саноат соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга оид ҳужжат имзолаш кабилар бор.

Жанубий Корея Ўзбекистон иқтисодига катта сармоя ëтқизган давлатлардан бири ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Жанубий Корея Ўзбекистон иқтисодиётига 5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ ётқизган. Шу кунга қадар бу маблағнинг 2 миллард доллари ўзлаштирилган.

Расмий маълумотларга кўра¸ 2010 йилда Ўзбекистон-Корея ўртасидаги савдо айланмаси 31¸4 фоизга кўпайиб, 1¸6 миллиард долларга етган.

Узинформ ахборот портали хабарига кўра, 2011 йилнинг январ-июн ойларида икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 36,6 фоизга кўпайган ва 780 миллион АҚШ долларини ташкил қилган.

Бунинг 81 миллион долларини экспорт, 699 миллион долларини импорт ташкил қилган.

Ўзбекистонда Жанубий Корея капитали ҳисобига 350 дан ортиқ ширкат ташкил этилган.

Навоийда барпо этилган эркин иқтисодий ҳудуддаги ширкатларнинг аксари ҳам Жанубий Корея сармояси асосида ишламоқда.

Айни пайтда Жанубий Кореяда ишлаëтган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони йил сайин кўпаймоқда.

Жанубий Корея президенти Ли Мён Бак охирги марта Ўзбекистонга 2009 йил май ойида ташриф буюрганди.

2010 йил февралида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Жанубий Кореяга давлат ташрифи билан борган. Ўшанда президент Каримов ҳамкасби Ли Мён Бакни Ўзбекистонга таклиф қилган.

Жанубий Корея президенти Ўзбекистонга 23–24 август кунги ташрифидан кейин Қозоғистон ва Мўғилистонга сафар қилишни режалаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG