Линклар

Тожикистонлик ўзбеклар совет даври матбуотини соғинди

  • Гулнора Равшан

Тожикистонликларнинг эътироф этишларича, ҳозирда улар қўлига Ўзбекистонда чиққан кўнгилочар нашрларгина етиб бормоқда.

Тожикистонликларнинг эътироф этишларича, ҳозирда улар қўлига Ўзбекистонда чиққан кўнгилочар нашрларгина етиб бормоқда.

Собиқ иттифоқ даврида тожикистонлик ўзбеклар асосан Ўзбекистонда нашр қилинган газета-журналларни мутолаа қиларди.

Тожикистонликлар орасида кўпроқ “Саодат”, “Шарқ юлдузи” ва “Фан ва турмуш” журналлари машҳур эди. Ўзбек синфлари “Ғунча” журнали ва “Ёш ленинчи” газеталарига оммавий обуна қилинарди.

- Шеърлар, қизиқ-қизиқ ҳикоялар босиларди шу “Ғунча” журналида, қизиқиб ўқирдик. Ота-оналаримиз эса “Шарқ юлдузи” журналига обуна бўларди. Биз ҳам бу журнални кўп ўқирдик. Мен “Шарқ юлдузи” журналидаги яхши мақолаларни кундалигимга кўчириб олардим. Мана ҳозиргача шуларни сақлаб юрибман, - дейди 40 ёшли суҳбатдошимиз Жаҳонгул бахтли болалик йиллари тутилган кундалигини соғинч билан варақлар экан.

Жаҳонгул ая бугунги кунда фарзандлари ўз она тилида бадиий асарлар, газета ва журналлар ўқишдан мосуво бўлганидан куйинади.

- Ҳозир бирор хил газета ҳам, журнал ҳам келмайди у томондан бизга, - дейди Жаҳонгул ая.

Суҳбатдошимиз шу кунларда Тожикистонда нашр қилинаётган бармоқ билан санарли ўзбекча газеталар сифати ёмонлиги, унда берилаётган мақолалар мазмунан саёз бўлгани учун уларни олишга қизиқмаслигини айтади.

- Мустақилликка эришганимиз жуда катта бойлик Ўзбекистон учун ҳам, Тожикистон учун ҳам. Лекин биз ўз она тилимизни ўрганиш, ўз она тилимизни билиш имкониятларини бутунлай қўлдан бериб қўйдик, - дейди кекса журналист Нўъмонжон Фахриддинов.

Унинг фикрича, минтақа мамлакатларида яшовчи ўзбеклар учун маданият, маънавият ўчоғи саналган Ўзбекистон лотин алифбосига ўтишга шошмаслиги керак эди.

Фахриддиновга кўра, минтақа мамлакатлари, жумладан, Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасида матбуот ҳамкорлигининг боши берк кўчага кириб қолишидаги асосий сабаби Ўзбекистонда лотин алифбоси жорий қилинганидадир.

Айни пайтда Ўзбекистонда кирил ёзувида чопдан этилаётган айрим мустақил рўзномалар турли йўллар билан Тожикистонга кириб келмоқда.

“Бекажон”, “Чақимчи”, “Даракчи” каби кўнгилочар газеталар шулар жумласидандир.

Шўро замонида “Саодат” журналининг ашаддий мухлиси бўлган Муқаддамхон ая мустақиллик даврида ана шу рўзномаларни ола бошлаганди, бироқ яқиндан буён бу газеталарни ҳам ололмай қолган.

- Ҳозир энди битта газета беш сомоний (тахминан 1,3 доллар - таҳр.) бўлган, қандай олиб ўқийлик? Анчадан буён олмай қўйдим. Ҳозир олиб ўқишга имкониятим йўқ, - дейди нафақахўр Муқаддамхон ая.

Тожикистон Алоқа вазирлигининг исми ошкор этилишини истамаган ходимига кўра, тожик жамиятида ўз аудиториясига эга бўлган “Бекажон”, “Чақимчи”, “Даракчи” газеталари Тожикистонга ноқонуний йўллар билан олиб кирилади.

Вазирлик ходимининг айтишича, тожикистонликлар Ўзбекистонда нашр қилинаётган газета ва журналларга обуна бўла олмайди. Чунки, суҳбатдошимизга кўра, икки давлат вазирликлари ўртасида сўнгги ўн беш йил ичида бу борада ҳамкорлик шартномаси имзоланмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG