Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:15

Триполида қуролли тўқнашувлар рўй берди


Қаддафийнинг ўғли Сайфул Ислом отаси ва унинг тарафдорлари таслим бўлмоқчи эмаслигини таъкидлади.
Қаддафийнинг ўғли Сайфул Ислом отаси ва унинг тарафдорлари таслим бўлмоқчи эмаслигини таъкидлади.

Ливия пойтахтида 21 августга ўтар кечаси отишма ва портлаш овозлари эшитилди.

Рейтерс ахборот агентлигининг маҳаллий аҳоли вакиллари сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, Ливия раҳбари Муаммар Қаддафийнинг рақиблари пайдо бўлган шаҳар мавзеларида отишмалар рўй берган.

Қаддафийнинг ўғли Сайфул Ислом ҳукумат 20 август куни эълон қилинган баёнотдан асло ортга чекинмаслигини таъкидлади.

- Таслим бўлиш ёки оқ байроқ кўратиш тўғрисида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас. Чунки бу аллақачон рад қилинган. Бу Муаммар Қаддафий ёки Сайфул Ислом қабул қилган қарор эмас. Бу Ливия халқи қабул қилган қарордир, - деди Сайфул Ислом.

Қаддафий ҳукумати матбуот котиби Мусса Иброҳим исёнчиларнинг кичик қуролланган гуруҳлари шаҳарга киришга муваффақ бўлгани, бироқ уларнинг ҳужуми бартараф қилинганини билдирди.

Телевидение орқали сўзлаган Иброҳим қўлга олинганлар орасида Жазоир, Тунис ва Миср фуқаролари борлигини қўшимча қилди.

Кейинроқ Қаддафий телевидение орқали қилган видеомурожаатида ливияликларни “каламушлар” йўқ қилингани билан табриклади.

Айни пайтда исёнчилар раҳбарларидан бири, Миллий кенгаш раиси ўринбосари Абдул Ҳафиз Ғода Рейтер ахборот агентлигига Қаддафий режимининг ҳокимиятдан ағдарилишига саноқли соатлар қолганини айтди.

Ундан олдин Кенгаш раиси Мустафо Абдул Жалил ҳам Қаддафий режими тугашига “жуда оз вақт қолгани”ни башорат қилган эди.

Ал-Жазира телеканали Триполида жанглар бошлангани тўғрисидаги хабар Бенғози ва бошқа шаҳарларда омма томонидан катта хурсандчилик билан қарши олинганини тасвирловчи лавҳани намойиш қилди.

Триполида тўқнашувлар бошланишидан олдин исёнчилар Брега порт шаҳрини ўз назоратига олганини иддао қилган эди.

Брега пойтахт Триполидан 750 километр шарқда жойлашган ва исёнчилар эгаллаб олган энг сўнгги шаҳар ҳисобланади.

Хабарларга кўра, сўнгги кунларда партизан кучлари Злитан ва Завия шаҳарларини ҳам қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Ливиялик исёнчилар мамлакатни 42 йилдан бери бошқариб келаётган полковник Муаммар Қаддафий режимини ҳокимиятдан ағдариш учун жорий йил феврал ойидан буён ҳукумат кучларига қарши қуролли кураш олиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG