Линклар

Ўзбек расмийлари ахборот ва коммуникация соҳасида эксперт комиссиясини тузишга қарор қилди.

Ўзбекистон ҳукуматининг 5 август куни қабул қилган “Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, эксперт комиссияси таркибига 13 нафар мансабдор киритилган.

Эксперт комиссиянинг асосий вазифалари ўлароқ унинг низомида қуйидагилар кўрсатилган:

- Миллий ахборот макони ва оммавий коммуникация воситалари фаолияти, шу жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, йўлдош тизимлар, Интернетнинг глобал тармоғи, ахборотни узатиш ва тарқатишнинг бошқа электрон воситалари, шунингдек, босма маҳсулотлар мониторинги натижаларини кўриб чиқиш.

- Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Оммавий
коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази томонидан тақдим этиладиган
мониторинг материалларини оммавий коммуникация воситаларида тарқатиладиган ахборот материалларининг ахборот соҳасида шахс, жамият ва давлатнинг манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга, фуқароларнинг ижтимоий онгига бузғунчи салбий ахборот-руҳий таъсирнинг олдини олишга, миллий-маданий анъаналар ва меросни сақлаб қолиш ва уларнинг узвийлигини таъминлашга йўналтирилган республика қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш;

- оммавий коммуникациялар соҳасида хизматлар кўрсатувчи субъектлар фаолиятида қонунчилик талабларининг аниқланган бузилишлари бўйича хулосаларни тайёрлаш ва тегишли давлат органларига тақдим этиш;

- миллий оммавий коммуникация воситаларининг самарали фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилувчи муаммоларни аниқлаш.

Ундан ташқари, ушбу комиссия миллий ахборот маконида аниқланган конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини бузишга, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни авж олдиришга, давлат тузумига қарши қаратилган бошқа тажовузларни содир этишга оммавий даъват қилган материалларни, шунингдек, уруш, зўравонлик, порнография ва шафқатсизликни, терроризм ва диний экстремизм ғояларини тарғиб қилишга йўналтирилган ахборотларни таҳлил қилади ва улар бўйича хулосалар тайёрлайди.

Айни пайтда Озодлик билан суҳбатлашган соҳа мутахассислари ва таҳлилчилар бу қарор юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирдилар.

Даниил Кислов, “Фарғона.ру” сайтининг бош муҳаррири:

- Бош вазир имзолаган қарор моҳиятан амалдорларнинг фуқаролар онгига қайси мақолалар “деструктив” ва “салбий” таъсир кўрсатишини аниқлаш ҳуқуқини қонунийлаштириб берди. Умида Аҳмедова, Абдумалик Бобоев ва Владимир Березовский ишлари бўйича барчага маълум жараёнлар чоғида суд қарор чиқаришда таянган қандайдир комиссиялар бор эди. Бироқ бу комиссияларнинг фаолияти ўша пайтда четдан танқид қилинганди. Эндиликда эса бу каби экспертлар фаолияти қонунийлашади: экспертлик кенгашини юқори лавозимли амалдорлар гуруҳи танлаб олади. Яна такрорлайман: давлат оммавий ахборот воситалари устидан назоратни кучайтириш бўйича қонунчилик базасини барпо қилмоқда. Ишончим комилки, бу комиссиянинг барча хулосалари жамият фойдасини кўзлаб эмас, балки давлат тепасидаги бир гуруҳ шахслар манфаатини кўзлаган ҳолда чиқарилади.

Абдураҳмон Ташанов, мустақил журналист, Ўзбекистон “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли:

- Бунинг мустақил журналистларга таъсири бўлиши мумкин. Интернет материалларни таҳлил қилиб, интернет сайтларни бўғиш ёки журналистларга нисбатан экспертиза хулосаси бериб, уларни жавобгарликка тортишгача бориши мумкин. Бундан олдин ҳам матбуотни бўғиб туришга қаратилган бир қанча қарорлар чиқарилган ва жамоатчилик комиссиялари ташкил этилган. Масалан, 2000 йилларда бош муҳаррирлар кенгаши тузилган эди. Бош муҳаррирлар газета, телевидениеда чиқаётган мақолаларни кўриб, таҳлил қилиб, қонунга, сиёсатга мос келишини кўриб беришар эди.

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос ва социолог олим:

- Қўйилган вазифа асосан интернет. Агар сиз Google тармоғини очиб, у ерга “Ўзбекистон” сўзини ўзбек тилида ёзсангиз, сизга бир нечта ишорат таклиф қилади. Биринчи ва энг кўп таклиф қилаётган варианти “Ўзбекистон халқ ҳаракати” деган таклиф бўлади. Ўзбекистон ҳукумати эҳтимолий ўзгаришлардан қаттиқ қўрқаяпти. Ўзбекистон жамиятига бўлиши мумкин бўлган таҳдидлар ҳам бор. Бу ерда улар шунчаки номига санаб ўтилган. Лекин асосий ядро - Ўзбекистон хукуматини безовта қилаётганлар, яъни инқилоблар, халқнинг жунбушга келиши, “араб баҳори” каби воқеалар бўлишидан қаттиқ хавотир олганлиги учунлиги кўринади. Бундан олдин ҳам 2000-йилларда ҳам, 1990-йилларда ҳам бунга ўхшаган комиссиялар тузилган. Лекин комиссияларда ҳар сафар хавотирлар қирралари бир-биридан фарқ қилган. Бу сафар айнан интернетни ҳукумат ҳавфсизлиги нуқтаи назаридан ревизия қилиш вазифаси қўйилаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG