Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:34

Триполи исëнчилар қўлида; Қаддафийдан дарак йўқ


Ливиялик исёнчилар пойтахт марказида ғалабани нишонламоқда - Яшил майдон Қаддафий мухолифлари байрамига чулғанди.

Ливиялик исёнчилар 22 август куни пойтахт Триполи марказига кириб борди ва Триполи марказида ғалабани нишонлашга киришди.

Халқаро телеканаллар¸ исëнчилар ва улар тарафдорларининг эҳтиросли баëнотларини намойиш қилмоқда.

- Бу биз неча йиллар кутган тарихий онлардир. Бу ғалаба уни кўра олмай шаҳид кетганлар учун энг яхши таскиндир¸ дейди Ройтарс мухбирига гапирган бенғозилик Муҳаммад Собир исмлик намойишчи.

Куннинг иккинчи ярмида Бенғозида матбуот анжумани ўтказган Ливия Ўтиш даври миллий кенгаши раиси Мустафо Абдул Жалил Қаддафий ҳокимияти ўтмишга айланганини баëн қилди:

- Оллоҳ иродаси билан Қаддафий интиҳоси ëшлар қўли билан амалга ошди. Ливия ëшлари ҳам араб давлатларидаги Араб баҳорига қўшилдилар. Эндиликда мен мутлақ ишонч билан Қаддафий даври поëнига етганини эълон қиламан¸ деди Ливия Ўтиш даври миллий кенгаши раиси Мустафо Абдул Жалил.

Олдинда турган йўлнинг атиргулларга тўла текис ва равон бўлмаслигидан огоҳлантирган Ливия мухолифати етакчиси¸ мамлакат аҳолисини оғир-вазмин бўлиш¸ бошқалар мулкига дахл қилмасликка чақирди ва Қаддафий режимининг адолат олдида жавоб беражагини ваъда этди.

Айтилишича¸ 22 август саҳарда исëнчилар пойтахтга қаршиликсиз кириб келган ¸шаҳар аҳли уларни илиқ кутиб олган. Шаҳар ва шахсан полковник Муаммар Қаддафийни қўриқлаб турган ҳарбийлар мухолифат томонига ўтган ва инқилобчилар сафларига қўшилган.


Қаддафий мухолифлари Триполини эгаллади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:34 0:00



Қаддафийнинг икки ўғли Сайфул Ислом ва Саъд Қаддафийлар исёнчилар тарафидан қўлга олинган.

Халқаро жиноят суди вакили Ливия раҳбари Муаммар Қаддафий ўғилларининг исёнчилар қўлида эканини тасдиқлади.

Айни пайтда Халқаро жиноят суди уларни ҳибс этишга ордер берган.

Сайфул Ислом Қаддафий отаси билан бирга Халқаро жиноят суди тарафидан инсониятга қарши жиноятларда айбланади.

Ҳозирча Муаммар Қаддафийнинг ўзи қаерда экани маълум эмас.

Исёнчилар, агар Қаддафий мамлакатни тарк этса, жангларни тўхтатишларини айтишган.

Ливия исëнчиларининг Ўтиш даври миллий кенгашининг Лондондаги дипломатик вакили Маҳмуд Накуа¸ Қаддафий мухолифлари уни ер тагидан бўлса ҳам қидириб топажагини билдирди:

- Менимча¸ Қаддафий ҳали ҳам мамлакат ичкарисида. Жангчиларимиз уни топиб қўлга олиш ва маҳкамага олиб келиш учун керак бўлса¸ ҳар бир тошни жойидан жилдиради¸ деди Накуа душанба куни.

Исëнчилар ҳукумати расмийси¸ Триполида Қаддафийни қўллаëтган саноқли гуруҳлар қолгани ва улар билан тўқнашувлар давом этаëтганини айта туриб¸ пойтахтнинг 95 фоизини қуролли мухолифат назорат қилаëтганини таъкидлади.

Исëнчилар вакили НАТО га Ливия халқи талабларини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирган бўлса¸ Қаддафий матбуот вакили Муса Иброҳим НАТОни исёнкорларни дастаклаганликда айблади.

- НАТО Триполи атрофларида ҳужумларни кучайтириб, исёнчи кучларнинг хотиржам шаҳарга бостириб кириши учун йўл очиб берди. Бу шаҳарда қурбонлар тасаввур қилиб бўлмас даражада, деди Муса Иброҳим.

Қаддафий матбуот вакилига кўра, сўнгги 24 соат ичида 1300 одам ҳалок бўлган.

Қаддафийни қўлга олиш учун сўнгги жанглар бораëтган айни кезларда¸ мамлакатда ҳокимият бўшлиғи пайдо бўлмаслиги учун Ўтиш даври миллий кенгаши зудлик билан Бенғозидан Триполига кўчиб ўтишни режаламоқда. Исëнчиларнинг Лондондаги вакилига кўра¸ келгуси кунлар ичи Ливия ўтиш даври ҳукумати тузилади ва бутун мамлакат бўйлаб ишга киришади.

Айни пайтда¸ халқаро ҳамжамият Ливияда Қаддафий режимининг қарийб қулаганини олқишламоқда.

- Ливия халқининг эркинлик истаги ўз тарихий нуқтасига яқинлашди. Янги Ливия кучларининг толмас уринишлари НАТО ҳарбийлари¸ ЕИ нинг айрим аъзолари ва минтақа давлатлари кўмагида Қаддафий режимига хотима ясамоқда¸ деди Европа Комиссияси матбуот котиби Оливъер Бэйли.
XS
SM
MD
LG