Линклар

logo-print

Ўзбекистонда 500 сўмлик танга чиқарилади


500 сўмлик қийматга эга бўлган юбилей тангалари

500 сўмлик қийматга эга бўлган юбилей тангалари

1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда қиймати 500 сўмга тенг бўлган юбилей тангалари муомалага киритилади.

Ўзбекистон Марказий банки сайтининг хабар қилишича, мазкур тангалар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма йиллигига бағишланиб чиқарилмоқда.

Никель қотишмаси билан қопланмиш пўлатдан тайёрланган, ранги оқ бўлган танганинг олд томонида Тошкент шаҳридаги “Халқаро Анжуманлар саройи” биноси тасвирланган бўлиб, тасвирнинг пастки қисмида танганинг қиймати - 500 рақами ва унинг тагида лотин босма ҳарфлари билан “so'm” сўзи ёзилган.

Банк матбуот хизматига кўра, танганинг ташқи қирраси бўйлаб босма лотин ҳарфлари билан “O"ZBEKISTON MUSTAQILLIGIGA 20 YIL” сўзлари айланасимон кўринишда ёзилган. Сўзнинг боши ва охирини бўртиб чиққан нуқта чегаралаган.

“Танганинг орқа тарафи марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат Герби тасвирланган. Гербнинг ташқи қирраси бўйлаб босма лотин ҳарфлари билан “O’ZBEKISTON MARKAZIY BANKI” сўзлари айланасимон кўринишда ёзилган. Герб тагининг марказий қисмида танганинг ишлаб чиқарилган йили бўртиб чиққан икки нуқта билан чегараланган “2011” рақами кўрсатилган. Тангаларнинг орқа томонида гербнинг ташқи айланаси бўйлаб 72 дона бўртиб чиққан сферик нуқталар жойлаштирилган”, дея хабар қилган Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизмати мустақиллик тангаларнинг ён қирраси силлиқ. диаметри - 25,0 мм, қалинлиги - 1,6 мм, оғирлиги - 6,0 грамм эканини ва бу тангалар мамлакатда муомалада юрган банкнотлар ва тангалар қаторида чекловларсиз барча тўловлар учун қабул қилиниши шартлигини қўшимча қилади.

Ўзбекистон мустақиллигининг 5 йиллиги ва 10 йиллиги муносабати билан аввал ҳам мамлакатда юбилей тангалари чиқарилган. Хусусан, 1996 йилда “O'ZBEKISTON MUSTAQILLIGIGA 5-YIL” тангаси, 2001 йилда эса “O'ZBEKISTON MUSTAQILLIGINING 10-YILLIGI" тангалари муомалага киритилганди. Аснода 1996 йилда 50 сўмлик, 2001 йилда 100 сўмлик, 2011 йилда эса 500 сўмлик тангаларнинг чиқарилиши, кузатувчиларга кўра, маълум маънода йиллар ўтган сайин Ўзбекистонда миллий валюта тобора қадрсизланиб бораётганини яққол кўрсатади.

Ўзбекистонда миллий валюта – сўм жорий қилинганидан буён мамлакатда 1 тийиндан 500 сўмгача бўлган тангалар чиқарилган бўлиб, бугунги кунда майда чақаларнинг аксарияти (50 сўмгача) муомалада қарийб йўқ.

36 номдаги юбилей тангаларининг дастлабкиси (қиймати 50 сўмлик) 1996 йилда муомалага киритилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG