Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:58

Қизил Хоч вакилларига тожик қамоқхоналарига киришга изн берилади


Тожикистон расмийлари ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари битимга келишлари ортида бу дарвозалар халқаро ташкилот ходимлари учун очилиши кутилмоқда.
Тожикистон расмийлари ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари битимга келишлари ортида бу дарвозалар халқаро ташкилот ходимлари учун очилиши кутилмоқда.

Расмийларга кўра, Тожикистон ҳукумати қамоқхоналарда қийноқ қўлланиши ва маҳкумлар шароитининг халқаро меъёрларга жавоб бермаслигига оид гумонларга ўрин қолдирмаслик мақсадида ана шундай қарорга келган.

Ўтган ўн йил мобайнида Халқаро Қизил Хоч қўмитаси Тожикистон ҳукуматига кўплаб марта расман мурожаат қилиб, қамоқхоналарга кириш учун рухсат сўраган, бироқ ҳали бирор ҳам марта ижобий жавоб ололмаганди.

Шу кунгача “Тожикистон (шаҳар) бедарвоза эмас”лигини таъкидлаб келган тожик расмийлари кутилмаганда Халқаро Қизил Хоч қўмитаси экспертларининг республика қамоқхоналарига кириши ва маҳбуслар шароити билан яқиндан танишиши учун шароит яратишга тайёрлигини билдирди.

- Тожикистон ҳукумати Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакилларининг жазони ўташ муассасаларига киришларига имконият яратиб беради. Фақат улардан қачон, қаерга боришни аниқ кўрсатиб беришлари талаб қилинади. Ана шу тартибда бу ташкилот билан ҳамкорлигимиз давом этади, - дея маълум қилган Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Давлат Назриев халқаро ташкилот вакилларининг қамоқхоналарга қачондан бошлаб кириши мумкинлигига аниқлик киритмади.

Вазирлик масъули Давлат Назриев фикрича, ҳукуматнинг Халқаро Қизил Хоч қўмитаси билан бу хил ҳамкорлиги инсон ҳуқуқларини поймол қиладиган қийноқ ва ғайринисоний муносабатларга оид гумонларга ўрин қолдирмаслик учун энг қулай воситадир.

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси Тожикистондаги ваколатхонаси раҳбари Сэверин Шопас Озодлик билан суҳбатда тожик расмийларининг бу қадамини олқишлашини айтаркан, айни пайтда Тожикистондаги маҳкумлар аҳволидан хабардор бўлиши учун энг аввал мамлакат ҳукумати билан келишув имзоланиши лозимлигини билдирди.

Шопас хонимнинг билдиришича, тожик расмийлари Халқаро Қизил Хоч ташкилоти экспертларининг қамоқхоналарга киришини таъминлаш борасида музокараси ўтказиш ва бунга оид томонлар шартномасини имзолашни таклиф қилган.

- Экспертларимизнинг Тожикистон қамоқхоналарига бориб туришларига рухсат олиш учун аввал биринчи босқичдан ўтишимиз керак,яъни томонлар музокараси ўтказилиб, шартнома имзоланиши лозим. Халқаро Қизил Хоч қўмитаси дунёнинг 80 га яқин давлатидаги қамоқхоналарга ана шу тартиб бўйича киради, - дер экан Шопас хоним Тожикистон ҳукумати билан ўз ташкилоти ўртасида қачон шартнома имзоланиши ҳозирча номаълумлигини қўшимча қилди.

Мустақил таҳлилчиларга кўра, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси экспертларига Тожикистон қамоқларидаги вазият билан танишиш учун йўл очилиши бир томондан маҳбуслар ҳуқуқларининг ҳимояланишига, бошқа томондан эса моддий жиҳатдан ночор маҳкумлар кўмак кўрсатилишига йўл очади.

- Шу тариқа қамоқхоналаримиздаги вазият халқаро меъёрларга мослаша боради. Ҳозир қамоқхоналардаги аҳвол ўта аянчли. Масалан, маҳкумларга нисбатан ғайриинсоний муносабат, улар сақланаётган хоналарнинг талаб даражасида эмаслиги каби ўнлаб мисоллар келтириш мумкин. Ниҳоят ҳозирга келиб ҳукумат шундай бир нуфузли ташкилотга қамоқхоналардаги вазият билан танишиш учун рухсат беришга ҳозирлик билдирибди. Ўйлайманки, жазони ўташ муассасаларида албатта яхши томонга ўзгариш бўлади, - дейди ҳуқуқ соҳасида мустақил таҳлилчи Абдуқаюм Юсуфов.

Айни пайтда расмийлар Тожикистонда қийноқлар борлигини рад этиб келади.

Шундай бўлса-да, сўнгги икки ой давомида ҳукумат Халқаро Қизил Хоч қўмитаси экспертларига маҳкумлар билан учрашишга изн бериш ортидан қийноқларга қарши иккинчи қарорини амалга ошираётир. Эслатамиз, июл ойи сўнгида Тожикистон Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганди. Мазкур ҳужжатга биноан республика Жиноят кодексига қийноқ учун жазолашни кўзда тутувчи янги банд киритилади.
XS
SM
MD
LG