Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:49

Қозоғистон топширган яна ўн қочқин маҳкамага тортилди


1990 йилда туғилган Файзуллахон Акбаров Сирдарё вилоят Жиноят ишлари суди ҳукми билан 5 йилга қамалди.
1990 йилда туғилган Файзуллахон Акбаров Сирдарё вилоят Жиноят ишлари суди ҳукми билан 5 йилга қамалди.

Улардан бири - Қибрай тумани Жиноят ишлари судида судланаётган Қобил Қурбоновга "Жиҳодчилар" гуруҳига алоқадорлик айби қўйилган.


Қозоғистондан Ўзбекистонга берилган 29 қочқиндан яна ўнга яқини устидан маҳкама бормоқда.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти тарқатган хабарларга кўра, маҳкама Тошкент вилояти Жиноят ишлари бўйича судида ўтган ҳафта пайшанба куни бошланган.

- Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида ўнга яқин мана шу гуруҳ аъзолари устидан маҳкама жараëнлари бошланган. Гуруҳнинг бошқа аъзоларининг тақдири бўйича тўлиқ маълумотлар йўқ, лекин Тошкент шаҳрида, Бухоро вилоятида ва айрим вилоятларда уларнинг устидан тергов ва суд жараëнлари кетаëтганлиги ҳақида умумий маълумотлар бор, деди “Эзгулик” фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Ташкилот фаоли бу маълумотларни ҳибсдагиларнинг яқинлари ва ҳуқуқий ҳимоячиларига таяниб бермоқда.

Бу борада аниқлик киритишини сўраб мурожаат қилган Озодлик мухбирини Тошкент вилоят Жиноят ишлари суди Қибрай тумани Жиноят ишлари бўйича судига йўллади.

Қибрай тумани Жиноят ишлари суди эса исми маълум бўлган биргина қочқин – Қобил Қурбонов бўйича саволларга жавоб берди, холос.

- 216-модда билан тушган Қурбонов Қобилнинг иши бизда. Ўзи яқинда келиб тушди. Ҳали иши анча давом этса керак, бошқа маълумот беролмаймиз, - деди Қибрай тумани Жиноят ишлари бўйича суди ходими.

Қозоғистонда келтирилган қочқинларнинг яқинларидан олинган маълумот – “Жиҳодчилар” гуруҳига алоқадорликда айбланган ўнга яқин киши устидан бораётган маҳкама ҳақида сўралганда, туман суди расмийси “Бизда 10 кишилик иш кўрилаётгани йўқ”, деб жавоб берди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари шу йил 9 июнда Қозоғистондан Ўзбекистонга бериб юборилган 29 қочқин тақдирига оид Озодлик таҳририяти ва ўзбекистонлик инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар киритган сўровларга ҳануз расман жавоб бергани йўқ.

Хусусан, Қобил Қурбоновнинг ҳимоячиларидан олинган маълумотга кўра, ўтган пайшанба куни бўлган биринчи маҳкама очиқ ўтган ва ундаги иштирокчиларга судланувчилар билан сўзлашиш имкони ҳам берилган.

Қобил Қурбонов ўз яқинларига аҳволи яхши экани ҳамда унга нисбатан ҳеч қандай қийноқ қўлланилмаганини айтган.

1966 йилда туғилган Қобил Қурбоновга “Жиҳодчилар” диний гуруҳига алоқадорлик айблови қўйилгани айтилмоқда.

Шу кунга қадар Қозоғистондан экстрадиция қилинган 29 қочқиндан икки нафари – сирдарёлик 21 ёшли Файзуллахон Акбаровнинг 5 йилга, сурхондарёлик 19 ёшли Аҳмад Болтаевнинг 15 йилга қамалгани маълум. Бу хабарлар уларнинг яқинларидан олинган.

Эндиликда бу икки маҳкумнинг яқинларига аппеляция тартибида судга мурожаат қилиш имкони берилмаяпти.

Озодлик мухбири билан суҳбатда судланувчи Аҳмад Болтаевнинг отаси Олим Болтаев чоршанба куни чиқарилган суд ҳукмидан ўзига ҳозиргача нусха берилмаганини айтди.

- Мурожаат қилдим. Бу судни кейинроқ қиламиз деяпти. Суднинг ҳукмини бергани йўқ ҳали. Бергандан кейин қиламиз, деди. Судда ўзим қатнашдим. Уч кун судда гувоҳ бўлдик. Бизнинг ўғил айбини бўйнига олмади. “Мен ундай ишларни қилганим йўқ” деса, қулоқ ҳам солмади.
Битта айбни ҳам қабул қилмади. 159гаям, 244гаям ҳеч иқрор бўлмади ўғлимиз. “У ишни мен қилганим йўқ. Уйда йўқ эдим” деди. Қабул қилмади улар.

Мен бугун ҳам бориб келдим.Қийноқ қўллагани йўқ¸ гаплашдим. Шундай турибди. Сентябргача туради экан. Шу миллий хавфсизлик қамоқхонасида туради. Зонага чиқармас эканда ҳали, деди Сурхондарёда 15 йилга ҳукм қилинган 19 ёшли Аҳмад Болтаевнинг отаси Олим Болтаев.

Файзуллахон Акбаров ва Аҳмад Болтаевга ҳам “Жиҳодчилар” гуруҳига алоқадорлик айблови қўйилган эди.

Қозоғистондан экстрадиция қилинган қочқинлар тақдирини кузатаётган Ўзбекистон Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов ҳар икки қочқин яқинларига аппеляция тартирибида мурожаат қилиш имкони берилмаслиги мумкин, деган тахминда.

- Жумладан, Раҳима Акбаровага суд мажлисининг ўзида "Сизда аппеляцияга мурожаат қилиш ҳаққи йўқ", деб айтилган, суд ҳукми ҳам берилмаган. Бу йигитларга нисбатан суд мажлисларида ва уларнинг яқинлари билан муносабатларда ўта қўпол ҳуқуқбузарликлар кузатилмоқда. Биз бундан хавотирдамиз, - дейди Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов.

Жорий йил 9 июн куни бир ярим йилдан ортиқ Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги икки ҳибсхонада сақланган 29 қочқин Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди.

Ўзбекистонга келтирилганидан буён бу қочқинлардан яқинлари Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига мурожаат қилган фақат беш нафари тақдирини билвосита кузатиш имкони бўлмоқда.

Қолган қочқинлар тақдири эса мутлақо номаълум қолмоқда.

29 қочқин Олмаотадаги ҳибсхонада сақланаётган кезда Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан уларнинг экстрадицияси сўралиб, юборилган сўровномада бу қочқинларнинг айримлари 1999 йилдаги портлашлар, айримлари 2008 йилда Анвар қори Турсуновга суиқасд ва Ички ишлар вазирлиги мулозими Ҳасан Асадов ўлимига алоқадорлик, яна айримлари эса “Жиҳодчилар”, “Ваҳҳобийлар” каби диний оқимларига алоқадорликда айблангани ҳақида норасмий манбалар маълум қилган эди.
XS
SM
MD
LG