Линклар

Подмосковьеда ўзбек оиласи ўлдириб кетилди


Қотилликда гумонланаëтган йигитнинг героинга ружуъ қўйгани айтилмоқда.

Қотилликда гумонланаëтган йигитнинг героинга ружуъ қўйгани айтилмоқда.

Ўтган шанба Солнечногорскда ўзбек аëли ва унинг икки боласини ўлдирганликда гумонланиб Туркманистон фуқароси ҳисбга олинди.


20 август Москва вилояти тергов қўмитаси Солнечногорск тумани Лунёвское маъмурий пунктига қарашли Чёрные Грязи қишлоғида жойлашган “Эко-Лайн” тижорат ширкатига қарашли омборхоналардан бирида 31 ёшли ўзбекистонлик аёл ва унинг икки нафар фарзанди мурдаси топилди.

Озодлик билан суҳбатда бу маълумотни тасдиқлаган Москва вилояти Бош тергов қўмитаси адлия капитани Ирина Гумённаяга кўра, 15 август куни ўзбек аëл ва унинг икки боласини ўлдирганликда гумонланаётган 31 ёшли Туркманистон фуқароси ҳибсга олинган.

- Улар сўнгги икки йил давомида бирга яшаб келган. Қотилликдан уч ҳафта олдинроқ бу аёл у билан алоқаларни узган, чунки бу йигит охирги тўрт ой давомида героин қабул қилишни бошлаган. Албатта, бу ҳолат аёлнинг норозилигига сабаб бўлган. Туркманистонлик йигит аёлни рашк қилиб темир труба билан бошига урган, кейин эса бўғиб ўлдирган. Гувоҳларни қолдирмаслик мақсадида у қотиллик устига келиб қолган 9 ёшли қизча ва 8 яшар ўғил болани ҳам бўғиб ўлдирган. Болаларнинг ўликларини у каравот тагига яшириб кетган, дейди Москва вилояти Бош тергов қўмитаси адлия капитани Ирина Гумённая.

Солнечногорск шаҳар суд-тиббий экспертиза бўлими ходимлари 1980 йилда туғилган бу аёлнинг фамилияси Ражапова экани, фарзандлари ҳам¸ ўзи ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлгани, улар жасади ҳозирда маҳаллий экспертиза бўлимида эканини маълум қилишди.

Ирина Гумённая тергов давомида Солнечногорск тумани Ички ишлар бошқармаси маҳаллий полиция бўлимининг қотилликка олиб келган вазиятга совуққонлик билан қарагани юзасидан текширув бошланганини маълум қилди.

Ўзбекистон фуқаролари жасадлари топилган “Эко-Лайн” ташкилотига нисбатан ҳам Москва вилояти Федерал миграция хизмати бошқармаси томонидан текшириш ўтказилади, дейди Озодликка ўзини Даниил деб таништирган бошқарманинг Солнечногорск тумани Иммиграция назорати ходими.

- Одатда бундай ҳодисалар юз берганда Тергов қўмитаси ва прокуратура бизга бу ҳодисанинг юзага келиши сабабларини аниқлаш мақсадида сўровнома юборади. Ҳозирча тафтиш бошлангани йўқ, лекин нима сабабдан ўзбекистонлик аёл ҳеч қандай ҳужжатларсиз фарзандлари билан “Эко-Лайн”га қарашли бинода узоқ вақт давомида истиқомат қилгани, шу ерда ишлагани сабабларини аниқлашга ҳаракат қиламиз, деди Москва вилояти Миграция хизмати ходими.

Тергов қўмитаси расмийси Ирина Гумённаяга кўра, ҳозирда ҳисбга олинган Туркманистон фуқаросига нисбатан Россия Федерацияси Жиноий Кодексининг 105-моддаси 2-қисми - қотиллик юзасидан жиноий иш қўзғатилди.

Агар қўйилаëтган айб судда ўз исботини топса¸ Туркманистон фуқароси умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG