Линклар

logo-print

Андижонлик қочқин оила олти йиллик айрилиқдан сўнг бирлашди

  • Абдулла Искандар

Андижонлик қочқин Зуҳра Каримова олти йиллик айриқлидан сўнг қизлари билан топишди.

Андижонлик қочқин Зуҳра Каримова олти йиллик айриқлидан сўнг қизлари билан топишди.

Андижонлик қочқин оиланинг Ўзбекистонда қолиб кетган беш фарзанди Чехия Ички ишлар вазирлиги кўмагида Прагага олиб келинди.



2005 йил 13 май воқеалари куни Абдусалом ва унинг рафиқаси Зуҳрахон Андижонни ташлаб қочишганида, уларнинг беш нафар фарзанди Ўзбекистонда қолиб кетган эди.

Ўша йили Абдусалом ва Зуҳрахон Чехияда сиëсий қочқин мақомида яшай бошлашди.

Андижонда қолган фарзандлари билан биринчи йили мутлақо мулоқот бўлмади.

Кейинги беш йил ичида баъзан телефонда, баъзан Skypeда гаплашиб туришди.

Абдусаломнинг олтинчи фарзанди Абубакр эса муҳожирликда дунëга келди.

Орадан 6 йил ўтиб Абдусалом ва Зуҳрахоннинг Ўзбекистондаги фарзандлари Чехияга олиб келинди.



Чехия Ички ишлар вазирлигининг “оилани бирлаштириш” дастури асосида беш фарзанд бувиси Зарнигор опа ҳамроҳлигида Прагага келди.

Беш болани олти йил мобайнида парвариш қилган 60 яшар Зарнигор опа бу фарзандларни ота-онасига топшириб яна Ўзбекистонга қайтишини айтди.

- Тошкентга элчихонага учрадим. Улар ҳам чиройли муомала қилиб, ҳамма ëғимизни чиройли қилиб берди. Икки кунда ҳужжатимизни тайëрлаб берди. “Олиб кетаяпсизми?” деб сўради. “Ҳа, мен олиб кетаяпман. Бешта болани олиб чиқиб кетаяпман” десам, “Қайтариб олиб келасизми?” деди. “Йўқ, буларни мен ота-онасига олиб кетаяпман. Ўзим озгина туриб қайтиб келаман” десам, “Яхши, яхши бориб келинг. Яхши ўйнаб келинг. Оқ йўл” деди. Шу билан келдим, дейди Зарнигор опа.

Зарнигор опанинг 36 яшар ўғли Нодирбек ҳам 13 май куни Ўзбекистондан қочиб кетган ва Чехиядан паноҳ топган эди.

Зарнигор опа олти йил кўрмаган ўғли Нодирбек билан Прагада дийдор кўришди.

Тешиктошда ўқлар ажратган она-бола 6 йил ўтиб Прагада учрашди
- Мен болаларимни қидириб келаëтсам, шундай қўлимдан тутиб “онажоним” деганида қарасам болам экан. Мен ҳатто болам ëнимга келиб қолганини ҳам сезмадим. Рўпарамдаги инсонларга қарадим¸ холос. Ëнимдан келиб маҳкам қучоқлаганида, ўзимнинг болам эканлигини билдим, дейди Зарнигор опа.

Нодирбек 2005 йилнинг 13 майи куни онаси Зарнигор опа ва отаси Қодиржон акалар билан биргаликда Андижондан қочган эди.

Қочқинлар Тешиктошга етганида пистирмадан ўққа тутилади - ўқ Нодирнинг отасига тегади. Ота-онамни Тешиктошга ташлаб келган эдим, дейди Нодирбек.

- 1000дан ошиқ одам тепаликка қараб юрганмиз. Шу пайтда тепадан солдатлар отишган. Ўқларнинг учиб келаëтганини кўрганман. Болалар “Дадангни кўрдингми?” дейишди. “Йўқ, кўрмадим” десам, “Даданг ўқ ебди. Онангни бир уйга олиб кириб қўйдик” деди. “Нима бўлибди?” десам, “Оëғидан ўқ ебди” деди. Кейин сўрасам оëғидан эмас қовуғидан ўқ еган экан. Ўша пайтда ҳатто ўзим ëрдам бера олмаганимдан афсус қиламан. Лекин ноилож эдик, дейди Нодирбек.

Нодирбек онаси ва жиянлари билан учрашганидан мамнун.

Беш фарзанд олти йил мобайнида ота-она меҳрига ташна яшашди, дейди Зарнигор опа.

Абдусалом Каримов олти йиллик айрилиқдан сўнг фарзандлари билан учрашди
- Албатта, ота-онасининг ўрнини босиш қийин барибир. Минг нима қилганингиз билан ўз ота-онасининг ўрнини ҳеч ким боса олмайди. Бир-бир ярим йил қийинчилик бўлди уларга. Ундан кейин секин-секин ота-онасининг товушини эшитиб, ота-онамиз бор¸ деб кейин чиройли яшаб, чиройли ўқиб юришди. Ота-онага ташна бўлиб юришди барибир. Биз ҳамма нарсани имкон қилиб едириб-ичирган чоғимизда ҳам ўзининг ота-онасининг қаттиқ нони бошқача бўлади. Ҳаммаси ҳам ўз фарзандларига етишсин. Ҳаммаси ота-онаси билан бирга бўлсин. Ҳеч ким ота-онасидан айрилмасин, дейди Зарнигор опа.

Айни пайтда болаларини бағрига босган Зуҳрахон Чехия Ички ишлар вазирлиги мулозимларидан миннатдор.

Раҳминисо Андижонда қолганида 20 ойлик гўдак эди...
- Албатта¸ уларга жуда катта миннатдорчилик билдираман. Шунча йилдан кейин бўлса ҳам ваъдасининг устидан чиқишди. Олти йил олдин ҳаммасини олиб келиб берамиз деб ваъда берган бўлса, 8 ой олдин олти йил олдинги сўзни қўйиб айтган бўлсак, кўмак беришиб мана ваъдасининг устидан чиқишди. Бунинг учун шу ишни қилаëтганларнинг ҳаммасига раҳматимизни айтамиз. Ҳаммасидан Оллоҳ рози бўлсин, дейди Зуҳрахон.

2005 йил 13 май воқеаларидан сўнг 440 нафар андижонлик қочқин олдинига Руминиядан, кейин эса дунëнинг турли мамлакатларидан сиëсий бошпана олишди.

БМТ қочқинлар идораси ва Ғарб давлатлари ëрдамида қочқинларнинг 200 дан ортиқ яқинлари Ўзбекистондан чиқиб оиласи билан бирлашди.

Айни пайтда яна ўнлаб андижонлик қочқинларнинг фарзандлари айрилиқда яшамоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG