Линклар

60 ёшда ҳокимиятдан қувилган Ақаев ва Бакиевдан фарқли ўлароқ Роза Ўтунбаева ўзининг 61 ёшини президентлик курсисида нишонламоқда.

Роза Ўтунбаева сиёсий олимпга кўпчилик сиёсатчилар сингари комсомол ёки райком инструкторлигидан эмас, бирданига иккинчи котибликдан кўтарилишни бошлаган. 1981 йили Қирғизистон Олий суди аъзоси Исақ Ўтунбаевнинг Давлат университети фалсафа кафедраси мудири бўлиб ишлаётган қизи Роза Ўтунбаева бирданига компартиянинг Фрунзе шаҳар Ленин тумани қўмитаси 2-котиблигига тайинланди.

Шундан сўнг “иккинчи” лавозимларда Роза Ўтунбаева сиёсий олимп пиллапояларидан тобора юқорига кўтарила бошлади ва 1986 йилда Қирғизистон Ташқи ишлар вазири лавозимида “биринчи” бўлди.

Умуман олганда, Роза Ўтунбаеванинг сиёсий таржимаи ҳолини ўрганар экансиз, унга нисбатан камида уч марта “биринчи” сўзни қўллаш мумкин. У собиқ СССР даврида Қирғизистон ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланган ва СССР Ташқи ишлар вазирлиги коллегиясига аъзо бўлган биринчи аёл бўлди.

Роза Ўтунбаева МДҲ ҳудудидаги биринчи президент аёлдир.

Қолаверса, Ўтунбаева Қирғизистоннинг ёши 60 дан ошган биринчи президенти.

Мамлакатни 15 йил бошқарган Асқар Ақаев 2005 йилда 60 ёшида ҳокимиятдан қувилди. 2010 йилда 60 ёшини нишонлаган Қурмонбек Бакиев 5 йил ичида халқнинг ғазабига дучор бўлиб, президентликдан ҳайдалди.

Қирғизистон президентлари орасида биринчи бўлиб 61 ёшини мамлакатдан қувилмасдан нишонлаётган учинчи президентга муносабат жамоатчилик орасида бир хилда эмас. Кимлар учундир Роза Ўтунбаева Ўш қирғинининг олдини ололмаган бир заифа, кимлар учундир эса у Қирғизистонда узоқ кутилган иқтисодий, ижтимоий ва демократик ислоҳотлар рамзи.

- Ўтунбаеванинг президентлик даврида умуман давлатчилик кризиси кучайди. Қирғизистон янада бошқариб бўлмайдиган, нобарқарор давлатга айланди, - дейди бишкеклик сиёсатшунос Андрей Князев.

Айни пайтда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурасулова Ўтунбаева президентлиги даврида давлат бошқаруви шаффофлашди, инсон ҳуқуқлари масаласига эътибор кучайтирилди, деб ҳисоблайди:

- Ўтунбаева президентлиги даврида жамоатчилик давлат тузилмалари фаолиятини тўғридан-тўғри назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу энг катта ютуқ, деб ҳисоблайман. Иккинчидан, инсон ҳуқуқлари масаласига муносабат тубдан ўзгарди. Албатта, бугунги кунда Қирғизистон жанубида инсон ҳуқуқлари ўта қўпол тарзда бузилаяпти ва айни пайтда ҳукумат ҳуқуқ ҳимоячилари эътирозларини эътиборга олиб, бу муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қилмоқда, - дейди Азиза Абдурасулова.

Оддий ўқитувчи Моҳира Маҳмадаминова эса Ўтунбаева бошқаруви даврида ютуқлар ҳам, камчиликлар ҳам бўлганини айтади:

- Ўтунбаева Қирғизистон яхлитлигини сақлаб қола олди. Нима бўлганида ҳам Ўтунбаева ватанимизнинг пароканда бўлиб кетиши олдини ола билди. Алдаган жойлари бўлди, ёлғон гапирган жойлари бўлди, хушомад ва зўрлик қилган жойлари бўлди, лекин охир-оқибат Қирғизистоннинг жануб ва шимолга бўлиниб кетишининг олдини олди.Бу яхши томони. Ёқмаган томонлари ҳам бор. Ўтунбаева Қирғизистон телеканалларида қилган чиқишларида тўғридан-тўғри ўзга миллатлар ғурурига тегувчи айрим гапларни ҳам ўйламасдан гапириб юборган. Масалан, бир чиқишида, “Ҳурматли қирғиз халқим, “Қирғизистон умумий уйимиз” деган гап бор эди. Мана шунга чидашга мажбурсиз. Бошқа миллат вакилларини қувиб юборсангиз, сизнинг хизматингизни ким қилади?” деб гапирди. Худди бошқа миллатлар қирғиз миллатининг хизматкорлари каби. Мен бундан жуда хафа бўлганман, - дейди Моҳира Маҳмадаминова.

Хуллас, Қирғизистонда ўтган бир йил давомида Ўтунбаева шахсига бир хилда салбий ёки бир хилда ижобий фикр шаклланмаган. Ҳар ҳолда, жорий йил сўнгида ўз ўрнини янги сайланган президентга бўшатиб берадиган Роза Ўтунбаева ўзининг бошқаруви ҳақида халқ орасида яхши фикрлар қолишини жуда исташи табиий ҳол.

Роза Ўтунбаева ўзининг туғилган кунида совға-саломлар олишни хоҳламади. У ўзига совға топширмоқчи бўлганларга “эҳсонларингизни болалар уйларига қилинг” деди - худди пролетариат доҳийси Ленин “Ҳамма яхши нарсалар болаларга” дегани каби.

Президент хоним ўзининг 61 ёшини оиласи даврасида тантанали тадбирларсиз ва меҳмонларсиз камтаргина нишонламоқчи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG