Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:57

Би-би-си мухбири қийноққа солинганини баён қилди


Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов (чапда) иши юзасидан маҳкама шу йилнинг 16 август куни Хўжандда бошланган.
Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов (чапда) иши юзасидан маҳкама шу йилнинг 16 август куни Хўжандда бошланган.

Ўринбой Усмонов дастлабки тергов жараёнида қийноққа солинганини эътироф этди.

Дастлаб бу борада унинг авдокати Файзинисо Воҳидова маълум қилган эди.

Тожикистон президенти буйруғи билан шартли равишда озод этилган ва айни пайтда иши Сўғд вилоят маҳкамасида кўрилаётган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов тергов жараёнида қийноққа солингани ҳақида илк бор 18 август кунги маҳкама чоғида гапирган.

- Мендаги қийноқ изларини адвокат ҳам кўрган, бошқа кўрган одамлар ҳам бор. Ўша махсус чақиртирилган журналистлардан бири (Ўринбой Усмонов қамоқдалик чоғида тергов изоляторида унинг билан суҳбатлашган журналистлардан бири назарда тутилаяпти - таҳр.) “бу кишининг қошларининг ёнида бирорта из йўқ эди, холмиди, бошқамиди?” деб сўраганди. Лекин бу изда энди, ўша қанақадир зарбанинг изи-да ахир, - дейди Ўринбой Усмонов.

Ўтган ҳафтада Би-би-си мухбирининг тергов изоляторида қийноққа солингани ҳақида хабар қилган қатор оммавий ахборот воситалари “Ўринбой Усмонов хавфсизлик зобитлари томонидан қўлларига сигарет чўғи босилган”ини ёзгандилар.

Бироқ бугунги суҳбатда Ўринбой Усмонов бу маълумотлар асоссизлигини ва умуман хавфсизлик изоляторида кўрган-кечирганлари ҳақида батафсил гапиришни истамаслигини айтади.

Аснода соҳа бўйича мустақил таҳлилчилар Ўринбой Усмоновга нисбатан қийноқлар қўлланилганининг бир сабабини у ҳибсга олинган дастлабки соатлардаёқ адвокат билан таъминланмаганида, деб билади.

Ўринбой Усмоновнинг ўзи ҳам ана шундай фикрда экан.

- Қўлга олиш жараёнининг ўзиданоқ унинг ёнида адвокат бўлиши керак. Адвокат ташкилот томонидан тайинланган адвокат эмас, балки холис ва кўрган воқеаларини айта оладиган, дастлабки суриштирув пайтида виждонан шу ишга аралашадиган адвокат бўлиши керак. Ана шундагина кўп нарса аён бўлиб қолади, - дейди дастлабки кўрсатмаларни адвокат иштирокисиз берган Ўринбой Усмонов.

Кузатувларга кўра, Тожикистонда оғир жиноятларда гумонланиб, ҳибсга олинган шахсларнинг дастлабки кўрсатмалари адвокат иштирокисиз олинади. Буни расмийлар гумонланувчининг ўзи адвокатдан воз кечгани билан изоҳлайди. Ўринбой Усмонов билан боғлиқ воқеада ҳам худдий шундай бўлган эди. Би-би-си мухбирини ҳибсга олиш учун санкция берган Сўғд вилоят суди Ўринбой Усмонов адвокатдан воз кечганлиги ҳақида расман маълум қилганди. Бироқ бугунги суҳбат давомида Ўринбой Усмонов бунинг тескарисини гапирди.

- Дастлаб суриштирув пайтидаёқ “мен адвокатсиз бир оғиз сўз гапирмайман”, деб айтганман. Лекин кейинчалик мажбур бўлганман ёзиб беришга, улар ўзларининг истаганига эришди ўшанда. Яна бир марта айтаман, менга нисбатан бошқача муомалада бўлган одамлар бутунлай бошқа одамлар. Мен билан ишлаган иккита терговчига умуман шикоятим йўқ, - дер экан Ўринбой Усмонов 13 июн куни баённома тузилгунига қадар уни қўлга олган хавфсизлик хизмати ходимлари калтаклаганини, аммо бу терговгача амалга оширилган иш эканини қўшимча қилди.

“Азия плюс” хабар сайтининг ёзишича, Би-би-си мухбири ҳибсга олинган илк кунлари қийноққа солингани, аммо икки ой мобайнида бу ҳақда гапирмаганининг боиси унинг ҳуқуқ-тартибот идораларидан қўрққанидир.

Бироқ Ўринбой Усмонов ҳеч кимдан ҳадиксирамаслигини, аксинча бу ҳақда гапириш фурсати ҳали етмаганини айтади.

- Тожикистонда демократик жараён бораётганини ўзим мисолимда кўрдим. Муҳтарам президент ўзи бу ишга аралашиб, мени вақтинчалик бўлса ҳам озодликка чиқарди. Умидим борки, президентнинг ўзи сайлаб қўйган судялар ҳам одил ҳукм чиқаради. Ана шу ҳукм чиқариш жараёнида ва ундан кейинги текширишлар жараёнида қачон қўлга олиндим, менга нисбатан нималар қилинди, буларнинг ҳаммаси кундек равшан бўлиб қолади, - дейди ҳақиқат тантана қилишига умид қилган Ўринбой Усмонов.

Би-би-си Жаҳон хизмати мухбири Ўринбой Усмонов шу йилнинг 13 июн куни Хўжанд шаҳрида хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Даставвал у “Ҳизбут-Таҳрир”га аъзоликда гумонланган эди. Бироқ кейинчалик тергов жараёнларида бу айблов ўз исботини топмади ва расман бекор қилинди.

Айни пайтда “Ҳизбут-Таҳрир” экстремистик ташкилотига алоқадорлик ва унинг фаоллари ҳақида давлатнинг тегишли идораларига хабар бермаганликда айбланаётган Ўринбой Усмонов устидан маҳкама давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG