Линклар

logo-print

Қаддафийнинг ўғли Триполида озод кезмоқда


Сайул Ислом Қаддафий тарафдорлари билан, Триполи, 2011 йил 23 август

Сайул Ислом Қаддафий тарафдорлари билан, Триполи, 2011 йил 23 август

Исёнчилар ҳибсга олинганини даъво қилган Қаддафийнинг ўғли Сайфул Ислом Триполида отаси тарафдорлари билан учрашув ўтказмоқда.


Мухолифат жангчиларини “каламушлар” деб атаган Сайфул Ислом Қаддафий режими тарафдорларини исёнчиларга қарши курашга чорлади.

- Келишиб олганимиздек, бугун биз қуролланамиз ва каламушларга қарши курашамиз. Иншааллоҳ!, дея баёнот берди Сайфул Ислом.

Душанба куни исёнчилар пойтахт Триполининг 95 фоиз ҳудудини ўз назоратига олганини иддао қилган эди.

Ливия раҳбарининг 39 ёшли ўғли 23 авгуси куни Триполидаги хорижликлар тўхтайдиган меҳмонхонада журналистлар олдига чиқди ва отаси Муаммар Қаддафийнинг пойтахтда, хавфсиз жойда эканини айтиб, шаҳар исёнчилар назоратига ўтганини рад қилди.

Сайфул Ислам ўзининг қўлга олингани ҳақидаги уйдирманинг НАТО ва Ғарб ҳукуматлари томонидан тарқатилганини таъкидлади.

- Биринчидан, мен ушбу барча миш-мишларни инкор қиламан. НАТО ва Ғарб замонавий технологияга эга. Улар алоқа тармоқларини бўғган ва уларга тўсиқ қўйган. Менимча, улар Libyana тармоғи орқали Ливия халқига баёнотлар йўллаган. Улар давлат телевидениеси эшиттиришларини тўхтатиб қўйди. Ғарб Ливияда тартибсизлик ва қўрқув тарқалиши учун ахборот ва электрон уруш олиб бормоқда, - деди Сайфул Ислом.

Қаддафийнинг яна бир ўғли Муҳаммаднинг ҳам озод экани¸ ҳибсдан қочишга муваффақ бўлгани айтилмоқда.

Душанба куни Халқаро жиноят суди матбуот котиби Ливияда феврал ойида тартибсизликлар бошланганидан бери инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айбланган Сайфул Исломни Гаага судига экстрадиция қилиш чоралари кўрилаётганини билдирган эди.

Айни пайтда Муаммар Қаддафийнинг қаерга ғойиб бўлгани номаълум бўлиб қолмоқда.

Ливиялик исёнчиларнинг Вашингтондаги элчиси Али Сулаймон Аужали СНН телеканалига Қаддафий қочиб кетган бўлишини эҳтимолган соқит қилмади. У Қаддафий кучлари Триполини узоқ муддат ўз қўлида сақлаб туролмаслигини айтди.

- Қаддафий қандай йўл тутишини олдиндан айтиш қийин бўлган шахс. Ҳозир у ҳар қандай иш қилиши мумкин. Шу пайтгача у нима сабабдан ливияликларни ўлдирди? У жангларда ғалабага эришмоқчими? Йўқ. Бу қасос. У шунчаки одамларни ўлдирмоқчи. У Ливия халқига сабоқ бермоқчи. У ўз халқига қарши ҳар қандай ишни амалга ошириши мумкин. Аммо мен, у ортиқ бундай иш қилиш имкониятига эга эмас¸ деб ўйлайман, - деди ливиялик исёнчиларнинг Вашингтондаги элчиси.

Сешанба куни режим тарафдорлари билан учрашган Сайфул Ислом бир кун олдин президент саройига уюштирилган ҳужум пайтда исёнчиларнинг катта талафот кўрганини таъкидлади.

НАТО расмийси бир-бирига зид маълумотлар олинаётганига қарамай, Триполи исёнчилар назоратида экани билдирди.

- Триполи шаҳрининг аксар ҳудуди Қаддафийга қарши кучлар назоратида, десак адолатли бўлади. Аммо биз муҳим ўтиш босқичида эканимизни ёддан чиқармаслигимиз лозим. Ливиядан жуда кўп, асосан, бир-бирига зид маълумотлар олинмоқда. Икки томон ғалабага эришганини иддао қилмоқда, - деди НАТО матбуот котиби полковник Роланд Лавои.

Лавои Қаддафийнинг қаерда экани НАТОга маълум эмаслигини эътироф этди.

Сешанба куни ливиялик исёнчилар мамлакат раҳбари Муаммар Қаддафийнинг саройига ҳужум бошланганини маълум қилди.

Улар Баб ал-Азизия саройидан ташқари пойтахтнинг барча ҳудудининг ўз назоратига ўтганини иддао қилмоқда.
XS
SM
MD
LG