Линклар

logo-print

Ўзбекистонда Жанубий Корея бизнеси фаоллашмоқда


Жанубий Корея Осиëнинг иқтисоди ривожланиб бораëтган "шер"ларидан ҳисобланади.

Жанубий Корея Осиëнинг иқтисоди ривожланиб бораëтган "шер"ларидан ҳисобланади.

Бунга эса мамлакатдаги корейс диаспорасининг мунтазам қўллови¸ қолаверса корейс тадбиркорларининг маҳорати сабаб дея келтирилмоқда.


УзА ахборот агентлиги хабарига кўра, Жанубий Корея президенти Ли Мён Бакнинг Тошкент ташрифи давомида Ўзбекистон-Корея ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш имконлари муҳокама этилмоқда; сўзлашувлар ниҳоясида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга оид ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Жанубий Корея президенти сафари кун тартибида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Корея қўмитаси йиғилишида қатнашиш, йиғилиш сўнгида эса тиббиёт ва енгил саноат соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга оид ҳужжат имзолаш маросими бор.

Кореянинг “Yonhap” ахборот агентлиги хабарига кўра, Корея раҳбари ташрифи чоғида Ўзбекистодаги газ заҳираларини ўзлаштириш ва янги завод қуриш бўйича 4 миллиард долларлик шартномани имзолаш режаланган.

Ўзбекистонда аксар хориж фирмалари¸ хусусан Европа сармоядорлари сиқувга олинган бир пайтда корейс бизнесига кенг йўл берилиши сабаблари нимада?

Озодлик мухбири айни савол билан Ўзбекистонда фаолият юритаётган корейс ташкилотлари ва корхоналари вакилларига мурожаат қилди.

Биринчи суҳбатдошимиз – Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Таълим маркази ходимларидан бири¸ асли тошкентлик Александр Хегай.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда корейс маданиятининг ëйилиши ва корейс бизнесининг фаоллашиши ортида мамлакатда яшаётган катта корейслар диаспорасининг хизмати катта, дейди Александр.

- Расмий статистика маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 143 минг этник корейс яшайди. Улар энг зич жойлашган жой Тошкент шаҳри ва вилоятидир. Булар қаторига Россия ва бошқа жойларда фуқаролик олиб кетган, лекин Ўзбекистонга келиб турадиган корейсларни қўшмаймиз. Корейслар зеҳнияти ва маданий ўзига хослиги нуқтаи назаридан ўзбекларга жуда яқин. Қизиғи, ўзбек корейслари рус корейсларидан кескин фарқ қилади. Шу сабабли ўзбеклар корейс филмларини қизиқиб томоша қиляпти, ўзбек қизларига эса корейс йигитларининг қизиқиши ошмоқда. Турмушга чиққан битта ўзбек қизи ортидан ўнлаб қариндошларининг Кореяга тортилиши табиий. Қолаверса, бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Жанубий Корея минглаб ўзбек мардикорларига ишлаш ва ўқишга имконият яратиб бермоқда, дейди Тошкентдаги Корейс маданий маркази фаоли.

Александр Хегайнинг айтишича, Жанубий Кореянинг маданий экспансияси ортидан Ўзбекистонга йирик бизнес вакиллари ва сармоядорларининг қизиқиши ҳам ортиб бормоқда. Унга кўра, маҳаллий корейс марказларининг фаоллашишига Ўзбекистондаги Жанубий Корея элчихонаси катта ёрдам кўрсатмоқда.

- Улар таълим грантлари ёрдамида маданий марказларни қўллаб келмоқда. Элчихона қошидаги Корея таълим марказига бир йилда икки маротаба корейс тилини ўрганишни истаганлар учун бепул курслар ташкил этилган. Билишимча, у ерда йилига 800 дан ортиқ одам тамомлаб чиқяпти. Боз устига, Ўзбекистонда корейс тилини ўргатувчи шахсий мактаблар сони кўпаймоқда. Низомий пединститути, Шарқшунослик, Чет тиллар университети ва бошқа ўқув юртларда корейс тили чуқур ўрганилмоқда.

Филолог сифатида айтишим мумкинки, талаффуз этилиши ва грамматика нуқтаи назаридан корейс ва ўзбек тилининг ўхшаш жойлар кўп. Корейслар учун ўзбек тилини ўрганиш ёки ўзбеклар учун корейс тилини ўрганиш жуда осон кечади. Шу тариқа маданият орқали Корея Ўзбекистонга кириб келди, дейди Александр.

Корейс таълим маркази ўқитувчиси сўзларига кўра, Жанубий Корея бизнесменларининг қизиқишини Ўзбекистонда биринчи навбатда қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва машинасозлик соҳалари тортмоқда. Хориж бизнесменлари Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш хавфли эканлигини тушуниб туради, лекин корейс бизнес олами ўзига муайян шароит яратиб кириб келмоқда, дея қўшимча қилади Александр.

- Корейслар бу муаммоларни олий даражада муҳокама этиб, Кореянинг элчиси ёрдамида Ўзбекистон билан сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни оширмоқда. Шу сабабли, корейс бизнеси ўзига кафиллик шароитларини яратиб, бошқаларга ўхшаб катта миқдорда сармоя киритишга қўрқаётгани йўқ. Ҳар ҳолда, Ўзбекистонда Россиянинг мавқеи сусаяётган ва Хитойнинг ҳозирча таъсири кучаймаган пайтда Кореянинг бундай сиёсати жуда тўғри, деб ҳисоблайман, дея хулоса қилади Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Таълим маркази ходими Александр Хегай.

Жанубий Корея Ўзбекистон иқтисодига катта сармоя ëтқизган давлатлардан бири ҳисобланади. Расмий маълумотларга кўра¸ 2010 йилда Ўзбекистон-Корея ўртасидаги савдо айланмаси 2009 йилга нисбатан 31¸5 фоизга кўпайиб, 1¸6 миллиард долларга етган.

Айрим манбалардан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон иқтисодиётига ҳозирга қадар Жанубий Кореянинг жами 5 миллиард доллардан зиёд сармояси киритилган.

Корея Республикасининг савдо тараққиёти ва сармоялар бўйича “KOTRA” агентлиги расмий ходими Елена Пак Жанубий Корея бизнесменлари жаҳонда энг илғорлардан¸ дея таърифлай туриб¸ уларнинг Ўзбекистон ички бозоридаги вазиятни яхши ўрганиб чиққандан кейингина сармоя ётқизаëтганини таъкидлайди.

- Сармояларни киритишдан олдин ахир улар жуда бозорни пухта ўрганишади, маркетинг тадқиқотларини олиб боради. Кейин улар¸ албатта¸ маҳаллий ҳукуматнинг қандайдир кафиллиги асосида кириб келади. Масалан, бизнинг агентлигимиз Ўзбекистонга маблағ киритмоқчи ёки ишлаб чиқаришни жойлаштирмоқчи бўлган корейс корхоналари учун мамлакатда ҳамкор қидиради, музокаралар олиб боришда ва шартнома тузишда кўмаклашади. Шу сабабли, Корея Республикасининг бу режаси асосида Ўзбекистонда кореялик тадбиркорлар муваффақиятли фаолият юритмоқда, дейди Корея Республикасининг Ўзбекистондаги савдо тараққиёти ва сармоялар бўйича “KOTRA” агентлиги ходими.

Бугунги кунда савдо айланмаси кўрсаткичлари нуқтаи назаридан Россия, Украина, Қозоғистон ва Хитойдан кейинги ўринни айнан Корея Республикаси эгаллаб келмоқда.

Узинформ ахборот портали хабарига кўра, 2011 йилнинг январ-июн ойларида икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 36,6 фоизга кўпайган ва 780 миллион АҚШ долларини ташкил қилган.

Ўзбекистонда Жанубий Корея капитали ҳисобига 360 дан ортиқ ширкат ташкил этилган. Бу ширкатларнинг 59 таси - 100 фоизли корейс капитали асосида фаолият юритмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG