Линклар

Ўзбек-қозоқ муносабатлари бир мақола билан бузиладиган даражада мўртми?


Сатпаев фикрича¸ Каримов ва Назарбоев ўртасидаги бир-бирини хушламаслик оқибатида икки қўшни давлат муносабатлари совуқлашиб бормоқда.

Сатпаев фикрича¸ Каримов ва Назарбоев ўртасидаги бир-бирини хушламаслик оқибатида икки қўшни давлат муносабатлари совуқлашиб бормоқда.

Ўзбекистон махсус хизматларига алоқадор сайт даъвосича¸ битта сиëсатшуноснинг биргина мақоласи икки давлат ўртасига низо солиши мумкин.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига алоқадор экани тахмин қилинадиган www.press-uz.info ахборот агентлиги қозоғистонлик таниқли сиëсатшунос, risk.kz сайти бош муҳаррири¸ “Таҳдидларни баҳолаш гуруҳи” директори Досим Сатпаевни “учинчи томоннинг ғаразли ниятига хизмат қилиш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасига низо солиш”га уринаëтганликда айблади.

Бундай айбловга Сатпаевнинг 7 август куни чоп этилган “Умуртқасиз дипломатия. Қозоғистонга қандай Ўзбекистон керак?” деган мақоласи асос бўлган.

Бу мақолада Сатбаев Тошкент ҳукуматини “душманга ҳам раво кўрилмайдиган “дўст” (икки давлат ўртасида 1998 йили имзоланган “Абадий дўстлик ҳақида”ги келишувга ишорат – таҳр.) дея таърифлайди. “Иқтисоди қолоқ¸ сиëсий жиҳатдан беқарор¸ боз устига аҳолиси ҳаддан зиëд болалаб кетганига қарамай буюклик даъво қилаëтган Ўзбекистон бутун минтақа учун ноқонуний меҳнат миграциясидан тортиб террор гуруҳларининг фаоллашувига қадар жиддий муаммолар манбаига айланган” деб ëзади қозоқ сиëсатшуноси.

Озодлик билан суҳбатда ўзбек сайтида ўз устига ағдарилган “ахлат”га муносабат билдиришни эп кўрмаслигини таъкидлаган Досим Сатпаев¸ ўзбек-қозоқ муносабатларига ўзи каби сиëсатшуноснинг аччиқ ҳақиқиат акс этган битта мақоласи нифоқ солиши мумкинлиги ҳақидаги даъвога кулги билан жавоб қайтаради.

- Бутун парадокс шундаки¸ Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасига нифоқ солиш учун учинчи кучни топишга ҳожат йўқ – Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев муносабатларининг совуқлигини ҳамма билади. Ўзбекистоннинг минтақадаги ҳамма қўшнилари билан алоқалари совуқ экани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Мени бу ерда бошқа нарса – Ўзбекистон ҳукуматидан пул олаëтган пиарчилар ишлаш услубининг йиллар¸ аниқроғи ўн йилдан буëн ўзгаришсиз қолаëтгани ҳайратга солади. Агар сиз у ëки бу фикрнинг нотўғри эканини бошқаларга еткизмоқчи бўлсангиз¸ бу иш қандайдир сохта ном остига яшириниб¸ давлат закази билан кимларгадир мағзава ағдарадиган ëзғувчилар мақоласи эмас¸ балки мутахассислар мулоқоти орқали қилинади. Мени айнан ўзбек ëзғувчилари бундан 10 йил аввал ҳам айни шундай “ўзбек-қозоқ муносабатларига низо солаëтганлик”да айни шундай танқиддан паст бир даражада айблаган ва орадан 10 йил ўтиб ҳам улар айни руҳ¸ айни оҳанг¸ айни ибораларни қўллашдан бошқа гап топиша олмабди¸ дейди ўз мақоласига бепул реклама қилиб бергани учун Ўзбекистон махсус хизматларига қарашли экани айтиладиган press-uz.info агентлигига ташаккур билдирган Досим Сатпаев.

- Аслида¸ мақола Ўзбекистон эмас¸ балки Қозоғистон ҳукуматининг ташқи сиëсатини танқид қилиш учун ëзилган. Остонанинг Ўзбекистонга нисбатан муносабати “умуртқасиз дипломатия”дан бошқа нарса эмас – яқинда Ўзбекистон бир гуруҳ қозоғистонлик алпинистларни қўлга олиб¸ бу ҳақда Остонага хабар бермай уларни ушлаб турди. Қозоғистон фуқароларини хўрлаш бу улар мансуб давлатни ҳам хўрлаш ҳисобланади ва Остона бундай муносабатга тегишлича кескин жавоб қайтариши лозим эди. Аммо амалда бундай бўлмади¸ деб давом этади қозоғистонлик сиëсатшунос.

- Агар биз – Қозоғистон Республикаси ўз ташқи сиëсатимизни ўз миллий манфаатларимиздан келиб чиқиб қурар эканмиз¸ бундай ҳолда қўшниларимиз кетаëтган айрим йўналишларга диққат қилишимиз лозим бўлади. Шу боис “Қозоғистонга қандай Ўзбекистон керак?” деган саволни қўяр эканман¸ буни мен тошкентдагиларгина эмас¸ балки биринчи галда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигидагилар¸ қолаверса қозоғистонлик экспертларни шу муаммо устида бош қотиришга ундаш маъносида қилдим.

Қандай шароитда Ўзбекистон билан муносабатларимиз доимий тортишувлар¸ жанжал ва тушунмовчиликлардан кўтарилиб¸ рисоладагидай шериклик ва ҳамкорликка айланади¸ деган савол устида озгина фикр қилиш учун ташланди бу савол. Афсуски¸ Қозоғистондан фарқли Ўзбекистонда бу савол атрофида профессионал баҳс юрита оладиган мустақил таҳлилчилар¸ сиëсатшунослар давраси қолмаган¸ бунинг ўрнига масаланинг моҳиятига тушунмайдиган¸ қўлидан келадиган иш буюртма асосида бошқаларга ахлат отадиган ëзғувчиларгина бор¸ холос¸ дейди Досим Сатпаев.

"Тошкентдагилар ҳар қандай танқидга мутлақ чидамсиз бўлиб қолгани боис¸ уларни қозоғиситонлик бир таҳлилчининг мақоласи ҳам жазавага солмоқда¸ мен буни ноқислик комплекси (комплекс неполноценности) деб аташдан бошқа сўз топа олмайман"¸ деб қўшиб қўяди Досим Сатпаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG