Линклар

Полковник Муаммар Қаддафий ўз қароргоҳини тарк этиш "тактик қадам" бўлганини таъкидлади.

Муаммар Қаддафий Триполидаги радиостанциялардан бири орқали қилган мурожаатида НАТО ракета зарбаларига учраганидан сўнг қароргоҳини тарк этганини айтди.

Ўз мурожаатида Қаддафий, шунингдек, жангда ғолиб бўлиш ёки шаҳид бўлишликка қасам ичган.

Ҳозирда Қаддафийнинг қаерда экани номаълум бўлиб қолмоқда.

Кеча Триполидаги меҳмонхоналардан бири олдида тарафдорларига кўриниш берган Қаддафийнинг ўғли Сайфул Ислом отаси шаҳарда экани ва охиригача туриб беражагини айтган эди.

НАТО вакиллари эса сўнгги 24 соат ичида Қаддафий қароргоҳига қарата зарбалар берилмаганини айтишмоқда.

Қақшатқич жанглар ортидан кеча исёнчилар полковник Муаммар Қаддафийнинг Триполи шаҳри Бобул-Азизия мавзесида жойлашган қароргоҳини қўлга киритишга муваффақ бўлган эдилар.

Ливия ўтиш даври миллий кенгаши қуролли кучлари вакили Аҳмад Умар Бани исёнчилар бутун Триполи узра назоратни қўлга олишга муваффақ бўлганини айтди.

- Ҳозир Бобул-Азизия, қолаверса, Триполи тўлалигича назоратимизда. Пойтахтнинг айрим қисмлари, жумладан, Абу Слимда қаршиликларга дуч келдик, лекин ҳозир у ер ҳам тинчиб қолди, қаршиликлар йўқ, - деди Бани.

Айни пайтда Триполи аҳли, тун бўйи пойтахтнинг бош майдонида Қаддафий тузуми мухолифлари байрам қилиб чиқишди.

- Қаддафий 42 йил мобайнида бизни дунёдан узиб қўйди. Дунё бизни кўришини, ҳис қилишини ва бу ерда биз билан бўлишини истаймиз, - дейди қўлида қизил, қора ва яшил рангли байроқ кўтариб олган мухолифатчилардан бири.

Аснода Ливия ўтиш даври миллий кенгаши яқин кунларда ўз қароргоҳини Бенғозидан пойтахт Триполига кўчириш ниятида.

Бу ҳақда кенгаш қуролли кучлари вакили Аҳмад Бани маълум қилди.

Жаноб Банига кўра, кенгаш келаси икки кун ичида Триполига кўчади.

Сешанба куни исёнчилар Триполидаги Қаддафий қароргоҳини ишғол этган ва у ерда Ливияни 42 йилдан буён идора этиб келаётган Қаддафий ҳайкали, унинг ҳукумати рамзига айланган ҳарбий учқични ғижимлаб ташлаётган олтин мушт скулптураси оёқости қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG