Линклар

Новосибирскда ўзбекистонлик лўлилар ушланди


Новосибирскда ушланган ўзбекистонлик лўлилар асосан шаҳар ахлатхонасидан тунука ва полиэтилен идишларни йиғиб сотиш билан тирикчилик қилганларини айтмоқдалар.

Новосибирскда ушланган ўзбекистонлик лўлилар асосан шаҳар ахлатхонасидан тунука ва полиэтилен идишларни йиғиб сотиш билан тирикчилик қилганларини айтмоқдалар.

Новосибирск расмийлари Россия ҳудудида ноқонуний юрган муҳожир лўлиларни қўлга олдилар.

Маълумотларга кўра, Новосибирск вилоят миграция хизмати ходимларининг маҳаллий полициячилар билан биргаликда олиб борган “Ноқонуний мигрант” рейди чоғида 27 киши ушланган.

Ўзбекистонлик лўлилар экани айтилаётган бу шахслар Новосибирскнинг Дзержинск туманидаги ташландиқ ҳовлида истиқомат қилаётган бўлган.

Новосибирск вилоят ички ишлар бош бошқармаси ходимларининг маълум қилишларича, ичида 7 нафар балоғатга етмаганлар бўлган лўлиларнинг бир қисми ёғоч уйда, қолганлари эса картону матолардан тикланган чодирларда яшаганлар.

Ўзбекистонлик лўлиларнинг ҳужжатлари текширилганда уларнинг Новосибирск вилоятида ноқонуний юргани, улардан айримларининг Россияда юриш муддати июл ойидаёқ, баъзилариники эса август ойи бошида тугагани аниқланган. Чор-атрофда яшаган кишиларнинг айтишларича, улар бу уйга баҳордаёқ кўчиб келганлар.

“Миграция хизмати нозирлари лўлилар Ўзбекистондан Новосибирск вилоятига “пул ишлаш” мақсадида келганларини аниқлаб билдилар. Бироқ пул топиш жараёнининг ўзи унча тушунарли бўлмаяпти. Ҳовлининг ҳар ёғида ифлос ликоплар, чойнаклар, канистрлар, турли-туман темир-терсак қалашиб ётарди. Лўлиларнинг ўзлари ҳар куни эркагу аёл жам бўлиб, шаҳар ахлатхонасига боришларини, у ердан тунука банкалар, полиэтилен халталар, бутилкалар териб келиб топшириб, бунинг эвазига 100-150 рубл топишларини айтдилар”, дея келтиради Новосибирск вилоят миграция хизматининг матбуот хизмати.

Пировардида Новосибирскда ноқонуний юрган лўлиларнинг 13 нафарини мамлакатдан бадарға қилиниш учун судга ҳужжатлар юборилган, шунингдек, бу ҳолат бўйича 20 та маъмурий баённома тузилган. Эндиликда ўзбекистонлик бу ноқонуний муҳожирларнинг ҳар бири 2 мингдан 5 минг рублгача жарима тўлаши лозим бўлади.

Айни пайтда уларга уйини топшириб қўйган кишининг шахси ҳам аниқланмоқда. Агар уй эгаси топилса, маҳаллий қонунчиликка кўра, у ҳам маъмурий жавобгарликка тортилади.

Новосибирск вилоят миграция хизматининг матбуот хизмати маълумотларига кўра, ҳозирда ўзбекистонлик лўлилар бор-будини йиғиштириб, Россия ҳудудини тарк этишга чоғланмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG