Линклар

“Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришида 20 йиллик мустақил даврнинг ўзбекистонлик мусулмонлар ҳаётида акс этган айрим йирик воқеаларини эсладик.



1991 йил, Наманган - Диндорлар учун биринчи ва сўнгги имкон

Собиқ совет тузуми даврида диндан узилиб яшаган Ўзбекистоннинг Фарғона водийсидаги ботиний диндорлик Қайта қуриш даври эркинлик берган 80-йиллардан бошлаб фаол диний-сиёсий ҳаракат ўлароқ юзага чиқа бошлади.

Ўша кезларда фаол диндорлар Фарғона водийсида илк диний-сиёсий бирлашмалар: "Адолат" ва "Ислом лашкарлари" номли уюшмаларга асос солдилар.

Бу каби гуруҳларга асос солган Тоҳир Йўлдош, Жума Намангоний кабилар 1991 йил — Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинган кезда ўз талабларини аниқ билган ва ўз мақсади сари ҳаракатланишнинг¸ ўз назарида тўғри, деб билган тактикасини ҳам ишлаб чиққан диний-сиёсий ҳаракат бошчиларига айланган эди.

Шу тариқа, ҳукуматга янги келган Ислом Каримовни Ўзбекистонда илк диний-сиëсий музокарага тортган мухолиф гуруҳ айнан шу водийлик диндорлар бўлган эди.

Ўз мақсади - Ўзбекистонда исломий давлат қуриш йўлида сиёсий ҳаракат бошлаган Тоҳир Йўлдош етакчилигидаги диндорлар 1991 йилнинг 9 декабрида - илк президент сайловларидан 20 кун аввал Наманган вилоят ҳокимлиги биносига йиғилган ва сайлов арафасида вилоятга келиши кутилган президент Ислом Каримов олдига ўз кескин талабларини қўйган эди.

Бу собиқ совет даврида Исломдан узилган ва Горбачёв ҳокимияти берган қайта қуриш даврида бирдан эркинлик берилган диннинг қудратини кўрсатувчи илк жиддий сиёсий ҳодиса эди.



Ўшанда Ислом Каримов олдига қатор сиёсий талаблар қўйилган эди:

Ўзбекистонда Исломий партияни рўйхатга олиш ва унга сайловда иштирок этиш имконини бериш, 1991 йил декабрга белгиланган сайловни эса 1992 йилнинг баҳорига қолдириш.

Ислом Каримов бу талабларга жуда аниқ қилиб жавоб айтган эди.

- "Ислом республикаси" деб эълон қилиш десак, агарки Олий Кенгаш қўл кўтармаса, шу масалани ечмаса агар, президент буни эълон қила олмайди. Агар эртага мени президент қилсангиз, менга бир жумла керак, парламентни тарқатиб юборадиган ҳуқуқ берсангиз агар, ундан кейин менинг гапим битта бўлади. Сайловда кимни хоҳласангиз, шуни кўтарасиз, - дея жавоб берган эди Каримов.



Аммо шундай аниқ ваъдалар билан Наманганда тинчлантирилган диндорлар кутган иш бўлмади.

Ўша кезда Ўзбекистон парламенти депутати бўлган Муҳаммад Солиҳ эслайди.

- Наманганда диндорлар жамоатига: “Агар сизлар истасангизлар, биз ислом давлати қурамиз” деган ваъдани берди Каримов. Буни бутун халқ ўшанда эшитди ва кўплари, албатта, ҳайрон қолди. Чунки Каримовнинг қарашлари атеистик қарашлар эди. Ҳеч қачон диндор бўлмаган одам бирданига “Ислом давлати қурамиз”, деб ваъда бериб келди.

Шунга яраша диндорлар бу ваъдасига ишонмади, деб бўлмайди. Бу воқеалардан 15-17 кун сўнгра сайлов бўлди ва сайловда ваъдасини эшитган диндорлар Каримовга овоз бердилар. Айни саволни Каримовнинг рақиби сифатида менга ҳам Намангандаги жамоат берган эди. Мен: “Йўқ, биз буни қила олмаймиз. Чунки, биринчидан, ҳали жамият бунга ҳозир эмас ва иккинчидан, ҳозирги ўтиш даврида бизнинг давлатимиз фуқаровий ҳуқуқ давлати бўлиши керак”, деган гапни айтганман ва ўшанда ҳақиқатан, хусусан, водийдаги жуда кўп диндорлар Каримовга овоз берди. Улар Каримовга ишонди шу ваъдасини бажаради деб.

Лекин Каримов Тошкентга келиб том-тескарисини қилди ва очиқчасига, ғаддорларча диндорларга ҳужумга ўтди ва сўнгги сизга маълум. 1992 йилда уни Наманганда шарманда қилган жамоатни таг-томири билан йўқ қилди.

Ваъда бергандан кўпи билан 20 кундан кейин Каримовнинг ваъдаси ëлғон экани ўртага чиқди. Сайловдан кейин дарҳол ҳужум бошлади ва диндорларни қамай бошлади. Очиқчасига, фақат Намангандаги жамоат эмас, бутун Ўзбекистон бўйлаб кенг фронтда диндорларга қарши ҳужум бошланди ва бу ҳужум бугун ҳам тингани йўқ, - дейди 1991 йил 29 декабрда мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк президентлик сайловида Каримовга рақиб ўлароқ номзоди қўйилган Муҳаммад Солиҳ.

1991 йил Намангандаги воқеалардан сўнг ўзбекистонлик диндорларга бу қадар катта кўлам ва катта ташаббуслар билан йиғилиш имкони Ўзбекистонда қайтиб берилмади.

Ўзбекистонда қонуний йўл билан исломий партия тузиш ташаббусини кўтарган ва бунга қодир бўлган диний жамоалар ўз етакчилари, эндиликда марҳум Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний этагини тутиб, Ўзбекистонни тарк этдилар; ичкарида қолганлари бедарак ғойиб бўлди.

Мустақил Ўзбекистоннинг президент Ислом Каримов етакчилигидаги ҳукумати тақдирида катта рол ўйнаган Ўзбекистон исломий ҳаракати хорижда тузилди.


1992 йил, Тошкент – “ваҳҳобийлар” ва “мутаассиблар” сулҳи

1992 йил – илк бор Ўзбекистон Диний идорасининг Тошкентдаги биносида ўзбекистонлик уламолар ўша вақтдаги муфтий Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳнамолигида йиғилдилар.

Бу йиғилишда ўша кезларда водийдаги диндорлар орасида пайдо бўла бошлаган ички ихтилофлар олдини олиш ҳақида маслаҳатлашув бўлди ва Шайх ҳазратлари буни “сулҳ”, деб атади.

- Шунинг учун хайрни кўзлаб, бирлик билан ҳаракат қилишимиз ниҳоятда зарур, деган қарорга келдик. Бунинг учун сизларни тўплаганимиз ҳам шу. Мана шу йиғилишимиз сулҳ йиғилиши, иттифоқлик йиғилиши. Агар мен умид қилардимки, биродарлардан туриб, гапиришиб, мана шу гап маъқул бўлса, маъқуллаб, "ўтганига узр" дейдиган мард кишиларимиз бўлса, имом Ҳусайн олган савобларини оладиган одам бўларди шу. Чунки шу қалб кенглиги керак, - деган эди ўша йиғилишда Ўрта Осиë ва Қозоғистон мусулмонлари муфтийси Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

Ўша кезда бир-бирини “ваҳҳобийлик”, “мутаассиб мазҳабчилик”да айблаётган диний жамоалар Ўзбекистонда юзага кела бошлаган ички ихтилофлар бўсағасида турган эдилар.

Шайх ҳазратлари бу ихтилоф кейинчалик дин душманларининг қуролига айланиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

- Яна асосий гап мана ваҳҳобийлик, деган тушунча юзага чиқди. Бу тушунча, мен аввалдан гапириб келаман ҳозиргача ҳам: бизнинг душманларимизга ниҳоятда қўл келадиган тушунча. Ҳурматли уламоларимиз, сизлар биласизлар, бу тушунча кенг тушунча. "Ваҳҳобийлик" деган тушунча ўша Муҳаммад ибн Абдуваҳҳоб тушунчалари бўйича бошқа нарса. Бизда бошқа нарса бўлиб турибди. У одамнинг тушунчаси эмас¸ бошқа нарса.

Сиëсий тушунча бор. Бу дегани сиëсий олам, сиëсатчиларнинг ўртасида ваҳҳобийлик, дегани ҳамма ëқни янчиб, йўқ қилиб, масалан, турган ерида фитна чиқариб, сиёсати дин учун курашадиган мусулмонларни жанггари қилиб кўрсатадиган тушунча. Мана шу нарсани бизнинг душманларимиз жуда яхши ишлатишаяпти, - деган эди 1992 йилги "сулҳ" йиғинида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.



Бу хавотирлар кўп ўтмай ростга айланди. Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ ҳазратлари “дин душмани” деганда кимни назарда тутганини айтмаган эди.

Аммо “ваҳҳобийлик” ва бу каби бошқа диний оқимлар номи Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг диндорларга нисбатан айбловларининг асосига айланди ва ҳануз шундайлигича қолмоқда.

Ўша кезларда ўспирин бола бўлган қорасувлик имом Рашод қори Камолов бу йиғилишда сулҳга эришилмади, деб эслайди.

- Ана шу даврда мусулмонлар асосий икки тоифага бўлиниб, ихтилофда юрганда бу сулҳни ўша пайтдаги Ўрта Осиë ва Қозоғистон мусулмонлари муфтийси Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф келишмовчиликларни бир тарафга сурайлик, деб катта-катта аҳли илмларни икки тарафдан бештадан чақирган.

Мисол учун, айтайлик, намоздаги “амин” дейишлик бўлсин ëки талоқ масалалари бўлсин, ибодатлар бўлсин ëки ибодатларни адо этиш суратлари тўғрисидаги нарсалар бўлган. Ихтилофда унақа катта масалалар қўйилган эмас. Шуни "йўқотайлик" деб икки ўртада бештадан ўнта одамни тайин қилишган. Лекин бундан натижа бўлмади ва улар ҳам қайтиб бир жойда тўпланган эмас. Сулҳ тузилмасдан бузилган. Ҳар битта аҳли илм ўзининг илмидан келиб чиқиб, ўзининг фикри билан кетаверган.

Мусулмонларга бўлган қийинчилик Оллоҳ таолонинг катта бир имтиҳони бўлди. Жуда ҳам кўпчилик ўшанда алданди, дейман. Мен сизга бир воқеани айтиб берай.

Учта ëввойи эшак бўларкан. Бирининг ранги қора, иккинчисиники қизил, учинчисиники оқ. Йиртқич ҳайвон овламоқчи бўлиб келганда уччаласи уч тарафдан тенг туриб ҳимоя қилишар экан. Шунда уларнинг олдига тулки келиб: “Қара, ҳамма нарсани сотиб қўяëтган мана бу қора. Шу қорани эртага овлаймиз. Қизил билан оқ иккаланг аралашмай турсанг, шу сотқиндан қутуласан” дейди ва оқ билан қизил алданади. Эртаси куни қора эшакни овлаб кетган экан. Ундан кейин оққа келиб: “Сен оппоқсан. Мана бу қизил сотиб қўяяпти. Эртага қизилни овлаймиз. Сен аралашмай тургин” деганда, оқ эшак индамай туради ва қизил эшак овланиб кетади. Ундан кейин ҳар тарафдан оққа ёпирилиб келишганда, ўзи дарҳол: “Қора ўлган куни мен ҳам ўлганман”, деган экан.

Яъни мусулмонларнинг ҳаммаси - “ваҳҳобийлар” бўлсин, “мутаассиблар” бўлсин - бир-бирини сотган куни ҳаммаси ўлган. Оллоҳ таоло ҳаммаларининг гуноҳларини кечирсин. Икки тарафдан жуда ҳам кўп маҳбус бўлди, мазлум бўлди, ҳижрат қилиб чиқиб кетди. Шу қадар аҳволга келдики, қолган мусулмонлар: “Ҳижоб бу Исломда эмас, арабларнинг миллий кийими” дейишликкача журъат¸ шу даражада динига хиëнат қилишди. Айтиб берган мисолимдаги қора кетган куни кетган мусулмонлар, - дея эслади Рашод қори Камолов.


1992 йил, Тошкент – илк сиёсий фаол диндор ўғирланди

1992 йилнинг 15 декабрида Бутуниттифоқ Ислом уйғониш партиясининг Ўзбекистондаги бўлими етакчиси Абдулла Ўтаев ғойиб бўлди.

Қайта қуриш даврида илк бор Россияда тузилган Ислом Уйғониш партиясининг бўлимини Ўзбекистонда очиш ҳаракатини бошланган ҳам¸ мустақилликнинг илк йилларида бу иш билан шуғулланган ҳам асли сурхондарёлик Абдулла Ўтаев эди.

Наманган воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда президент Каримов мустаҳкамлай бошлаган сиёсий тузум таркибида диний партияга ўрин берилиши кўзда тутилмаган эди.

Буни ўша йиллар Тошкентга борган – Бутуниттифоқ Ислом уйғониш партияси фаолларидан бири Муҳаммад Қорачой яхши эслайди.

- Абдулла Ўтаевни Ислом уйғониш партиясининг Ўзбекистондаги етакчиси сифатида яхши танир эдим. У жуда фаол ишлади. Аммо кейинчалик уни ўғирлашди ва биз ҳанузгача тахмин қиламизки, Каримов режими уни ўғирлаган ёки бирор нарса қилган. Афсуски, бу ҳақда бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ, - дейди Муҳаммад Қорачой.

Абдулла Ўтаев 1992 йил декабридан буён бедарак. Унинг оиласи Ўтаевнинг йўқолиши Ўзбекистон МХХнинг иши, деб билади. Йўқолган исломшуноснинг рафиқаси Салима Ўтаева Озодлик билан суҳбатда у кишининг қаердадир омон ўтирганидан умидвор эканини айтади.

- 1997 йилмиди - эсимда йўқ, ўшанда дадам¸ яъни қайнотам президент маҳкамасига борганларида, ўша ердаги уч-тўртта каттаконлар: “Ўғлингиз бизнинг қўлимизда. Соғ-саломатлар. Президент Америкага бориб келсалар, кейин конференция ўтсин. Шундан кейин, Худо хоҳласа¸ бир янгилик бўлиб қолади” деган эди.

Ўша ерда шунақа деган. Шу билан келиб нима қилади, ҳаммамиз хурсанд бўлдик. Кейин президент Америкага бориб келди. Бориб келгандан кейин конференцияси ҳам ўтди. Ўтгандан кейин борсалар, ҳаммаси мункир бўлибди¸ “Йўқ, биз унақа деганимиз йўқ” деб. “Бир ойча бўлди келганимда шунақа дединглар-ку. Мана ўша одамларни олиб чиқинглар. Мен танийман” деган эканлар бир-иккитасини олиб чиққан. “Сиз айтган эдингиз-ку шунақа деб” деса, “Нима қиласиз менга нима қилиб? Мен унақа деганим йўқ” деб мункир бўлишибди шу билан. Шу билан жимжит. Уйда ўтирибмиз. 19 йил бўлаяпти.

Мен энди давлатнинг қўлида, деб ўйлайман. Шулар кўчадан ўғирлаб кетаëтган пайтида ëнида қайнукам бўлганлар. Кейин у киши: “Нимага бунақа қилаяпсизлар?” деса, “Бизга энг юқоридан шунақа буйруқ бўлди. Биз буйруқни бажараяпмиз. Агар ғиринг десанг, ўзингдан кўр” дебди. Кейин у киши ҳам индамай қолган. Машинани қулфлаб, калитини олиб олган. Орқасидан ҳеч қаëққа юра олмаган. Шу мана бизнинг очиқ ҳужжатимиз турибди-да гувоҳимиз.

Қуролланган тўрт киши бўлган. Орқа-олдиларига милтиқ тираб, машинага солган экан-да. “Энг юқоридан шунақа буйруқ бўлган” дебди. Шундан билиндики, президентнинг буйруғи билан. Ўша вақтда нечта идораларга борганимизда ҳаммаси: “Биз ҳеч нарса дея олмаймиз, юқори буйруқ қилган” деб нима қилган.

Биз яқинда Сангородда эмиш¸ деган гап эшитгандай бўлдик. Қанчалик рост ëки ëлғон билмадим. Лекин бўлса бордир шу ерда. Борганимиз билан бизга айтармиди... Унинг устига, мени рўйхатга олиб қўйган. Тез-тез чақириб, тилхат ëздириб туради¸ - дейди 1992 йилнинг 15 декабр куни Тошкентда қуролли шахслар томонидан ўғирлаб кетилган Бутуниттифоқ Ислом уйғониш партиясининг Ўзбекистондаги бўлими етакчиси Абдулла Ўтаевнинг рафиқаси Салима Ўтаева.

Абдулла Ўтаев Ўзбекистонда изсиз ғойиб бўлган илк сиёсий фаол диндор эди.


1995 йил, Андижон – Абдували қори Мирзаев "ғойиб бўлди"

1995 йилнинг 28 августида Абдували қори Мирзаев ғойиб бўлди.

1950 йилда Андижонда туғилиб¸ диний илмни тожикистонлик Муҳаммад домла Ҳиндистонийдан олган Абдували қори 1989 йилда Андижондаги Жоме масжидига имом-хатиб бўлиб тайинланган.

Тез орада ўз исломий мактабига асос солиб¸ Жума маърузаларига минглаб мусулмон¸ хусусан, бошқа вилоят ва қўшни республикалардан кела бошлаган Абдували қори Қуръон ва Ислом дини аҳкомларини содда тафсир қилган, тушунтирган уламолардан бири эди.

Абдували қори Мирзаев ва уни сотганини тан олган жосус Хайрулла Султонов.
Мустақилликнинг илк йилларига келиб Абдували қори ўша даврда пайдо бўлган диний-сиёсий гуруҳлар етакчилари орасида энг нуфузли сиёсий фигуралардан бирига айланиб улгурган эди.

Нуфузи хориждаги мусулмонлар орасида ҳам ошиб бораётган Абдували қори Москвадаги халқаро анжуманлардан бирига йўл олган куни - 1995 йилнинг 28 августида Тошкент аэропортида бедарак йўқолди.

2007 йил баҳорида ўшлик журналист (ҳозирда марҳум) Алишер Соипов билан суҳбатда Абдулқуддус Мирзаев отасининг Ўзбекистон МХХ томонидан ўғирланган ва бу ҳақда аниқ маълумотлари борлигини билдирган ва бу баëнотидан кўп ўтмай 26 сентябрда Саудия Арабистонида автоҳалокатга учраб нобуд бўлган.

Абдували қори Мирзаевнинг ўғли Абдулқуддус Мирзаев.
Ўша баëнотдан иқтибос:

“Абдували қори Андижон аэропортидан Тошкентга 155-йўналиш билан учиб боради. Тошкентдан Москва йўналиши бўйича учмоқчи бўлган. Барча текширув рўйхатларидан ва ниҳоят паспорт текшируви – охирги текширувдан ўтиб, самолёт трапи олдига келганда, МХХ ходимлари томонидан яна қўшимча текширув учун олиб кетилган ва шу билан қайтиб чиқмаган”.

Абдулқуддус Мирзаев ўлимига қадар отаси Абдували қори тириклигини айтиб келди.

Ундан аввал - 2003 йилда — Ўзбекистон қамоқхонасидан туриб баёнот берган маҳбус Зайниддин Асқаров ҳамда 2008 йилда — Ўзбекистондан қочиб чиққани айтган ва ўзини МХХ майори деб тақдим қилган Икром Ёқубов ҳам Абдували қори Мирзаевнинг тириклиги, қамоқда сақланаётгани ҳақида айтган эди.

“Youtube.com” сайти эълон қилинган “Занжирбанд киллер” номли видеофилм қаҳрамони, ўзини 1979 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилояти, Лайлак туманида туғилган Хайруллохўжа Қодирхўжа ўғли, деб таништирган йигитнинг Ўзбекистон исломий ҳаракати маҳкамаси олдида қилган “иқрорнома”си бу баёнотларга тасдиқ ўлароқ пайдо бўлди.

Етти йил давомида Андижон шаҳридаги Жоме масжиди ва унинг имоми Абдували қори Мирзаевга қарши жосуслик қилгани, 1995 йилда эса у Абдували қорининг терговида иштирок этгани ҳақида сўзлаган Хайруллохўжа Қодирхўжа ўғли сўзларига ишонилса, Абдували қорига учта жиддий айблов: жиҳодга даъват қилганлик, ҳижратга даъват қилганлик ва ҳукуматга қарши қуролли исён қилиб, ислом давлати қуришга даъват қилганлик айбловлари илгари сурилган.

- Биринчи жиҳод тўғрисида гапирганда, терговчи Абдували қори акадан сўраяпти: “Сиз иқрормисиз мана шу гапларни гапирганингизга?” У киши калласини қимирлатиб, иқрор бўлиб турибди. Менга энди овозлари унча яхши эшитилмаяпти. Жиҳод ва ҳижрат тўғрисида гапирган, деганларимга иқрор қилдилар, яъни калласини қимирлатдилар. Охирги учинчи туҳматимда эса кескин рад қилиб, бошларини қимирлатдилар, - дея сўзлайди “Занжирбанд киллер” номли видеофилм қаҳрамони.




Озодлик ушбу видеофильмнинг қанчалик асосли экани ва унинг яратувчилари кимлигини тўлиқ аниқлай олмаган, аммо кейинчалик Хайруллохўжа Қодирхўжа ўғли исмли бешкентлик йигит бўлгани ва ҳозирги кунда Лайлак туманида яшаётган оиласи Хайруллонинг қаерда эканини билмаслигини аниқлаган эди.

Ўзбекистон куч ишлатар идоралари Абдували қори Мирзаевнинг ғойиб бўлгани¸ унга нисбатан Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида тилга олинган айбловлар, сўнгра мустақил матбуотда пайдо бўлган бу каби маълумотлар борасида ҳозирга қадар бирор жиддий расмий маълумот бермаган.


1996-97 йиллар, Фарғона водийси – "МХХ имомлари"га йўл очилди

"1996 йилдан йилдан бошлаб, ҳаттоки, 1995 йилнинг охирларидан бошлаб Ўзбекистон Абдували қори Мирзаевга алоқадор кўрилган жамики уламолар раҳнамолигидаги, имомлар бошчилигидаги масжидлар ёпила бошлаган эди", дея хотирлайди ўтган 20 йиллик тарихга назар ташлайдиган ўзбекистонлик аҳли илмлар.

Аввалига Қўқондаги Ҳавоқанд масжиди, кейин эса Намангандаги Гумбаз масжиди, ундан кейин Андижондаги Жомеъ масжидлари ёпилди, бу масжидларни бошқарган Муҳаммадражаб қори, Умархон қорилар қамалди.

Шайх Абдували қори Мирзаев имомлик қилган жоме масжиди.
Имомлари қамалган масжидларга эса Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг минг тишли чиқиғириғидан ўтган, “мустақил” имомлар ўтқизилди.

Ўша кезда масжид имомлигидан олиниб, ўша вақтда урфга кира бошлаган гиёҳванд моддаси билан ҳибсга олинган тошкентлик собиқ имом Аҳмад қори Валиев ўша кунларни ҳануз яхши хотирлайди.

- Мана мен сизга санаб бераман. Биринчи бўлиб Қўқонда Муҳаммадражаб ака олинди. Қўқондаги жоме масжиднинг имоми. У кишининг атрофида жуда кўп мусулмонлар бор эди. У кишини 1993 йилда қамашган, жомеъ масжиди ëпилган.

Ундан кейин Наманганда бошланган. Наманганда Гумбаз масжиди ëпилган ва имоми Абдулаҳад домлани мана бугунги кунда иккинчи марта қамашди. У кишининг атрофидаги шогирдларини, у кишига эргашган бошқа масжид имомларининг масжидларини ҳам ëпиб, қамашди.

Ундан кейин Андижонга ўтилди. Андижонда Абдували қори акани ўғирлаб кетишиб, унинг масжид ëпилди. У кишининг атрофидаги одамлар қамалди.



Сўнгра навбат марказга — Тошкентга келди. Тошкентда Обид қори ишлаëтган Тўхтабойвачча масжидига — Чақичмон ҳам дейилади — ҳужум бўлиб, имом атрофида бўлган қанча-қанча одамлар қамалиб кетганига ҳаммамиз гувоҳмиз, биламиз. Шу тарздаги қамашлар ҳозиргача давом этиб келаяпти.

Озодлик: Сизнинг ўзингиз ўша масжидлар ëпилаëтган, қама-қамалар бўлаëтган пайтда нима иш қилардингиз?

- Ўша йилларда имом ëки имом ëрдамчиси бўлиб ишлаб турган вақтим бўлган. Мени масжиддан олиб чиқиб кетишган. Наркотик ҳақидаги статяни қўйиб қамаган.

Озодлик: Бу саволим учун узр. Сиз умрингизда наркотик истеъмол қилиб кўрганмисиз?

- Астағфуруллоҳ. Худога шукур, алҳамдулиллоҳ ўша ерда “мана шу сенинг чўнтагингдан чиқди” деб олдимга ташлаганида кўрганман, холос. Ундан кейин ҳозиргача кўрганим йўқ.

Озодлик: Ëш болалар, тўполончи болалар билан маҳаллада юрганингизда кўрмаганмисиз?

- Худога шукур, Оллоҳ ўзи шундан асраганига Худога шукур дейман. Исломни танигунимизча бизнинг атрофимизда бўлган энг ëмон, энг шўх болалар ҳам бунақа нарсадан узоқ эди.

Озодлик: Ўша пайтлар маҳалла-кўйда бўлармиди ўзи бунақа нарса?

- Ўзимнинг хаëлимга келмаган, ўзим кўрмаган, ўзим эшитмаган, билмаган нарсаларим эди. Шунинг учун ўзимнинг атрофимдагиларни ҳам шунақа деб ўйлайман, дейди Аҳмад Валиев.

Аҳмад Валиев гиёҳванд модда сотиш айблови билан илк бор қамалганида, 4¸5 йилга ҳукм қилинган, аммо 6 ойдан сўнг амнистия акти қўлланиб озодликка чиқарилган эди.

Аммо ўша давр оралиғида тергов сўроқларида ундан бирор марта гиёҳванд моддаларга боғлиқ савол сўралмаган. Аксинча, ундан алоҳида диндорлар ва уларнинг фаолияти ҳақида сўраб суриштирилган эди.

Аҳмад қори бу давр ичида унинг устида бошқа яна бир папка ҳозирланганини тахмин қилган ва бу тахмини орадан 11 ой ўтиб, у яна бир бор ҳибсга олингани ҳамда бу сафар у фақат диний мотивларда айбланганида ҳақ бўлиб чиққанини ҳам яхши эслайди.

2000-2004 йиллар оралиғида қамоқ жазосини ўтаб, озод бўлган Аҳмад қори панжара ортидан чиққач, юртни тарк этган ва ҳозир хориж ўлкаларидан бирида яшамоқда.

У имомлик қилган масжид ҳануз очиқ ва Аҳмад қорига кўра, бу ва бошқа масжидларда ҳозир Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг минг тишли чиғириғидан ўтган, “мустақил” имомлар ўтирибди.


1998 йил - Обид қори Назаров қутқарилди

Масжидлар ёпилиб, катта-кичик имомлар, уламолар қамала ёки ғойиб бўла бориб-бориб, 1998 йилда навбат Обидхон қори Назаровга келди.

1958 йилда Наманган вилоятида туғилган Обид қори Назаров ўша кезларда Тошкентдаги Тўхтабойвачча масжиди имом хатиби эди.

Ҳозир Швецияда муҳожиратда яшаётган уламо Обид қори Назаров.
У ва у киши етакчилигидаги бир гуруҳ диндорлар ваҳҳобийликда айбланиб келаётган бир кезда Обидхон қори ҳам ғойиб бўлди.

Муридлари доирасида бу киши бошига ҳам Абдували қори Мирзаев ва Абдулла Ўтаевнинг куни тушди, деган хавотир устивор эди.

Аммо орадан маълум вақт ўтиб Обидхон қори Назаровнинг Қозоғистондан Европага йўл олгани маълум бўлди.

Ўтган кунларни яна бир бор ёдга олган уламо ўша даврдаги умумий вазиятни шундай тасвирлади.

- Ўша пайтдаги умумий вазият ниҳоятда таҳликали эди. Биз борган сайин тазйиқ ва зуғумлар, ҳукуматнинг зўравонлиги кучайиб бораëтгани ва бундан кейин ҳам жуда ëмон ишлар бўлишини ҳис қилиб турардик. Шунинг учун мусулмонлар ўзларини эҳтиëт қилишга чоралар, йўллар, ҳимоялар қидиришди. Динларини сақлаган ҳолда, имон ибодатларида мустаҳкам турган ҳолда, ҳукуматнинг жаҳлини чиқараëтган, аслида ислом буюрган амалларни тарк этмаган ҳолда яна давом этиларди. Жуда ҳам таҳликали кунлар эди ўша пайтлар.

Озодлик: Сизга ва сизнинг етакчилигингиздаги диндорлар жамоасига конкрет қандай айблов қўйилган эди?

- Бу айблов ҳаммага тарқалаëтган, хоҳ диндор бўлсин, ҳоҳ бошқа гуруҳлар — аввал бошлаб демократик оппозиция, кейин эса мухолифатга айблар тақалган. Яъни, давлат тўнтариши, конституцион тузумни зўравонлик билан алмаштириш, ағдариш ва ҳоказо. Ҳамма унинг нима эканини тушуниб қолган, сийқаси чиққан бир хилдаги айбловлар эди.

Озодлик: Сиз ўша пайтда Қозоғистонга бордингиз ва у ердан Европага чиқиб келишга муваффақ бўлдингиз. Жонини сақлаб қолишга муваффақ бўлмаган, қамалиб кетган ëки ғойиб бўлган яна кимларни эслайсиз 1998 йиллар ва ундан кейинги даврда?

- Жуда ҳам кўпчилик улар. Халқнинг олдида турадиган имомлар: Муҳаммадражаб, Абдулаҳад Намангандан, Муҳаммадражаб Қўқондан, Тошкентдан кўпчилик имомлар, яна Абдураҳим деган биродаримиз, Нуҳфуҳиддин биродаримиз ва ҳоказо. Буларнинг сонлари жуда ҳам кўп. Мана ҳалигача улар азоб билан қамоқхоналарда ўтиришибди.

Бедарак кетганлардан аввал бошлаб Ҳусниддин йўқолди. Ундан кейин бир неча кун ўтиб Оқил исмли бир яхши илмли талаба, ундан кейин Фаррух, булар иккалови ҳам Мадина университетини битириб келишган. Ундан кейин Маҳмуд деган бир талаба ва шунга ўхшаган бир қанча мусулмонлар ўғирланди. Одамларга танилганлари бор, танилмаганлари бор. Аммо Руҳиддинга ëки бизга боғланган, деб гумон қилиб уларни ўғирлашган.

Ўзбекистонда бўлган бу воқеа, ҳодисалар инсон учун, мусулмон учун бир жиҳатдан табиий нарсалар. Яъни, инсон бу ҳаëтда синалади, имтиҳон қилинади. Биз мана шундай имтиҳон, синовларнинг маълум бир қисмидан ўтдик. Биздан ҳам кўра қаттиқроқ синовга тутилган инсонлар бўлди. Умуман олганда Ўзбекистон аҳолиси учун қаттиқ бир синовлар бўлди. Бундан ҳам кўра қаттиқроқлари бўлиши мумкин эди. Қаттиқроқларидан асрагани учун Оллоҳга шукур қиламиз.

Мана ҳукумат қанча одамни ўлдирди, қанчасини қувди, қамади, лекин алҳамдулиллоҳ¸ ичкаридан худди булоқ қайнаб чиқаëтгандай мусулмонлар, ëшлар ва ибодат қиладиганлар ëки ҳижоб ўрайдиган аëллар кети узилмасдан келиб чиқаëтганлиги, давом этаëтганлиги ҳам бир мўъжиза. Бу ибратга лойиқ нарса деб биламиз ва бундан ҳам мусулмонлар, ҳам мусулмонларга қарши бўлган одамлар тўғри хулоса чиқаришлари керак.

Айниқса ¸ давлат тепасида ўтирганлар, шу қонли сиëсатнинг режасини тузаëтганлар қамоқхонадагиларни озод қилиш, ўғирланганларни яна уйига қайтариш йўлларини улар тезроқ амалга оширишлари керак деб ўйлайман, - дейди Обид қори Назаров.

Муҳожиратдаги уламо Обидхон қори Назаров фикрича, 1998 йилга келиб етакчилари ва уламоларидан бирин-кетин айрила бошлаган ўзбекистонлик мусулмонларнинг асаблари ўта таранг тортилган эди.


1999 йил - Мустақил Ўзбекистонда илк "синов"

1999 йилнинг 16 февралида 45 минут ичида Тошкент шаҳрининг беш нуқтасида портлаш содир бўлди.

Расмий маълумотларга таяниб айтилса, бунда асосий нишон бўлган президент Ислом Каримов “тақдир тақозоси билан” омон қолди.



Яна ўша расмий баёнотларга кўра, портлашлар оқибатида 16 одам нобуд бўлган, 100 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Ҳодиса содир бўлган куниёқ, аввалига президент Каримов, кейин эса Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокир Алматов ва Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятовлар телевидениеда чиқиш қилиб, бу қўлига қурол олган радикал диндорларнинг террор ҳужуми, дея воқеага дарҳол баҳо берган ва айбдорларни ҳам айтиб улгурган эди.

Уни уюштиришда эса, кўп ўтмай расман Ўзбекистон Исломий ҳаракати айбланган эди.

1999 йилнинг 3 июнида Ўзбекистон Олий суди 16 феврал портлашларига алоқадорликда айблаб, 22 кишини суд қилган. Айбланганлар орасида Зайниддин Асқаров, Баҳром Абдуллаев, Муродилла Қозиевлар бор эди. Судланганларнинг олтитасига ўлим жазоси берилди.

Орадан бир йил ўтиб, мазкур ҳужумларни уюштиришда айбланиб, Эрк партияси раиси Муҳаммад Солиҳ, Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбарлари Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангонийлар ҳам сиртдан судга тортилди.

Муҳаммад Солиҳ 15 йилу 6 ойлик қамоққа, Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангонийлар ўлим жазосига ҳукм қилиниб, халқаро қидирувга берилди.

Кейинчалик Эрк партияси лидерининг укалари ва яқин сафдошлари, жумладан, Мамадали Маҳмудов каби мухолифат аъзолари ва зиёлилар ҳам ҳибсга олинди.

Ўша даврда қамалганларнинг тўлиқ сони ва рўйхати ҳам номаълум. Шунингдек, уларга конкрет қандай айбловлар қўйилган ва бу айбловлар қанчалик ўз исботини топган – бу ҳам номаълум.

Ҳюман Райтс Уотч - расмий Тошкентнинг бу даъволарининг қандай далилларга асосланганини шу кунгача аниқлашга уриниб келаётган ташкилотлардан биридир.

- Албатта, ҳукуматда бу воқеаларга оид аниқ маълумотлар борлигини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Аммо бирор ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотида бу ҳақдаги аниқ маълумотларни кўриш имкони йўқ. Шу жумладан, бизнинг ташкилотда ҳам. Қанча одам қандай айблов билан, қай далиллар асосида қамалди, қувилди, тазйиққа олинди – бу биз учун ҳануз номаълум, - деган эди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг узоқ йиллар Ўзбекистонда ишлаган вакили Алисон Гил Озодликка берган интервьюларидан бирида.

Аммо расмий баёнотларнинг ҳаммасида ва кейинчалик қамоқдан туриб берган Ўзбекистон исломий ҳаракати фаоли Зайниддин Асқаров баёнотида ҳам бу портлашларнинг аввал нуқтасида бедарак кетган Абдували қори Мирзаевнинг қўлига қурол олган бир гуруҳ “муриди”нинг президентга уюштиришга уринган суиқасди турибди, деган хулоса қолган эди.

1999 йилдаги 16 феврал портлашларини уюштиришда айбланган Эрк демократик партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ орадан йиллар ўтиб, бу борада шундай хулосани билдирди.

"Эрк" Демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ.
- Индивидуал шаклда бу ҳаракат бор эди. Масалан, ўша Баҳром деган йигит атрофида бир-иккита одамлари бўлган бўлиши мумкин. Лекин бу одамлар ҳеч қачон планли бир равишда, ўша 1999 йилда юз берган шаклдаги план ҳеч қачон бу гуруҳда бўлмаган. Бу уларнинг воситасида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари тайëрлаган режа.

Озодлик: Ўша воқеалардан кейин Ўзбекистон ҳукуматида асос пайдо бўлдида булар қуролли йўлга ўтишди, деган?

- Йўқ. Зотан буни ҳукумат 1993 йилдан бери гапириб келарди ва ҳақиқатда бир қисми қуролли йўлга ўтди. Масалан, Тоҳир Йўлдош гуруҳи.

Озодлик: Лекин улар мамлакат ташқарисида эди.

- Мамлакат ташқарисида эди, лекин уларнинг одамлари бизнинг ичимизда бор, деган версияни, афсонани доим Каримов тарғиботчилари тарқатиб юрди ичкарида. “Мана бу қамалаëтган одамлар ҳам бекорга қамаëтганимиз йўқ. Тарафдорлари, деб қамаяпмиз” деб ўзларини оқладилар.

Қарангки, “Тоҳир Йўлдош гуруҳига эмас айнан мухолифатга ва айнан унинг ичида Муҳаммад Солиҳга, яъни менга қарши кўрсатма берсангизлар, сизларни қўйиб юборамиз. Отувни бекор қиламиз ва амнистияга туширамиз”, деб ваъда берган уларга. Жуда кўп нималарда Каримовнинг асл ниятлари яшириниб қолган эди. Каримов фақат диндорларни эмас мухолифатни ҳам таг-томири билан йўқ қилиш учун 1999 йилги портлашларни ишлатди. Ўзингиз эшитдингиз Зайниддин Асқаров буни жуда очиқ шаклда айтди, - дейди Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳ айнан 1999 йилги феврал портлашларини Ўзбекистон ҳукуматининг диндорларга қарши репрессив сиёсатини ошкора давлат сиёсатига айлантирган ва бу йўлдаги иддаоларининг халқаро ҳамжамият олдида оқланишига дастак қилинган воқеа бўлди, деб баҳолайди.

1999 йил 16 февралидаги портлашлардан кейин Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсати деярли тўлиқ ўзгарди.

Ўзбекистон куч ишлатар тузилмалари таркибида “диний экстремизм”, “фундаментализм”, “террорчи ташкилотлар”га қарши курашадиган катта-катта бўлимлар ташкил этилди. Диндорлар устидан алоҳида, ошкора назорат ўрнатилди ва бу мамлакат хавфсизлигини сақлаш мақсади билан изоҳланди.

Сиёсий таҳлилчилар тили билан айтганда, илк "синов" Каримов режими учун муваффақиятли ўтди.


2000 йил - Боткен ЎИҲнинг илк қуролли ҳужумига гувоҳ бўлди

1999 йилнинг августида Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг бир гуруҳ жанггариси Қирғизистоннинг Боткен туманига кирди ва у ерда қирғиз қуролли кучлари тўқнашув бўлиб ўтди.

Йигирмага яқин жангари бир қирғиз генерали ҳамда япониялик 4 геологдан иборат жами 14 кишини гаровга олган эди.

Уларни озод этиш эвазига Қириғизстон ҳукуматидан Ўзбекистонга ўтиш учун хатарсиз йўлак очиб бериш сўралган эди.

Ўшанда Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг бу амалиётларга бевосита раҳбарлик қилган етакчими Жума Намангоний ва Кобулдан туриб бошчилик қилган етакчиси Тоҳир Йўлдош билан ўтган оғир музокаралар натижасида барча гаровга олинганлар озод этилган эди.

ЎИҲ амири Тоҳир Йўлдош ўз жангчиларига даъват қилмоқда.
Бугун ўша музокараларда шахсан иштирок этган ва гаровдагиларнинг жонини омон сақлаб қолишга улкан ҳиссаси сингган Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли, собиқ Омбудсмен ва шу кунларда мамлакат президентлигига ўз номзодини қўйган Турсунбой Бакир ўғли ҳали-ҳануз вақтида боролмагани ва шу боис гаровга олинган бир киши ҳаёти бой берилганини афсус билан эслайди.

1999 йилнинг августида ЎИҲ етакчилари билан музокаралар юритган Турсунбой Бакир ўғли.
- Ўшанда ҳам Қорасув районида сайловчилар билан учрашиб юрган эдим. “Эшитмадингизми? Қирғизистоннинг Боткен тарафидан душманлар кириб келибди. Уруш бўлаяпти экан”, дейишган эди.

Шунда мен, 1999 йил 30 августда жаноб Ақаевга хат ëзганман “Жанубий Қирғизистонга душманлар қўл солибди. Ўша билан музокара ўтказгани мени жўнатинглар. Агар улар ҳақиқий мусулмонлар бўлса, мен музокара ўтказаман. Агар мусулмончилик билан фойдаланишиб, чайқовчилик қилишса, унда қўлимдан келмайди” деб. Ўша куни кенжа болам туғилган ва уни кўрмасдан Бишкекка жўнаган эдим.

Озодлик: Сизга келган информация бўйича кимлар гаровга олинган эди ва улар неча киши эди?

- Япониянинг тўрт фуқароси ва таржимони. Қирғизистон Ички ишлар бош қўмондони генерал Шамкеев, битта подполковник, иккита лейтенант, битта старшина, сержант ҳаммаси бўлиб 13 киши. 14 кишига улгурмай қолдим. Сабаби мен музокара ўтказгунча, у милицияни сўйиб юборишибди мужоҳидлар.

Озодлик: Кимлар эди у мужоҳидлар?

- Ўзбекистон исломий ҳаракатининг мужоҳидлари. Улар Тожикистондан Қирғизистонга бостириб киришган. Ўша ерда уруш бўлиб японларни ва Қирғизистон милицияларини олиб кетишган эди. Кейин мен телефонда улариннг раҳбарлари билан боғландим.

Озодлик: Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларидан ким билан гаплашган эдингиз?

- Биринчи, Қирғизистоннинг Хавфсизлик министрлиги Кобулдаги ўзбек исломий ҳаракатининг Зубайр ибн Абдураҳим, деган раҳбарлардан биттаси билан музокара ўтказганмиз. Улар менга “Ҳиротга келинг. Ўша ерда музокара ўтказамиз”, деб таклиф қилишди. Менга Қирғизистоннинг раҳбарлари “Ҳиротга борсангиз, биз сизнинг хавфсизлигингизни таъминлай олмаймиз. Ўлдириб қўйиши мумкин. Шунинг учун бошқа давлат сўранг. Масалан Покистонни, Саудияни, Араб амирлигини, Тожикистонни айтинг”, дейишди.

Уни айтсам, улар маъқуллашгани йўқ. Фақатгина Афғонистонга келасиз, дейишди. Улар Ўзбекистонга коридор сўрашди. “Қирғизистонга тегмаймиз. Сизлар бизга йўл очиб беринглар. Бизлар Ўзбекистонга ўтиб борамиз”, дейишди. Ўзбекистон, Қирғизистон манфаати учун мен бошимни кундага қўйиб, оиламга айтмай, Эмиратга учиб бориб, Толибонларнинг элчисини топиб, улар билан уч кун музокара юргизиб, кейин Афғонистонга келдим. Афғонистонда 10 кун юрдим. Толибонларнинг тўртта вазири билан учрашдим ва Ўзбекистон исломий ҳаракатининг амири Тоҳир Йўлдош билан учрашдим.

Оғир музокара бўлди. Уч марта ўлимни кўрдим у ерда. Икки марта толибонлар ўлдиргани сал қолди, бир марта Тоҳир Йўлдош ўлдиришига сал қолди. Чунки, Асқар Ақаев мақтаниб юборибди. Европадан делегация келганда уларга: “Ҳижолат бўлмаяпман. Сабаби, менинг ишончли одамим Афғонистонга бориб ўша ерда Ўзбекистон исломий ҳаракатининг раҳбарияти билан гаплашяпти, музокара юргизяпти”, деб.

Толибон биздан “Бизда Ўзбекистон исломий ҳаракати бор. Лекин ҳеч кимга айтманглар”, деб сўраган. Бу ерда Асқар Ақаев дунë бўйича айтиб юборди. Толибонлар мени излаб қолганда мени ўзбек мужоҳидлар бекитиб, сақлаб қолишди.

Бир сафар Тожикистоннинг тоғларида Ҳайит районида Жума Намангонийдан бешта асир тушган Қирғизистон милиционерини олиб чиқиб кетаëтиб, оғзимдан чиқиб кетибди: “Жумабой, сиз бош қўмондон экансиз. Битта японниям қўшиб беринг. Буларни ўлди, дейишаяпти” десам, тўппончасини миямга тақаб “Ҳозир ҳожи ака, отиб юборсам нима дейсиз? Бу ерда менинг айтганим айтган”, деганида: “Узр. Ҳозир мана шу бештасини олиб кетай. Генералга ва японларга кейин келаман”, деб яна бир ўлимдан қолган эдим.

Озодлик: Қанақа қилиб озод қилинди кейин японлар ва ҳарбий асирлар?

- Учга бўлиб. Биринчи бешта милиционерни олиб чиқдим. Иккинчи марта борганда, генерал билан подполковникни олиб чиқдик. Учинчи борганда тўрт япон фуқароси ва таржимонни олиб чиқдик. Лекин бу ерда пул масаласи бўлгани йўқ эди.

Ҳар бирига 3 миллиондан, деган гаров пулини Қирғизистон раҳбарияти Япония элчилигини алдаб, ëлғон айтиб, Қирғизистон ва Тожикистон рабариятининг вакиллари бўлиб олишган. Мужоҳидлар биздан пул олмаган ва ўз сўзида турган эди. Лекин, ҳукуматлар сўзида турмаган эди. Аксинча, кейинчалик ЎИҲнинг Ўзбекистонга кириши, уруш бўлиши олдини олиб қолган бўлсам ҳам мен ёмон отлиқ бўлиб қолган эдим.

Боткен воқеаси Қирғизистонда 2000 йилда яна қайтарилди. Ўша пайтда Қирғизистоннинг кўп аскарлари қурбон бўлишди. Бу урушга мени аралаштиришгани йўқ. Мен ўйлайманки, бу ерда Қирғизистон раҳбарияти, сиëсатчилари ва аскар раҳбариятининг хатолари кўп бўлган.

Озодлик: Ўзи унгача ҳам чегаралар қўриқланарди-ку, лекин ўша воқеалардан кейин Ўзбекистон қўшнилар билан чегараларни жуда қаттиқ бекитди-а, Турсунбой ака?

- Ҳа. У воқеалардан кейин Ўзбекистон кўприкларни ëндириб юбориб, кўприкларни йўқ қилди. Қорасув шаҳрида учта кўприк бор эди. Учта кўприкдан биттасидан одамларни ўтказадиган қилди. Қолганини Ўшга жўнатадиган қилишди. Мана ҳозиргача чегараларда аҳвол ёмон, ўта олмай бир-бирига одамлар жуда қийналишаяпти, - дея 1999 йилнинг августида бўлган Боткен воқеаларини хотирлайди Турсунбой Бакир ўғли.

22 августда бошланиб, 19 октябрга қадар давом этган Боткен воқеаси Тоҳир Йўлдош етакчилигидаги исломий ҳаракат Марказий Осиё минтақасининг ҳукуматлари қалбига қаттиқ қўрқув солган воқеа бўлган эди.

1991 йилда Наманганда бўлган воқеалардан сўнг Ўзбекистондан сиқиб чиқарилган илк мухолиф диний гуруҳлар 1996 йилда Тожикистон заминида туриб, Ўзбекистон Исломий ҳаракатига асос солган эди.

Ўша кездаёқ Фарғона водийсида, кейинчалик бутун Ўзбекиситонда кучая бошлаган таъқиблардан қочаётган айрим мусулмонлар Тожикистоннинг Помир тоғлари бағрида жойлашган бу гуруҳга бирлашаётган, гуруҳ етакчилари эса Ўзбекистонга ўтиш ва исломий давлат қуриш режасини туза бошлаган эдилар.

Боткен воқеаси даврида ЎИҲнинг амири бўлган Тоҳир Йўлдош хорижий оммавий ахборот воситалари орқали Ўзбекистон ва умуман, Марказий Осиёда Исломий давлат қуриш учун муқаддас уруш - жиҳод бошлаганини очиқ айтган эди.

Бу мақсад сари илк йирик амалий қадам бўлган Боткен хуружи умумиятла Ўзбекистон Ҳарбий ҳаво кучларининг аёвсиз бомбардимони ҳамда Тожикистон ва Қирғизистон қуруқлик қўшинларининг биргаликдаги ҳаракати билан қайтарилган эди.

1999 йилнинг октябрига келиб, Тожикистонга ўрнашган Ўзбекистон Исломий ҳаракати ўз тарафдорлари билан Афғонистонга ўтиб кетишга мажбур бўлган эди.

2001 йилда АҚШ қўшниларининг Афғонистонга кириб бориши билан ЎИҲ Покистонга ўтди.

Бу давр оралиғида Тоҳир Йўлдош аввалига, Ислом Каримов етакчигидаги Ўзбекистон ҳукуматига қарши жиҳод, кейинчалик эса уларни Покистоннинг Вазиристон минтақасига банди қилиб қўйган АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция кучлари ва АҚШ га қарши жиҳод даъволари билан бир неча баёнотлар берди.

Бу баёнотлар ортида муайян режалар бўлгани, аммо уларни Ўзбекистон заминида амалга оширилишига бир гуруҳ жиҳодчи баҳона, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг тўсқинлик қилгани ҳақида кейинчалик ушбу ҳаракатинг ташқи сиёсат бўйича масъули Зайниддин Асқаров Тоштурмадан туриб, гувоҳлик берган эди.


2003 йил Тошкент – Ўзбекистонда "жиҳодчилик"ка асос солинди

2003 йилнинг ноябрида¸ кутилмаганда, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати мамлакатдаги хорижий ахборот воситалари мухбирларини 16 феврал портлашларида асосий айбдор, деб тақдим қилинган Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчиларидан бири Зайниддин Асқаров билан учрашувга таклиф қилди. Таклиф қилдигина эмас, Зайниддин Асқаровга ҳақиқатни айтиш имконини ҳам берди.

Ўзбекистон исломий ҳаракатининг ташқи сиёсий алоқалар бўйича масъули экани айтилган¸ 1971 йил Наманганда туғилган Зайниддин Асқаров 1999 йил мартида 16 феврал портлашларига алоқадор айбловлар билан берилган 10 йиллик қамоқ жазосини ўтаëтган эди.

ЎИҲнинг Ташқи сиёсий алоқалар бўйича мутасаддиси кўрилган Зайниддин Асқаров.
У билан журналистларнинг суҳбати чоғида Асқаровни кузатиб турган махсус хизмат ходими негадир сигарет чекишга чиқиб кетган-у, шу бўйи анча вақт Асқаров мухбирлар билан холи қолдирилган эди.

Ўшанда Асқаров: “16 феврал воқеаларига Муҳаммад Солиҳнинг умуман алоқаси йўқ, мен ва яна бир неча айбланувчиларнинг судда берган кўрсатмалари ёлғон эди”, деди.

Бунинг устига Асқаров шахсан ўшандаги Ички ишлар вазири Зокир Алматовнинг ўзи ёлғон ваъда бериб, судда ёлғон гувоҳлик беришга кўндирганини айтди.

Портлашни ташкиллаштирган, дейилган диндор йигитлар гуруҳи 1995 йилда ғойиб бўлган андижонлик таниқли имом Абдували қорини топиш учун қўлига қурол олган ва президент Каримовни ўлдиришга қасд қилган, деди Зайниддин Асқаров ўшанда.

- 16 феврални ким қилди деса¸ ҳақиқатда Оллоҳ розилиги учун Абдували қори акани чиқариш учун унинг шогирдлари қилди¸ лекин давлат бундан 100 фоиз курсда ( хабардор - муҳ.) эди. Именно Йўлдош Шералиев¸ Рустам Иноятов курсда эди¸ деган эди Зайниддин Асқаров.

У портлашни бир гуруҳ қуролли диндорлар уюштирган бўлса-да, бундан Ўзбекистон махфий хизматлари ўз манфаати йўлида фойдаланди, деган эди. Аммо, расмий Тошкент ҳам бу жиноятни радикал кайфиятдаги қуролланган диндорлар қилганини айтган ва жиноятчи, ҳар икки баёнотда ҳам, қуролланган диндорлар бўлиб чиққан эди.

Бироқ, ҳақиқатда ҳам Абдували қорининг муридлари қўлига қурол олиб, давлат раҳбарига суиқасд уюштирган бўлса, уларнинг мақсадидан хабардор ҳукумат бундай жиноятга ўз манфаати йўлида шерик бўлган экан, Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати нега Асқаровга ҳақиқатни гапириш имконини берди, деган савол очиқ қолди.

Бироқ, Асқаров 2003 йилги баёнотида нафақат 1999 йилги портлашлар ва диндорлар ҳаётида бундан олдин бўлган айрим муҳим воқеалар ҳақида гапирган, балки Ўзбекистоннинг диндорларга нисбатан репрессив сиёсати янада кучайиишига ишорат берувчи ва эҳтимол, бунга дастак бўлувчи бир гапни ҳам айтган эди.

У Ўзбекистонда диндорлар, яъни мусулмонлар, жиҳодга ҳозирлик кўрмоқда, деган эди.

- Бир нарсани эълон қилмоқчиманки¸ Ўзбекистонда яқинда шу даражада қатлиом¸ жиҳод бошланадики¸ буни на Каримов¸ на БМТ тўхтата олади. Чунки жуда қаттиқ тайëргарлик кетаяпти. Бизнинг йигитларимиз бу жиҳод йўлидан қайтмайди.

Халқимизни зулмдан қутқариш учун қилинадиган террорлари ва милицияларни сўйиш кампания ҳашарларини олдиндан хабарини бериб қўймоқчиманки¸ Ислом раҳмдил дини бўлганлиги учун ҳаммамизнинг мақсадимиз олдин халқаро ҳаракатлар¸ ташкилотлар Ўзбекистонни диалог йўли билан чўзишини илтимос қиламиз.

Мабодо уларнинг қўлидан келмай турли хил резолюцияни қабул қилиб қўйиб¸ яна “Бор¸ борган жойингга боравер” дейдиган бўлса¸ Ислом Каримовга¸ Зокир Алматовга¸ Рустам Иноятовга бу қилган ишлари ниҳоятда қимматга тушади¸ деган эди Зайниддин Асқаров.

Зайниддин Асқаров қанчалик ҳақ эди – буни аниқлаш имконсиздек кўринади.

Ўзбекистонга жиҳодни очиқ даъво қилган Ўзбекистон исломий ҳаракати 2003 йилларда Афғонистон ва Покистон ўртасидаги тоғлар бағрида қувғинда юрган эди.

Турли ахборот воситалари ва Ўзбекистон ҳукуматининг расмий айбловларида тилга олинган “Исломий жиҳод иттиҳоди” гуруҳи эса ЎИҲ дан фарқли равишда виртуал бир гуруҳдек қолди.

Ўзбекистон ичкарисида эса ҳар қандай диний-сиёсий жамоанинг илдизи қирқиб ташланган ва 2003 йилларда мамлакат яширинча ҳаракатланаётгани расман даъво қилинган Ҳизб ут-Таҳрир, Ваҳҳобийлар каби оқимлардан бошқа ҳеч бир ҳаракат йўқ эди.

Шундай экан, қандай жиҳод ҳақида гап бораётгани ҳақидаги саволларга қачондир жавоб бериши мумкин бўлган Зайниддин Асқаров ҳам 2010 йил 12 ноябрда ўлик ҳолда уйига қайтарилди.

Шу тариқа, 1999 йил 16 феврал портлашлари мустақил Ўзбекистон тарихида диндорларга нисбатан илк кенг кўламли ва ошкора репрессияга асос бўлган бўлса, Асқаровнинг 2003 йилдаги сирли равишда тақдим қилинган баёноти Ўзбекистоннинг диндорларга нисбатан кенг кўламли репрессиясининг яна бир тўлқинига асос бўлди.

Тез орада ички ишлар ва прокуратура органлари терговчиларининг том-том айблов хулосаларида аввалига «жиҳодчиликни тарғиб қилган», кейинроқ эса «жиҳодчи гуруҳларни тузишга уринган», ундан ҳам кейин эса «Жиҳодчилар гуруҳига аъзо бўлган ёки етакчилик қилган», деган жумлалар пайдо бўлди.


2004 йил баҳор – Ўзбекистонда илк бор худкушлик содир этилди

2004 йилнинг 29 мартидан 30 апрелига қадар Тошкент шаҳрининг Эски шаҳар қисми ва Тошкент вилоятининг Қибрай туманида портлашлар содир бўлган эди.

Бунга қадар бир бор террор нималиги ва уни кимлар қилганини эшитган ўзбекистонликларга бу гал расмий ахборот воситалари яна бир янги ҳодисани таништирган эди – 2004 йилдаги портлашларда илк бор ҳудкушлик ҳужумлари ҳам кузатилгани ҳақида айтилган эди.

Расмий Тошкент баёнотларида 30 худкуш ўлдирилгани ёҳуд ўзини-ўзи портлатгани ҳақда баёнот берган эди.

Ўзбекистон расмий ТВда Чорсудаги ҳудкушлик ҳужумидан кейинги манзара ўлароқ тақдим қилинган жой.
Ўз вақтида улардан баъзиларининг исмлари жамоатчиликка эълон қилинган эди. Аммо бу исмлар остида тақдим қилинган марҳум ҳудкушлар аслида кимлар, қаерда яшаган, нима билан машғул бўлган, уларнинг яқинлари, жиноий шериклари ким, деган саволларз очиқ қолгани боис яна расмий Тошкент баёнотларига катта шубҳа туғилган эди.

Хусусан, Чорсу бозоридаги “Болалар дунё”си дўкони олдида ўзини ўзи портлатди, дея эълон қилинган ёшгина аёл – Дилноза Ҳолмуҳамедованинг ота-онаси ўликхонада уларга кўрсатилган жасад ўз қизиники эмаслиги ҳақида баёнот бериб, бу шубҳаларни асослаган эдилар.

Бу оиланинг мурожаатини ўрганишга ва Дилноза Ҳолмуҳамедова тақдирини аниқлашга уринган “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Аъзам Турғунов ўз вақтида ўзбекистонлик ҳудкушлар бўйича энг кўп суриштирув олиб борган ҳуқуқ ҳимоячиси эди.

Кейинчалик қамоққа ташланган Аъзам Турғунов Озодликка берган сўнгги интервьюларидан бирида ўз суриштирувлари натижасида худкушлик қилган ўзбекистонлик шахсларнинг ким экани жуда катта жумбоқ бўлиб қолаётгани ва шу боис, бунинг ортида ҳукумат турганини гумон қилишини айтган эди.

- Ҳар хил версияни кўрсатиш мумкин. Халқни чалғитиш учун¸ терроризм ва экстремизм бизда сақланиб қолган¸ деб кўрсатиш учун қилиш мумкин буни.

Лекин Ўзбекистонда ҳар учта одамдан иккитаси қулоқ бўлиб турган бир пайтда¸ бу нарсани олиб кириб¸ бу нарсани тайëрлаш жуда ҳам қийин.

Оддий ўзининг ҳақини талаб қилиб гапиришга қўрқиб турган одамнинг онгли равишда шу ишнинг ичига кириб бориб, ўзини портлатаман дейиши¸ бу ақл бовар қилмайдиган нарса. Лекин факт шуки – ҳақиқатда одам портлаган ва бу Ўзбекистон фуқароси, дейиляпти.

Буни чуқурроқ ўрганиш керак. Ҳақиқатан у ўзини англаб бордими? Агар англаб борган бўлса¸ шунча нарсани қаердан олаяпти? Ҳали ҳеч нарсага аниқлик киритилгани йўқку¸- деган эди ўшанда ҳар қандай хулосадан тийилган Аъзам Турғунов.

Ҳозир қамоқ жазосини ўтаётган Аъзам Турғунов.
Аъзам Турғунов 2004 ва 1999 йилги портлашларга алоқадорликда айбланган кўплаб диндорлар ҳуқуқини ҳимоя қилган ва айнан худкушларнинг шахсини аниқлаш бўйича қилган уринишлари учун қаттиқ тазйиқларга дучор бўлган эди.

Хусусан, ўзбекистонлик худкушларнинг шахсини аниқлашга оид мустақил суриштирувларга расмий Тошкент шу кунга қадар ҳам рухсат бермай келмоқда.

Лекин энг муҳими, бу портлашлардан сўнг Арабча сайтлардан бирида чоп этилган хабар орқали, ҳеч кимга маълум бўлмаган Исломий Жиҳод ташкилоти 47 кишини ҳаётдан олиб кетган портлашлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олганини билдирган ва шу бўйич бу ҳаракат виртуал майдондан ғойиб бўлган эди.

Аммо, у Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига навбатдаги асосий дастак бўлган эди.

Расмий баёнотларда «2004 йилда Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан ажралиб чиққан Исломий жиҳод иттиҳоди гуруҳи», деган жумла пайдо бўлган эди.

Исломий жиҳод иттиҳоди, дея ўзини тақдим қилган гуруҳ вебсайтидан олинган сурат.
Орадан уч йил ўтиб бу ташкилот номи Германияда - 4-сентябрда Германия худудида террор харакатлари тайёрлашда гумон қилиниб уч эркак, икки немис ва бир турк ҳибсга олинганидан кейин тилга олинган эди. Немис ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳибсга олинган эркаклар Исломий жиҳод иттиҳоди гуруҳининг Покистондаги лагерларида тайёргарликдан ўтганини айтишган эди.

Аммо, бу гуруҳ кўпчиликнинг назарида виртуал бир ҳодиса, айримларнинг назарида эса жамоатчиликни чалғитиш учун сунъий равишда виртуал оламга ташланган ғоя ўлароқ қолмоқда, холос.


2005 йил, 13 май — дин ва дунёвий мухолифат бирлигига илк қадам

2005 йилнинг 13 май жума куни Андижондаги Бобур майдонига тўпланган тинч намойишчилар ҳукумат тарафидан ўққа тутилган эди.

Тошкент ҳукумати 6 йил муқаддам Андижонда юз берган қирғинда 187 киши ўлганини билдирган. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисобича Андижон воқеасида 500дан 1000 нафаргача одам ўлдирилган бўлиши мумкин.

Андижон қирғини қурбонлари аниқ сони ҳанузгача номаълум.
Андижон воқеаларидан сўнг дунё бўйлаб тарқалиб кетган ва ҳозир турли давлатларда сиёсий муҳожир бўлиб яшаётган андижонликлар ўша куни президент Каримов билан учрашиш ва иқтисодий-ижтимоий муаммоларни у кишининг ўзига айтиш учун майдонга чиққанини айтадилар.

Бу митинг ташкилотчилари кейинчалик ўз асл мақсади бундан аввал қамоққа банди қилинган 23 тадбиркорнинг озод этилишига эришиш ва бу каби тадбиркорларга ҳужумларни тўхтатиш бўлганини айтган эдилар.

Ўша 23 тадбиркордан бири бўлган ва ҳозирда Ғарб давдатларидан бирида яшаётган Шамсиддин Атаматов Озодликка шундай деган эди:

- Бизда бошидан иқтисодий бирлашма бўлган. Шу бирлашма СНБнинг кўзга кўринган. Уларнинг бошқарувда турган вакилларни ушлаб қамашлигини “Бизнинг шу кунгача барпо қилган иқтисодий системамизга ҳужум”, деб тушунганмиз ва 23 нафарини қамаб қўйгани учун¸ системамизга қарши ҳужум¸ деб туриб ўзимиз қурган системанинг ҳимояси учун чиққанмиз.

Лекин¸ мана битта нарса борки¸ шу яъни 13 май биз учун ҳам кутилмаган ҳолат бўлган. Нима келган одамга деса: «Талаб қўяйликки¸ ҳеч бўлмаса бизнинг олдимизга келиб шунча одамнинг олдида қамалган тадбиркорлар оқлансин!» Биз ўша пайтда “Давлатни ўзгартириб юборамиз. Давлат ўзгариб кетади” деб ҳаракат қилмаганмиз, - деган эди Озодликка Шамсиддин Атаматов.


Шамсиддин Атаматов.
Аммо, ташаббусчилар тинч намойишлар, деб атаган митинг чоғида қурол ишлатилган ва расмий Тошкент қуролни биринчи бўлиб «Акромийлар» номли гуруҳга мансуб бўлган террорчилар ишлатганини айтган эди.

Орадан йиллар ўтиб – 2009 йилда Германияда тузилган “Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилоти фаолларидан бирига айланган Шамсиддин Атаматов расмий Тошкент баёнотларида тилга олирган қурол масаласида ҳам сўзлаган.

- Энди мана қурол деган жойига келсак¸ қуролнинг одамларда бўлишини ҳам икки хил тушуниш керак. Битта одам кимгадир зиëн қилмоқчи ëки зулм етказмоқчи бўлиб ҳам қўлига қурол олади. Бу жиноят. Лекин кимдир ўзининг онасини¸ яқинларини¸ фарзандларини¸ опа-сингилларини ҳимояси учун қурол олган бўлса¸ бу жиноят эмас. Менимча¸ бу қаҳрамонлик саналади. Ўша жойда одамлар провокация қилиб қурол тарқатган бўлса ҳам лекин улар (ҳукумат аскарлари – таҳ.)отишни бошладими?! Отишни бошлагандан кейин кимдир қуролни олиб шу одамларни ҳимоя қиламан деган бўлса¸ бугун мен шунақа одам бўла олмаганимдан ўзимдан афсусланаман, - дейди 2009 йилдан буён сиёсий ҳаракат ўлароқ Андижон воқеалари юзасидан адолат тикланиши учун курашни давом эттираётган Шамсиддин Атаматов.

Марказий Осиё республикаларида илк бор рўй берган бундай қонли қирғин дунё жамоатчилигини ҳам қаттиқ ларзага солган эди.

Ўшандаёқ ва ҳозирга қадар ҳам халқаро ҳамжамият 13 май куни Бобур майдонида содир бўлган воқеалар юзасидан мустақил суриштирувга рухсат берилишини талаб қилиб келмоқда. Аммо, бу сўров ҳанузга қадар қондирилмади.

Шу боис, Андижон воқеаларидан 6 йил ўтиб ҳам бу воқеалар ҳақида аниқ-тугал бир хулосани айтиш жуда мушкул.

Аммо, кейинги воқеалар сил-силаси баъзи тасаввурларни беради:

- 2005 йилнинг 3 октябрида Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қарши санкция қўллади. Бу санкция ЕИ-Ўзбекистон ўртасида шериклик ва ҳамкорлик келишувини қисман тўхтатиш, 12 ҳукумат аъзосига виза тақиқи ва қурол-яроғ эмбаргосини ўз ичига олди.

- 2006 йил аввалидан санкциялар юмшатила бошлади ва ЕИ-Ўзбекистон ўртасида шериклик ва ҳамкорлик келишуви тўлиқ тикланди. Шу йилдан бошлаб ЕИ раҳбарияти Андижон воқеалари устидан халқаро текшриув ўтказилиши ҳақидаги чақириқриқни кун тартибидан туширди.

- 2007 йилда Ўзбекистон ҳукуматининг 12 аъзосига жорий қилинган виза тақиқи бекор қилинди.

- 2008 йилда президент Ислом Каримов Андижон воқеаларидан сўнг илк бор Руминияда ўтган НАТО саммитида иштирок этди.

- 2009 йилнинг октябр ойида рамзий чора, дея танқид қилинган қурол-яроғ эмбаргосини бекор қилинди ва шу билан Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкция тўлиқ бекор бўлди.

Ислом Каримов ва Жозе Мануэл Баррозо.
- 2011 йил январ ойида Ислом Каримовни Брюсселда Европа Комиссияси раиси Жозе Мануэл Баррозо қабул қилди.

Шу тариқа, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти аъзолари ва Ўзбекистон мухолифат гуруҳларининг таъкидича, 2005 йилда содир бўлган Андижон воқеаларидан сўнг Ғарб ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасига бузилган муносабатлар ўтган 6 йил ичида тиклана-тиклана, қарийб воқеалардан аввалги ҳолига қайтди.

Буни қаттиқ қоралаётган Андижон — Адолат ва Тикланиш ташкилоти йиллар давомида Ўзбекистонни тарк этиб бориб, хориждаги катта жамоаларга айланган бошқа диндорлар билан бирлашиб 2011 йилда тузилган Ўзбекистон халқ ҳаракатига бирлашди.

2011 йилнинг 4 майида Германияда илк таъсис қурултойини ўтказган ушбу ҳаракат таркибида дунёвий саналган ўзбек мухолифати фаоллари, жумладан, “Эрк” демократик партияси аъзолари ҳам бор.


Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Ислом Каримов режимига қарши Стокҳолмда ўтказган акцияларидан навбатдагиси.
Бугунга келиб ўтган 20 йиллик даврга назар ташлаётган ва хусусан, диндорларга қарши репрессияларни кузатиб келаётган “Эрк” демократик партияси раҳбари ҳамда Ўзбекистон халқ ҳаракатининг етакчиларидан бирига айланган Муҳаммад Солиҳ диндорлар билан бирлашув сабабларини шундай изоҳлайди:

- Шунинг учун ҳам биз бирлашдикки, бугунги диндорлар Каримов ва унинг режими айтаëтгандай радикал ëки шу тушунчадаги инсонлар эмас. Булар ҳам бемалол биз билан битта столда ўтириб, битта минбардан чиқиб биз айтаëтган қадриятларни, биз ҳимоя қилаëтган принципларни ҳимоя қилиши мумкин эканини исбот қилиш учун бу бирлашув бўлди. Иншооллоҳ охири хайрли бўлади.

Озодлик: Яъни, бугунги диндорлар Тожикистон, Афғонистон ва бошқа жойларда қўлига қурол олиб юрган, ўша вақтда дунёвий муҳолифат билан келишувга эришмаган диндорлардан фарқли булар?

- Албатта. Ўша вақтда қўлига қурол олишга мажбур бўлган инсонларнинг ҳам ўзини оқлаши учун жуда кўп далиллари бор эди. Масалан: “Шундай ваҳший режим билан бошқа нима билан курашамиз? Сизларга ўхшаб сайлов билан курашамизми? Сизларга ўхшаб демократик принциплар билан курашамизми?”, дейишса улар, уларга қарши биз
жавоб айта олмаймиз.

Озодлик: Аммо норасмий маълумотларга кўра, ҳозир хориждаги Ўзбекистон халқ ҳаракатига аъзо бўлаëтган диндорларга ҳам Тоҳир Йўлдош, Жума Намангоний гуруҳларига қўйилган айбловлар қўйилаяптида. Гўëки булар айни гуруҳлар.

- Бу ақлга сиғмайдиган гап. Улар Тоҳирнинг гуруҳига қарши нақадар ахмоқона “далиллар” билан курашган бўлса, бугун ҳам буларнинг келтирадиган бирорта нормал далили йўқ. Масалан, Обид қорини радикал гуруҳнинг лидери, дейиш ақлга сиғмайдиган, куракда турмайдиган гап. Обид қорини бутун Ўзберкистон танийди ва унинг нима дегани ўртада. Шунга қарамай, “Булар ундай қилди, бундай қилди” деб гапиришса ақли салим инсонлар бундай тарғиботларга учмайди.

Озодлик: Лекин, Ўзбекистонда халқ орасида ҳам шов-шув юргани айтилмоқда. "Ўзбекистон халқ ҳаракатининг аъзолари бир нарсалар тайëрлаяпти, зўравонлик қилармиш, куч ишлатармиш" мазмунида. Айрим зиëлилар ҳам шу миш-мишларга ишониброқ, хавотир билан қараброқ туришибди. Ҳозир мухолифат билан бирлашган диний жамоаларда ҳам куч ишлатиш иштиëқи бор, деган тасаввур бор.

- Биласиз, бизнинг тарғибот-ташвиқот арсеналимиз катта эмас Ўзбекистон ичида. Информация майдони 100 фоиз Каримовнинг қўлида экан, албатта, улар истаган нарсасини, истаган ëлғонини истаган шаклда халққа етказади ва халқнинг бир қисми, балки жуда катта қисми ишониши ҳам мумкин. Аммо бу узоққа бормайди. Ëлғон узоққа бормайди.

Каримовнинг 1991 йилда айтган ёлғони қандай юзага чиққан бўлса, бу ëлғонининг ҳам умри қисқа бўлади, - дейди “Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон мусулмонлари ҳаётида кечган сўнгги 20 йиллик тарихга хотима ўлароқ.

Хулоса ўлароқ айтилса, айнан Андижон воқеаларида омонсиз ўққа тутилган одамларнинг дунё давлатларига тариқдай сочилган яқинлари орадан 4 йил ўтиб, хорижда бирлашдилар.

Бобур майдонидаги фожеадан 6 йил ўтиб, улар дунёвий саналган ўзбек мухолифатининг асосчилари билан бирлашдилар.

Бошқача айтилса, Ўзбекистонда диндорларга қарши репрессиялар бошида турган президент Ислом Каримов 1990 йиллар давомида ўзбек муҳолифатини сунъий равишда диндорлар билан бир сафга қўйишга уринган бўлса, бугунга келиб ўзбек муҳолифатининг хорижда шаклланган мухолиф диндорлар гуруҳи билан бирлашуви зарурат ўлароқ юзага чиқди.

Ва афтидан, Ислом Каримов Ўзбекистон ичкарисида қурган сиёсий-зўравон режим қанчалик қаттиқ бўлса, мустақилликнинг 20 йили ичида айнан у сабабчи бўлиб, хорижда қурилган унга мухолифлар бирлашмаси ҳам шунчалик собитдай кўринмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG