Линклар

Ўзбекистондан Россияга никотин моддасига эга маҳсулот ҳисобланмиш нос олиб кириш чекланди ва киши бошига 250 грамм қилиб белгиланди.


“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Россия сўровига асосан бу мамлакатга нос олиб ўтиш чеклангани ва киши бошига 250 граммдан зиёд бўлмаган миқдорда нос олиб киришга рухсат берилгани ҳақида қарор чиқарди.

“Кўрсатилган миқдордан ошган бу турдаги маҳсулот мусодара этилади ва йўқ қилинади”, дейилади миллий авиакомпаниянинг матбуот маркази тарқатган хабарномада.

Наманган аэропортининг ўзини таништирмаган ходими сўзларига кўра, бу тақиқ Россияга чиқаётган барчага тегишли.

- Йўқ, фақат “Ўзбекистон ҳаво йўллари” эмас, балки умуман Россига киришда ҳар бир кишига 250 граммдан рухсат берилган, холос. Сабабини билмадим. Бизга телеграмма келди: Россиядан хат билан авиакомпаниямизга чиққан, кейин бизга хат келган.

Носни товар сифатида олиб кетмоқчи бўлсангиз¸ сиз таможенний комитетга борасиз, ўшалардан маслаҳат сўрайсиз, ҳаммаси законний бўлса¸ биз жўнатаверамиз – унинг муаммоси йўқ юк ташишга. Лекин бунинг учун валюта ҳисоби бор юридик шахс бўлиши керак, муаммо шунда, дейди Озодликка “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг Намангандаги вакили.

Айни чеклов “Ўзбекистон темир йўллари” Давлат Акциядорлик Темир Йўл Компаниясида ҳам жорий этилганини компаниянинг Юк ва йўловчиларни ташиш бўлимининг ўзини Зиëда деб таништирган ходимаси маълум қилди.

У нос ташишнинг ажойиб ва замонавий ўлчов воситаси жорий қилинганини гапиради.

- Рухсат йўқ экан. Фақат битта баклашкага мумкин экан, у ҳам бўлса фақат ўзингиз учун экан. А так Россияда уни контрабанда дейишар экан, наркотик ҳисобланар экан. Сабабини билмадик. Буйруқ чиққан шунақа. Бу нарса бизда оддий нос ҳисоблангани билан Россияда наркотик ҳисобланади. Шу сабабли чекланган. Уни барибир у ерда таможнядан ўтказмайди. Битта 1,5 литрли баклашкага мумкин, ундан ортиғида рухсат йўқ, дейди Ўзбекистон темир йўл хизмати ходимаси.

Демак, носни Ўзбекистондан Россияга олиб кириш ҳам ҳаво йўли, ҳам темир йўл орқали кескин чекланди.

Ўзбекистон Божхона хизматида бу тақиқ нафақат Россия, балки бошқа мамлакатларга ҳам таалуқли эканлигини билдиришди.

- Ҳа, таъқиқланган. 200 грам рухсат этилган ҳозирча ҳамма мамлакатларга. Сабабини айтишмади. Бу қарор кучга шу ойнинг бошидан кирди, деди Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси расмийси.

Ўзбек расмийларининг иддаоларига кўра, бундай чеклов жорий этилишига биринчи навбатда Россия Ўзбекистонга йўллаган сўров асос бўлган.

Миллионлаб меҳнат муҳожирларининг сўнгги йилларда Марказий Осиëдан Россияга оммавий равишда кўчиб келаëтгани оқибатида маҳаллий аҳоли орасида носнинг кенг оммалашиши кузатилмоқда. Бундан хавотирга тушган маҳаллий қонун чиқарувчи вакиллар минтақаларда нос савдосини чеклаш уринишларини кучайтирмоқда.

2009 йил декабрида Кемерово вилоятида губернатор Омон Тулеев ташаббуси билан нос ва бошқа қатор тамаки маҳсулотларини сотиш ва ишлаб чиқариш умуман тақиқланди.

Россиянинг бошқа ўлкаларида “Тамаки маҳсулотларининг техник регламенти”, деб номланган амалдаги ҳужжатга биноан нос оддий чайналадиган тамаки маҳсулотига тенглаштирилган.

Россия Божхона хизмати расмий вакили Лариса Ледовских Озодлик билан суҳбатда носнинг Россияда енгил наркотик сирасига киритилмаганини тасдиқлайди.

- Нос тамакининг сочма тури бўлиб, божхона қоидаларига кўра бир киши хоҳ Қозоғистондан, хоҳ Ўзбекистондан 250 граммдан кўп бўлмаган миқдорда олиб кириши мумкин. У наркотиклар турига кирмайди. Бу янгилик шу йилнинг 1 июлидан жорий қилинган. Қолган маълумотлар “Жисмоний шахслар томонидан товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш қоидалари”, деган ҳужжатда ёритилган, дейди Озодлик билан суҳбатда Россия Божхона хизмати матбуот бўлими раҳбари Лариса Ледовских.

Носга қарши курашнинг нафақат Россия, балки МДҲнинг бошқа мамлакатларида ҳам бошланганини кузатиш мумкин.

Жумладан, 2008 йилда президент Бердимуҳамедов Туркманистонда нос ишлаб чиқариш, сотиш ва мамлакатга олиб киришни тақиқловчи қарорга қўл қўйди.

Бунинг ортидан Қозоғистон ва Тожикистон парламентларида носни тақиқлаш тўғрисида муҳокамалар бошланди.

Россиянинг Новосибирск ўлкасида меҳнат қилаётган янгиерлик Акбаржон ҳозирча Россияда нос сотиб олиш муаммоси йўқлигини гапиради.

- Ҳа, нос чекаман. Болалар олиб келади, бўлмаса бозордан оламиз. Бир пакетчаси 15-20 рубл. Бизнинг бозорда доимо бор. Бир-икки ой олдин орада йўқолиб қолди, кейин яна пайдо бўлди. Ўзим ҳам ярим кило- бир кило олиб келаман, одатда. Ўрис қизларни бозорда олиб нос чекканини ҳам кўрганман. Сотувчи таниш эди, “Нима қилади?”, десам “Бу менинг постоянний клиентларим”, деди. Бир хилда рус боллар ҳам сўраб келади носни. Ҳаммаси билади, биздан яхши билади, дейди Акбаржон.

Россиядаги “Грандтабак” тамаки маҳсулотлари дистрибюторлари ассоциацияси 2004 йили ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, Марказий Осиё мамлакатларидан Россияга 67 тонна нос олиб кирилган.

Марказий осиëлик муҳожирлар сони бир неча баробарга кўпайган 2011 йилга келиб Россияга йилига қанча нос олиб кирилаётганини ҳеч ким ҳисоблаганича йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG