Линклар

logo-print

Ўзбекистонда ким қаҳрамон?

  • Сарвар Усмон

Президент Каримов кўкрагига қаҳрамонлик нишонини тақадиган қорақалпоқ фермерининг юзлаб гектар сувга сероб ерлари бор.

Президент Каримов кўкрагига қаҳрамонлик нишонини тақадиган қорақалпоқ фермерининг юзлаб гектар сувга сероб ерлари бор.

“Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор топилганлар рўйхатига яна уч кишининг исм-фамилияси қўшилди.


Тахтакўпирлик фермер Сарсенбой Сейтназаров, олмалиқлик кончи Александр Фармонов, асакалик технолог Хасанбой Қосимовлар кўксини бундан буён “Олтин Юлдуз” медали безаб туради.

Мамлакат президентининг 23 август кунги фармонида айтилишича, тилга олинганлар “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига “Ватан мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтириш, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасида давлат ва халқ олдидаги улкан хизматлари, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳалардаги узоқ йиллик қаҳрамонона меҳнати учун сазовор бўлганлар”.

Фармон матнидан "Ўзбекистон Қаҳрамони" бўлиш учун нима қилиш кераклиги кўриниб турибди.

Қаҳрамонликнинг фармондаги аниқламаси умумий бўлгани учун, янги қаҳрамонлардан бири – қорақалпоғистонлик Сарсенбой Сейтназаров жасоратини ўрганмоқчимиз. Сейтназаровнинг юртдоши Алланиёз Утениёзовга 2001 йили “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилганида ҳеч кимда савол пайдо бўлмаган эди.

Қорақалпоғистонлик эски қаҳрамон Алланияз Утениязов.
Чунки бир умр мактабда ўқитувчилик қилган Алланиёз ака 1954 йилдан бошлаб ўз қўли билан 40 та уй, иккита мактаб, иккита болалар боғчаси, иккита касалхона, битта кутубхона қурган. 2000 йили 15 гектар майдонда боғ яратган.

Ҳар ҳолда Алланиёз акага қаҳрамонлик унвони берилгани тўғрисидаги матнларда шу фактлар келтирилганки, бу ишлар чиндан ҳам жасоратдир ва “Олтин Юлдуз” домланинг ҳалолидир.

Қорақалпоғистонлик фермер Қубай ака Ортиқовнинг фикрича, “Олтин Юлдуз” янги қаҳрамон Сарсенбой Сейтназаров учун ҳам ҳалол.

Озодлик: Қубай оға, Сарсенбой ака Сейтназаров деган фермеримиз “Ўзбекистон қаҳрамони” бўлибди.

- Ҳа¸ муборак бўлсин.

Озодлик: Биз ҳам табриклаб қўяйлик¸ деб ўзини топа олмаяпмиз. Сиз ҳам фермерсиз, тадбиркорсиз. Шу кишининг ишларидан хабарингиз борми?

- Бор. Жуда яхши фермер. Жуда меҳнаткаш йигит. Елиб-югуриб юрадиган одам. Ўзи билан танишмиз. Тўй-маъракада бир-икки марта учрашиб қолдик. Тошкентда бўлганман бир марта у билан.

Озодлик: У кишининг қаҳрамонлиги нимада деб ўйлайсиз?

- Қаҳрамонлиги ишни яхши ташкил қилгани, меҳнаткашлиги, одамгарчилиги, элга намуна бўларли ҳаракат қилаëтганида, дейди Қубай оға Ортиқов.

Демак, Қубай оғанинг фикрича, Сарсенбой Сейтназаров “Ишни яхши ташкил қилади, меҳнаткаш, одамгарчилиги яхши, элга намуна бўларли ҳаракат қилмоқда”.

Шунинг ўзи етарлими қаҳрамон бўлиш учун? Ахир Ўзбекистонда меҳнаткашдан кўпи борми?

Гап меҳнаткашликдагина эмасдир? Сарсенбой ака эришган муваффақиятнинг бошқа сири ҳам бордир?

Қубай акадан сўрадик:

Эндиликда "қаҳрамон" сенатор Сарсенбай Сейтназаров.

Озодлик: Муваффақиятининг сири нимада? Меҳнаткашлигидами ë бошқа бир сири ҳам борми?

- Меҳнаткашлигида. Бошқа сири йўқ, дейди Қубай оға.

Қониқмадик Қубай оғанинг гапидан: барибир бир гап бор!

Саволларни Сарсенбой Сейтназаровнинг ўзига беришнинг иложи бўлмагани учун у ҳақда эълон қилинган материалларни излаб топдик.

Маълум бўлишича, Тахтакўпир туманидаги “Тайимбет” фермер хўжалиги раҳбари Сарсенбой Сейтназаров 2006 йили 130 миллион сўм сарфлаб 478 миллион сўм даромад топгани учун “Ташаббус-2007” Ўзбекистон танлови ғолиби бўлган.

Юртдоши ва касбдоши Қубай оғанинг айтишича, Сарсенбойнинг даласи “Сувга яқин ерда, каналнинг бўйида жойлашган ерлари. Оғайнилари, инилари бор¸ жон куйдирадиган механизаторлари борда ўзида. Бирдамлик билан ҳаракат қиладиган одам”.

Ахир Ўзбекистонда даласи сув ёқасида бўлган фермер ёлғиз Сарсенбой эмас-ку?!

Демак, бу ҳам жуда заиф изоҳ.

Uzbekistan today нашрининг бундан икки йил олдин ёзишича, Сейтназаров 65 гектар ерда деҳқончилик қилиб, (бошқа маълумотларда Сейтназаровнинг ери 328 гектар) ҳар гектар ердан 46 центнердан пахта ҳосили олган, сатҳи 300 гектарли кўлидан 2008 йили 45 тонна балиқ тутиб сотган.

Икки йил аввал Сейтназаровнинг чорвачилик фермаларида қорамолнинг ўзи 200 бошдан зиёд, қўй-эчкилари ҳам юзлаб эди.

Сейтназаров бундан икки йил олдин консерва цехи очмоқчи эди, шу кунда цех ишлаётган бўлса керак, қаҳрамоннинг меҳмонхона, сартарошхона, сауна ва банкет залидан иборат аҳолига хизмат кўрсатиш маркази ҳам ишлаб турибди.

Ва ниҳоят, Uzbekistan today нашрининг ёзишича, бундан икки йил олдин Сейтназаровнинг бутун бошли машина-трактор паркида 30 дан зиёд техника бўлган. 2011 йилда қаҳрамоннинг техникаси ҳам анча кўпайгандир.

Хуллас, янги қаҳрамон Сарсенбой Сейтназаров рисоладагидай капиталист.

Капиталистнинг эса, биламизки, мақсади битта – капиталини кўпайтириш.

“Раҳмоннинг берганини шайтон қизғанибди”, демангу, қаҳрамонликнинг капиталист Сейтназаровга нима алоқаси бор?

Айниқса, бутун умри, ўқитувчиликдан топган тўртта сўм пули, ёзги меҳнат таътилларини хайрия ишларига - ўз қўли билан 40 та уй, иккита мактаб, иккита болалар боғчаси, иккита касалхона, битта кутубхона қуришга, 15 гектар майдонда боғ яратишга сарфлаган Алланиёз Утениёзов билан битта сафда – қаҳрамонлар сафида туришга Сарсенбой Сейтназаровнинг ҳаққи борми?

Ҳамюрти ва ҳамкасби Қубай Ортиқовнинг фикрича, ҳаққи бор:

- Унга тўғри берилди. Давлатимиз, президентимиз унга шунақа унвон берган экан¸ муборак бўлсин. Тўғри берилди¸ деб ҳисоблайман мен. Меҳнатни ўзи учун қилди деб айтамиз, лекин бу меҳнатнинг натижасидан эл-юрт фойда кўрдику. Қанча пахта берди, қанча буғдой берди. Ахир бу буғдой элнинг дастурхонига боради. Пахтанинг натижаси ўзига бўлса ҳам¸ давлатимиз сотади уни. Шунинг учун унга “Ўзбекистон қаҳрамони” деган унвон берилди. Мен шунақа тушунаман, дейди Қубай оға.

Қубай оға тушунаётган нарсани Қубай оғадай тушунишим учун ўзимни жуда қийнашим шарт эмас: тўғри, деб қўйсам бўлди – олам гулистон!

Лекин бугунги Ўзбекистонда тушунчалар, қадриятлар аралашиб кетгандай туюлаверади.

Бу чалкашлик ҳатто бугунги суҳбатдошимнинг гапларида ҳам яққол кўринади.

“Сармоядор одам. Топган сармоясига завод қурса элимиз учун, учта техника сотиб олса, уни капиталист деб айтиш менимча ноўрин. Тадбиркор у. Эл учун югурадиган инсон”, деб турган одам фикрини кутилмаганда мана бундай тугатди:

- Лекин у эл учун девонаи Машраб эмаску ахир ҳаммасини халққа берадиган. Ҳамма одамни бир одам боқа олмайдику. Ҳар ким ўз меҳнати билан кун кўради, дейди Қубай оға.

Хўш, бу чалкашлик илдизи қаерда?

Ҳамма гап, балки Ўзбекистон иқтисодиётининг шаклан капиталистик, мазмунан социалистик, сиёсатининг шаклан демократик, мазмунан коммунистик қолаётганидадир?

Мақолага сўнгги нуқтани қўйиш олдидан бугунги қаҳрамонимиз – янги қаҳрамон Сарсенбой Сейтназаров ҳақида яна бир-икки маълумот:

Янги қаҳрамон 1960 йил, 1 апрелда туғилган, олий маълумотли агроном, сенатор, Олий Мажлис Сенатининг ташқи сиёсат масалалари бўйича қўмитаси аъзоси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG