Линклар

logo-print

Ливия пойтахти Триполида чоршанба куни Муаммар Қаддафий режими тарафдорлари ва мухолифлари ўртасида отишмалар кун бўйи тинмади.

НАТО Қаддафийга тарафдор кучлар позицияларига ҳаводан зарбалар берди.

Бир кун аввал исёнчилар полковник Муаммар Қаддафийнинг Триполи шаҳри Бобул-Азизия мавзесида жойлашган қароргоҳини қўлга киритишга муваффақ бўлган эдилар.

Тўқнашувлар Триполининг жанубий ва марказий мавзеларида давом этмоқда.

Исёнчиларнинг айтишларича, Триполи учун бўлган жангларда 400 га яқин одам ҳалок бўлган, бир неча минг киши жароҳатланган.

Исёнчилар раҳбарлари бундан кейин Бенғозидан Триполига кўчиш ва барча сиёсий ишларни пойтахтдан туриб бошқариш мақсадида эканликларини билдирганлар.

Италия Ташқи ишлар вазирлиги тўрт нафар италян журналисти Ливияда олиб қочилгани, уларнинг ҳайдовчиси ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатди.

Улар Қаддафийга тарафдор кучлар тарафидан олиб қочилгани айтилмоқда.

Италия Ташқи ишлар вазирлигига кўра, олиб қочилган журналистларнинг икки нафари Миланда чиқадиган “Corriere della Sera” газетаси, бир нафари Туринда нашр этилувчи “La Stampa” рўзномаси ва яна бири “Avvenire” деб аталувчи газета мухбирларидир.

Журналистлар чоршанба куни Триполидан 50 километр ғарбдаги Зовия шаҳри яқинида олиб қочилган.

“Corriere della Sera”нашри олиб қочилган мухбири билан телефонда боғланишга муваффақ бўлгани ҳақда билдирди. Нашрга кўра, журналистлар Триполининг Риксос меҳмонхонаси яқинида ушлаб турилибди.

Триполидаги Риксос меҳмонхонасида Қаддафийга содиқ кучлар қўл остида ушлаб турилган 30 дан ортиқ хорижлик журналист кеча озод этилган эди.

Қаддафийнинг қаерда экани ҳануз номаълумлигича қолмоқда. Кеча у Триполидаги радиостанциялардан бири орқали қилган мурожаатида НАТО ракета зарбаларига учраганидан сўнг қароргоҳини “тактик мақсад”да тарк этгани айтди ва жангда ғолиб бўлиш ёки шаҳид бўлишга қасам ичди.

Ливия ўтиш даври ҳукумати Қаддафийнинг боши учун 2 миллион динор (1.6 миллион доллар - таҳр.) мукофот эълон қилди.

Ливия ўтиш даври миллий кенгаши раҳбари Мустафо Абдул Жалилнинг айтишича, бенғозилик исми айтилмаётган тадбиркор Қаддафийни ушлаб берган одамга шунча миқдорда пул беришни ваъда қилган.

Шунингдек, Абдул Жалил Қаддафий атрофидаги истаган шахс уни ўлдирса ёки қўлга олишга ёрдам берса, ўтмишда қилган жиноятлари авф этилишини айтди.

Ливия ўтиш даври миллий кенгаши Қаддафий режими қулатилиши ортидан фуқаролар ойлик маош ва нафақаларини тўлаш, мамлакатда тиббий ҳизмат ва хавфсизликни таъминлаш ишлари учун халқаро ҳамжамият зудликда 5 миллиард доллар ажратиши кераклигини айтмоқда.

Февралда Ливияда можаро бошланганидан кейин Қаддаффий режимига қарашли маблағлар музлатиб қўйилган эди.

Кеча Қатар пойтахти Доҳада Ливия бўйича ўтказилган халқаро анжуманда Ливия ўтиш даври миллий кенгашининг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчиси Ориф Али Найед БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва бошқа халқаро ташкилотларни Ливияга қарашли музлатиб қўйилган маблағларни шу ой оҳирига қадар очишга кўмаклашишга чақирди.

Ливияга қарашли музлатиб қўйилган маблағларни очиш ва уларни исёнчиларга беришга Жанубий Африка мамлакати қарши чиқмоқда.

Айни пайтда Ливия ўтиш даври миллий кенгашини яна икки давлат – Чад ҳамда Буркина-Фасо тан олди.

Аввалроқ Буркаина-Фасо Ташқи ишлар вазирлиги полковник Муаммар Қаддафийга сиёсий бошпана бериши мумкинлигини билдирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG