Линклар

Тожикистон томонининг Афғонистон шимолига электр сотиш режаси амалга ошмай қолди.

Шу йил июл ойи охирида 220 киловолт қувватга эга бўлган Сангтўда - Пули Хумри электр узатиш тармоғи қурилиши ниҳоясига етганидан сўнг Тожикистон томони Афғонистонга электр узатиш ҳажмини ошириши ҳақида хабар қилганди.

Энергетика ва саноат вазири муовини Пўлат Муҳиддинов икки ёқлама имзоланган шартномага кўра, 10 августдан бошлаб ўз мамлакати Афғонистонга кунига 11 миллион кВт/соат электр экспорт қилишини маълум қилганди. Шу тариқа келгуси икки ой давомида афғонистонликлар Тожикистондан жами 45 миллион кВт/соат электр энергияси қабул қилиб олиши кўзланган эди. Бироқ Тожикистоннинг “Барқи тожик” ширкати билан Афғонистонда фаолият кўрсатувчи “Dams” хусусий ширкатининг бу борадаги келишуви амалга ошмай қолди.

“Барқи тожик” ширкати матбуот хизмати раҳбари Нозиржон Ёдгорийга кўра, бунинг ўзига хос сабаблари бор.

- Афғонистон қишин-ёзин бу мамлакат шимолини электр билан таъминлашимизни талаб қилмоқда. Лекин қишда бизда ҳам электрга эҳтиёж катта бўлгани учун уларнинг таклифини қабул қила олмадик. Шуни назарга олган ҳолда, биз шартномада кўрсатилган миқдордан ортиқ электрни уларга сота олмаймиз, - дейди “Барқи тожик” ширкати расмийси Нозиржон Ёдгорий.

Бироқ Афғонистоннинг Душанбедаги элчиси Абдулғафур Орзу тожик мулозимининг бу айтганларни тасдиқламади.

Афғон расмийсининг билдиришича, томонлар келишувининг амалга оширилишига техник носозликлар ғов бўлмоқда, холос.

- Икки ёқлама имзоланган шартнома ижроси кечиктирилаётганининг асосий сабаби электр узатиш тармоқларидаги техник носозликлардир. Биз Тожикистон электрига катта эҳтиёж сезамиз. Бу носозликлар бартараф этилиши билан албатта Тожикистон томони белгилаган миқдорда электр импортга киришамиз, - дея билдирди Афғонистоннинг Душанбедаги элчиси Абдулғафур Орзу.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, айни пайтда Кобул ва Душанбе ўртасида электр экспортига оид имзоланган шартнома юзасидан баҳс давом этмоқда.

Кузатувларга кўра, ҳар йили айни қиш чилласида тожикистонликларнинг катта қисми электр таъминотидан узилиб қолади. Бунинг сабабини расмийлар Норак ва Сангтўда-1 ГЭСлари ишлаб чиқараётган электрнинг аҳоли эҳтиёжини қоплай олмаётгани билан изоҳлайди.

Шунга қарамай, Тожикистон томони Афғонистон ва Покистон билан электр экспортига оид шартномалар имзолаб келади.

Ўз навбатида, Афғонистон ва Покистон ҳам минтақада нисбатан арзон экани айтилаётган тожик электрига мойиллик кўрсатади.

Мустақил таҳлилчилар мулоҳазасича, Тожикистон ҳукумати ташқарига электр сотиш билан бир томондан мамлакатни қашшоқлик домидан чиқаришга уринса, бошқа томондан электр экспорти соҳасида шу пайтгача минтақада яккаҳоким бўлиб келаётган Ўзбекистоннинг энергетика бозорини касод қилишга ҳам уринмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Афғонистонга сотиладиган тожик электрининг ҳар киловатти 3,5 центдан этиб белгиланган. Тожик расмийларининг айтишича, бу Ўзбекистон Афғонистонга сотаётган электр нархидан икки ярим баравар арзонроқдир.

Эндиликда Тожикистон ҳукуматининг ягона умиди Роғун ГЭСидан. Расмийлар, агар бу йирик гидроиншоот ишга тушса, мамлакат ички ва ташқи энергетика бозори эҳтиёжини қондира олишига ишонади.

“Бироқ август ойи бошида Жаҳон банкининг Роғун қурилишини бошламай туришга оид тавсияси расмий Душанбе умидларини пучга чиқарди”, демоқда мустақил таҳлилчилар.

Соҳа бўйича мустақил таҳлилчи Ҳомиджон Орифов фикрича, Жаҳон банкининг сўнгги тавсияси Ўзбекистон энергетика бозорини қиздириб, афғонистонликларни эса қиммат нархда электр сотиб олишга мажбур қилмоқда.

- Ана шу тавсиядан кейин Тожикистоннинг қўшнилари ҳар йўл билан унинг Афғонистондаги энергетика бозорини эгаллашга ҳаракат қилади. Ўзбекистон ва яқинда Афғонистонга электр узатишни йўлга қўймоқчи бўлаётган Туркманистон ҳам Афғонистон энергетика бозорига дадил кириб боради ҳамда улар Тожикистоннинг Афғонистон билан электр экспортига оид келишуви амалга ошмай қолиши ва Роғун қурилиши кечиктирилаётгани ортидан пайдо бўлган бўшлиқдан фойдаланади, - дейди Ҳомиджон Орипов.

Туркманистон ахборот воситалари хабарларига кўра, Ашхобод ҳам Кобулга электр сотиш мақсадида 500 киловольт кучга эга электр узатиш тармоғини қуришга киришган.
XS
SM
MD
LG