Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:54

Каримова жамғармаси ҳомий изламоқда


Асосий ҳомийси Zeromax тугатилгач “Соғлом авлод учун” раҳнамоси Гулнора Каримова ҳам бу жамғармани тарк этган.


Ўзбек матбуотида “Соғлом авлод учун” жамғармаси яна 11 ногирон болани Германияга давъоланишга жўнатгани ҳақидаги хабар берилди.

Жамғарма ходимига кўра, мазкур 11 бола Германиядаги Friedensdorf International ташкилоти молиявий кўмаги ҳисобига даволаниб келади.

Бу хабарни суриштириш чоғида маълум бўлишича, муқаддам президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримов раҳбарлик қилган ва асосий ҳомийси Zeromax бўлган бу ташкилот ҳозирда президентнинг рафиқаси Татяна Каримова раҳнамолигига ўтган ва ҳомийлик “Ўзтрансгаз”, “Ўзнефтегаз” каби ташкилотларга қолган.

25 август куни кечки пайт “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси ва Германиядаги Friedensdorf International ташкилоти молиявий кўмаги ҳисобига Германияда даволанган 10 ногирон бола Ўзбекистонга қайтиб келди.

Жамғармадан олинган маълумотга кўра, бу болалар, асосан, қийшиқ оёқ ва лабида нуқсон билан туғилган болалардир.

Германиялик шифокорлар ҳар йили Ўзбекистонга келиб, турли вилоятларда шундай нуқсон билан туғилган болаларнинг ота-оналаридан тушган аризалар асосида болаларни тиббий кўрикдан ўтказади ва ўзлари амалиёт ўтказиб, тузатиши мумкин, деб билган болаларни Германияга олиб кетадилар.

“Соғлом авлод учун” хайрия жамғармасининг Озодликка микрофонсиз сўзлаган ходимига кўра, қанча болани олиб кетиш ва айнан кимни олиб кетиш масаласини немис шифокорларининг ўзи ҳал қилади.

- Биласизми, биз бу жараёнгша таъсир ўтказиш имконига эга эмасмиз. Бир фақатгина турли вилоятлар бўйлаб тушган аризаларни қабул қилиб оламиз ва уларга тақдим қиламиз. Ҳар йили баҳорда немис шифокорлари келади ва болаларни кўздан кечириб, уларнинг тиббий варақаларини олиб кетишади. Кейин ёзда бизга рўйхатни жўнатади, деди жамғарма ходими.

Ўзбекистондаги нуқсонли болаларни Германиянинг нуфузли шифохоналарида хайрия асосида даволатиш лойиҳаси 2002 йилда эришилган учтомонлама келишув – Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси ва Германиядаги Friedensdorf International ташкилоти ўртасида имзоланган.

“Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси расмий сайтида берилган маълумотга кўра, 2002 йилдан 2011 йилга қадар жами 200 бола Германияда даволаниб келган.

2011 йилдан бошлаб эса Германия томони тақдим қилган грант асосида 12 ёшгача бўлган оёғи қийшиқ туғилган жами 118 бола, лаби ёки юзида жиддий нуқсон билан туғилган жами 159 бола Ўзбекистоннинг ўзида жарроҳлик амалиётидан ўтган.

“Соғлом авлод учун” жамғармаси ходимининг Озодликка айтишича, бу жарроҳлик амалиёти учун маблағ тўлиқ Германия томонидан тўланган.

Озодлик мухбирининг: “Нега айнан нуқсонли болалар, нега жиддий хасталиклар билан оғриётган ва ҳаётига тўғридан-тўғри хатар бўлган касалликлар билан оғриётган болалар эмас?” деган саволига жавобан жамғарма мутасаддиси шундай жавоб берди:

- Бу Германия томонининг қарори. Лекин биз ҳозир юрак пороги билан туғилган болаларни Кореяга жўнатаяпмиз. 2007 йилдан 2011 йилга қадар жами 33 болани жўнатдик.

Озодлик: Бу ҳолда ҳам хаста болаларни Корея шифокорлари ўзи танлайдими?

- Ҳа, бунда ҳам биз фақат жўнатишни ташкиллаштириб берамиз, холос. Ҳозир ҳаракат қилаяпмиз, яна хориждан ҳомийлар топишга ва бошқа касалликлар билан оғриётган болаларни ҳам даволаниш учун чет элга жўнатишга. Энди ҳозир бизга ҳомийлар керак-да, деди “Соғлом авлод учун” жамғармаси ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Бу ходимга кўра, айни кезда жамғарма молиявий жиҳатдан ҳомийлар кўмагига муҳтож.

Жамғармага ҳомийлик қилаётган “Ўзтрансгаз”, “Ўзнефтгаз” ташкилотлари кўмаги бу жамғарма 1994-96 йилларда бошлаб қўйган лойиҳалар кўламини қоплай олмаяпти, афтидан.

Жамғарманинг асосий ҳомийси бўлиб келган Zeromax ширкати эса 2010 йил бошида Ўзбекистонда, 2010 йил октябрида эса¸ расман рўйхатдан ўтказилган Швейцарияда банкрот деб эълон қилинди.

“Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси 1993 йилда президент Ислом Каримовнинг махсус фармони билан тузилган эди.

Фармонда берилган топшириқ асосида Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси жамғарма иш фаолияти учун зарурий шарт-шароитларни таъминлаб берган ва бунинг учун яна қатор қўшимча қарорлар чиқарган эдик.

Ўз вақтида гуриллаб иш бошлаган жамғарма раҳбари эса у кезларда расман Ўзбекистон Савдо палатасида таржимон бўлиб ишлагани қайд этилган президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова экани айтилар эди.

Жамғарма ходими буни тасдиқлади ва дастлабки йилларда жамғарманинг кўплаб лойиҳаларига Zeromax ширкати ҳомийлик қилганини ҳам эътироф этди.

Ҳозир эса бу жамғарма раислиги расман муқаддам Хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлган Светлана Иномовага ўтган бўлса-да, амалдаги раҳбар президентнинг рафиқаси Татъяна Каримова бўлиб қолмоқда.

- Гулнара Каримованинг лавозими ўзгарган. У киши Ўзбекистон Маданияти ва санъати форумига ўтган. Ҳозир кураторимиз Татъяна Акбаровна¸ деди жамғарма расмийси Озодлик билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG