Линклар

Москва полициясига кўра¸ Россия миллатчилари 25-28 августда Москвада оммавий норозилик тадбирлари уюштирмоқчи.


Россия пойтахти ҳуқуқ-тартибот тузилмалари миллатчилар бошлаши мумкин яна бир оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўрмоқда.

13 август куни Москванинг “Гараж” тунги клуби ёнида доғистонлик чемпион Расул Мирзаев маъшуқасига тегажоғлик қилган 19 ёшли талаба Иван Агафонов Мирзаев зарбасидан кейин тўрт кун комада ëтиб вафот этди. Аралаш яккакураш бўйича уч марта жаҳон чемпионининг чап қўл билан берган фожеий зарбаси¸ аниқроғи бу воқеага Россия адлия тизими ëндашуви миллатчилар нафратининг яна юзага сизиб чиқишига туртки бўлмоқда.


Расул Мирзаев суд ҳукмини кутмоқда.
Полицияга ўз ихтиёри билан келгач ҳибсга олинган Мирзаев Россия Самбо Федерацияси ходимлари, Давлат Думаси депутатлари ва Доғистон парламенти кафиллиги остида 22 август куни Москванинг Замоскворечье суди томонидан 5 миллион рубл гаров пули эвазига озод қилинди.


Аммо 23 август куни Москва шаҳар суди 25 ёшли кураш устаси Расул Мирзаевнинг гаровга озод этилиши тўғрисида чиқарилган олдинги суд қарорини бекор қилди ва Мирзаевни қайта қамоққа олди.

Кузатувчилар фикрига кўра, Мирзаевнинг қайта ҳибсга олиниши Москвада миллатчиларнинг оммавий тартибсизликларини олдини олиш мақсадида қилинган.

Зотан¸ ўтган йил декабр ойида кавказликлар билан бўлган жанжалда футбол фанати Егор Свиридовнинг ўлдирилгани ортидан Москванинг Манежная майдони ва бошқа жойларида оммавий тартибсизликлар юзага келган эди. Айнан кавказлик айбланувчилар ҳисбдан озод қилинганидан кейин бошланиб кетган тўполонларда асосан марказий осиëлик меҳнат муҳожирлари жабр кўрган - юзлаб гастарбайтер миллатчилар томонидан калтакланиб¸ бир нечаси ўлдирилган эди.

Шундай бўлса-да¸ Озодлик билан суҳбатда Москва шаҳар суди расмийси Мирзаевнинг қайта ҳибсга олиниш сабабларини бошқача изоҳлади.

- Қарор чиқарар экан¸ Замоскворечье туман судяси Мирзаевнинг хорижга чиқиб кетиши мумкинлигини ҳисобга олмаган. Шунингдек, жиноий иш материалларида унинг яшаш жойи тўғрисида қарама-қарши маълумотлар келтирилган. Терговчининг бу кўрсатмалари Замоскворечье суди қарорида ўз аксини топмаган, дейди Москва шаҳар суди матбуот маркази раҳбари Анна Усачёва.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг матбуотга билдиришича, миллатчиларнинг 28 август кунги норозилик тадбири “Спартак” ва ЦСКА жамоалари ўртасидаги футбол ўйинидан кейинга режалаштирилмоқда. “КоммерсантЪ” газетасининг ëзишича¸ футбол ишқибозлари орасидаги миллатчилар декабрдаги оммавий тартибсизликлар сценарийси бўйича Комсомолский проспекти бўйлаб оммавий юришга тайёргарлик кўрмоқда.

Замоскворечье суди олдида норозилик намойишига тўпланишга даъват қилувчи кўп сонли варақалар қўлга олинганини билдирган Москва полицияси расмийлари¸ иккинчи Манежная жанжали келиб чиқиши олдини олиш мақсадида фанат гуруҳлари етакчилари билан учрашди ва тартибсизлик юзага келса уларнинг шахсан жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирди.

Айни пайтда¸ шу кунларда Россия Интернет ҳудудида миллатчилик ва ксенофобия руҳидаги чақириқлар болалаб бормоқда.

Кузатувчилар тақирбош ва бошқа миллатчиларнинг оммавий чиқишлари оқибатида¸ биринчи навбатда¸ ҳуқуқсиз марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари жабрланиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Россиялик жамиятшунос Александр Тарасов Озодлик мухбири билан суҳбатда, 11 декабр куни Манежная майдонидаги воқеаларнинг қайта такрорланиш-такрорланмаслиги¸ энг аввало ҳукуматнинг тезкор ва қатъиятига боғлиқ, деган фикрда.

- Ашаддий сўлчилар бу ҳодисадан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишлари аниқ - уларга баҳона бўлса бўлди. Аммо уларнинг ўз мақсадларига етиш-етмасликлари ҳукумат позициясига боғлиқ: хоҳласа олдини олади, хоҳламаса – йўқ. Ахир Манежная майдонида тартибсизликлар бўлиши уч кун олдин маълум бўлган эдику!. Ўшанда ҳукумат негадир томошабин бўлиб турди... Бир ойдан кейинги миллатчилар чиқишларини эса полиция бошланмасдан тарқатиб юборди, дейди Александр Тарасов.

Россиядаги ижтимоий психологияни йиллардан бери тадқиқ этиб келаëтган Сергей Епископов эса¸ Агафонов ўлими баҳонасида миллатчиларнинг оммавий чиқишлари бўлиши турган гап эканини айтади.

- Мамлакатимизда кўп одам суд қарорлари, тергов хулосаларини адолатсиз деб билади. Манежнаядаги воқеалар энг аввало шу ҳиссиёт билан боғлиқ. Одамларни бирор масала хавотирга солмаса¸ кўчага чиқариш осон иш эмаску! Москвада кавказликлар¸ қолаверса меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ вазият, масалан, кўпчиликни қониқтирмайди... Мана шунинг ўзи ҳар қандай портлашга олиб келиши мумкин, дейди руҳшунос Сергей Епископов.

Москвадаги Замоскворечье туман суди олдидаги норозилик тадбирини ташкиллаштираëтган миллатчилар намояндаларидан бири – тарқатиб юборилган Ноқонуний Иммиграцияга қарши ҳаракатнинг собиқ етакчиси, ҳозирда эса “Русские” ҳаракати раҳбарларидан бири Александр Белов Озодлик билан суҳбатда режалаштирилаëтган тадбирлар мақсадини изоҳлади.

- Биз адолатли суд талаб қиляпмиз. Суд қарори қасддан қилинган қотилликни бехосдан содир бўлган қотилликка айлантириб юбормаслигини талаб қиляпмиз. Ҳар ҳолда ҳукумат бизнинг бугунги чиқишимизга нормал муносабат билдирди. Мирзаев озод қилинишига қарши бизнинг Россия Тергов қўмитасига юборган шикоят аризамиз тезда кўриб чиқилди ва жавобига ўзингиз гувоҳсиз: Мирзаев яна қамоқда. Россия судларига ишонч қолмаганидан кейин шундай усуллар ёрдамида босим ўтказишга мажбур бўлаяпмиз. Полиция Манежная майдони такрорланишидан қўрқиб қолган, дейди Россия миллатчилари етакчиси Александр Белов.

Рингда “Қора йўлбарс” лақабини олган Расул Мирзаевнинг 26 августга қадар ҳибсда сақланиши белгиланган.

Айни пайтда, Мирзаевнинг асли украиналик маъшуқаси ўзига миллатчилардан кўплаб таҳдидлар келаётгани боис¸ кучишлатар тизимларига мурожаат қилиб¸ ўзини ҳимоя қилишларини сўрагани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG