Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:39

Ўзбек божхоначилари хавфли ахборот изламоқда


Мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистон ҳудудига олиб келинаëтган CD, DVD ва флеш карталар қаттиқ назорат қилинмоқда.


22 август куни Қирғизистондан Ўзбекистонга қайтган мустақил журналист Елена Бондар аэропорт ходимлари томонидан бир неча соат ушлаб турилди.

Божхоначилар журналистнинг учта СД-диски, тўртта флеш карта, ҳамда иккита видеокассетасини экспертиза учун олгач¸ ўзини қўйиб юборган.

Журналист Елена Бондарга ундан акт қилиб олинган шахсий ахборот ташувчи мосламалари¸ ҳозирча¸ қайтарилмаган. Елена Бондар ўзидан олиб қўйилган ахборот Ўзбекистон хавфсизлик идораларига нима учун таҳликали кўринганини тушунмаслигини айтади.

- Паспорт назорати ходимлари бошидан ахборот ташувчи мосламаларни қидиришни буюришди. Улар айнан флеш карта ва дискларни қидиришди. Бундан ташқари¸ менда турли китоблар бор эди. Аммо китоблар уларга қизиқ эмас эди. Мендан тортиб олинган дисклардан бирида ўтган йил Бишкекда бўлган фотокўргазма суратлари бор эди. Қолганида Қирғизистонга оид мақолалар, расмлар, ҳамда журналистикага оид ўқув
материаллар бор эди, дейди тошкентлик мустақил журналист.

Елена Бондарнинг Ўзбекистон чегарасидан ўтаётган пайтда ушлаб турилиб, ахборот мосламаларининг текширувга олиниши биринчи ҳолат эмас.

Бундан тўрт йил олдин, 2007 йил январида андижонлик ҳуқуқ фаоли 40 ёшли Гулбаҳор Тўраева «Эрк» мухолифат партиясига тегишли китоблар билан ўзбек - қирғиз чегарасини кесиб ўтаётган пайтда ҳибсга олинган ва кейинчалик олти йиллик қамоқ жазосига тортилган эди.

2006 йил декабрида эса ўзбекистонлик яна бир таниқли ҳуқуқ фаоли Умида Ниёзованинг ноутбуки, овоз ёзиш мосламаси ва фуқаролик гувоҳномаси тортиб олинди ва конституциявий тузумга қарши материалларни сақлаганликда айбланди. Ҳуқуқ фаоли Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича суди томонидан дастлаб 7 йил, сўнгра уч йилга шартли равишда кесилди.

Шундан буён Ўзбекистондаги бундай тартиб фақатгина кучайиб боргани кузатилади.

Фарғона аэропорти мулозимининг Озодлик мухбирига берган изоҳича¸ бундай назорат мамлакатга порнография ва экстремистик материалларни киритмаслик мақсадида жорий қилинган.

- Самолётга чиққанингизда Т6 декларация беради. Олтинчи графага ўтганингизда¸ товарлар номи деган жойи бор. Мана компютер олиб келаяпсизми, бошқа нарсами шу олтинчи графага ёзасиз. Энди СД дисклар бўйича - порнография бўлмаслиги керак, ундан кейин
ақидапарастликка жалб қилувчи нарсалар бўлмаса олиб келсангиз, болалар компютерда ўтириб, кўриб, текшириб, ҳаммаси сизнинг ўзингизнинг шахсий нарсангиз бўлса¸ биров сизга ҳеч нарса демайди. Ҳозирги кунда шундай талаб бўлаяпти. Ундан кейин тарғибот-
ташвиқот қиладиган нарсалар бўлмасин. Олмайди ҳеч ким, олдингизда текшириб қайтариб беради сизга. Агар сизда ноқонуний, яъни порнографияни олиб келаётган бўлсангиз олиб қўйишади, ёки тарғибот-ташвиқот ишларини қилиш учун дисклар бўлса, олиб туриб, материал қилиниб, кейин судга берилади, дейди Фарғона аэропорти
ходими.

19 август куни мустақил Newsuz.com сайти тарқатган хабарга кўра, Москвадан учиб келган фуқаро қўл телефони флеш картаси¸ шунингдек компютер қаттиқ дискидан 660 дан ортиқ диний мазмундаги материал топилган. Худди шу рейс билан учиб келган яна бир ўзбекистонликнинг мобил телефонида диний аудиоматериал борлиги аниқланган ва бу адабиётлар “экстремистик даъватлар” деб топилган.

Республика Давлат божхона қўмитаси сўнгги 7 ой ичида босма, аудио, видео ва электрон шаклдаги диний адабиётларнинг ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ 193 та ҳолат қайд этганини маълум қилади.

Озодлик билан суҳбатда ўз исми ошкор этилишини истамаган Марказий Осиёда интернет ва ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассис Ўзбекистондаги бундай тартиб самарадорлигини шубҳа остига қўяди.

- Албатта, ахборотнинг киришини бошқа давлат хавфсизлик хизматлари ҳам назорат қилиб туради¸ лекин Ўзбекистон ва Туркманистон каби синчковлик билан эмас. Аслида бу текширувлар ахборотни қандай сақлашни билмайдиган ёки бу ҳолатга енгил-елпи қарайдиган одамларга қаратилган. Ҳақиқий экстремистик ёки террорчи гуруҳ аъзолари
бундай тўрга илинмайди, дейди ахборот хавфсизлиги бўйича мутаҳассис.

Унга кўра, Ўзбекистон божхоначиларининг ахборот ташувчи мосламаларни текшириш усуллари анча самарасиздир.

- Божхона ходимлари томонидан амалга оширилаётган ҳаракатларнинг ҳаммаси примитивдир. Иш юзасидан баъзи ахборотларни сақлайдиган ҳуқуқ фаоллари ва журналистларга келсак, улар айёрроқ бўлишлари керак. Чунки ахборот олиб кириш истаги бўлса¸ уни интернет тармоғи орқали хавфсиз йўллар билан ҳам Ўзбекистон ичида туриб олиш мумкин¸ дейди у.
XS
SM
MD
LG