Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:32

Давлатова пикет ўтказа олмади


Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Татяна Давлатова.
Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Татяна Давлатова.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Татяна Давлатова ўғлининг қамоққа олинишини ўзининг сиёсий фаолияти билан боғламоқда.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Татяна Давлатова Яккасарой туман ички ишлар бўлими олдида 26 август куни эрталаб норозилик намойиши ўтказмоқчи бўлганини хабар қилди:

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли мана шу плакат билан пикет қилмоқчи эди

-Мен Яккасарой туман ИИБ ёнидаман. Иккита плакат олиб келдим. Бирида “Ўзбекистондаги миллий озчиликларнинг конституциявий ҳуқуқига риоя қилишингизни талаб қиламан” деб ёзилган, иккинчисида “Ўғлимни таъқиб қилишни ва сиёсий фитналарга аралаштиришни бас қилинг” деб ёзилган. Чунки бу босим аслида менга қаратилган. Мен гапирмасдан, жим ўтиришим учун ўғлим орқали таъсир ўтказмоқда. Терговчидан қарорни олиб, ўғлим аниқ қаерда эканлигини билганимдан сўнг плакатларим билан намойиш қиламан. Мени талабим битта: Ўзбекистондаги конституциявий ҳуқуқларимиз амал қилинсин, - деди Татяна Давлатова.

ҳуқуқ фаоли конституциявий ҳуқуқларига риоя қилишларини талаб этмоқда

Куннинг иккинчи ярмида ҳуқуқ фаоли норозилик намойишини ўтказа олмаганини айтди.

-Мен ўғлим билан учрашувни талаб этиб, плакат билан турган эдим. Яккасарой туман ички ишлар бўлимининг қидирув бўлими бошлиғи Машуров деган одам плакатларни тортиб олди. Мени ва эримни икки соат давомида сабабсиз ушлаб туришди,- деди Татяна Давлатова.

55 ёшли ҳуқуқ фаоли Татяна Давлатова Тошкентда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ норозилик чиқишлари билан танилган. Унинг ўғли 33 ёшли Юрий Давлатов 22 август куни наркотиклар савдосига алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди. Татяна Давлатова ўғли билан шу пайтгача учраштиришмаётганидан шикоят қилади:

-Улар беш кундан бери ҳатто ўғлим учун овқатни олишмаяпти, ўғлим Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасида эканини айтишаяпти. Терговчи эса шу пайтгача ўғлимни ҳибсга олиш қарорини бермаяпти. Бу қоғозни у биринчи куниёқ бериши керак эди, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Етти йилдан буён ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиб фаолият юритаётган Татяна Давлатова “Бирдамлик” ҳаракатининг Ўзбекистондаги раҳбарларидан бири ҳисобланади.

Ҳаракат ушбу ҳолат бўйича баёнот эълон қилиб, Татяна Давлатованинг ўғли ҳибсга олинганини онасининг сиёсий фаолияти билан боғлади.

Муқаддам Татяна Давлатованинг ўзи Россия 1” телеканалига берган интервюси учун маҳкамага тортилган.

Ўз интервюсида ҳуқуқ фаоли Ўзбекистондаги русийзабонлар "турмуши ёмон"лигидан шикоят қилган эди. Кейинчалик Яккасарой туман суди Татяна Давлатовани “ўзбек халқини камситганликда” айбдор деб топиб, 10 миллион сўмлик жаримага тортган.

Эслатиб ўтамиз, ҳуқуқ фаолининг ўғли ҳибсга олинганидан сўнг, унинг уйида Яккасарой ИИБнинг ходимлари томонидан тинтув ўтказилди, аммо ҳеч нарса топилмади.

Яккасарой туман Ички ишлар бўлими терговчиси Александр Югай Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ҳуқуқ фаолининг ўғли наркотик моддаларни тарқатиш, яъни Ўзбекистон жиноят кодексининг 273-моддаси, 5- банди билан ҳибсга олинганини маълум қилди. У тергов жараёни қонун асосида олиб борилаётганини маълум қилди.

Александр Югай ҳуқуқ фаолига 26 август куни ўғлини ҳибсга олиш қарори ҳам берилишини айтди.

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, ҳуқуқ фаолининг ўғли Ўзбекистон мустақиллигининг 20 -йиллиги олдидан наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишини аниқлаш рейдида қўлга олинган. 8 августдан буён бўлаётган рейд давомида 51 шахс қўлга олингани айтилади.
XS
SM
MD
LG