Линклар

Авжи саратонда Тошкентда тарқалган ўткир ичак инфекциясининг эпидемияга айланмаслиги учун профилактика ишлари бормоқда.


Тошкентда тарқалган ўткир юқумли касаллик оқибатида 5 яшар қизалоқ нобуд бўлди ва шифокорлар бунинг вабо эканини тасдиқлади¸ деб ëзди Uznews.net ахборот агентлиги ўз аноним манбасига таянган ҳолда.

"Тошкент шаҳридаги 4-болалар юқумли касалликлар шифохонасининг жонлантириш бўлимига август ойида 80 дан ортиқ бемор ётқизилган.

Айнан шу касалхона вабо касаллигига чалинганлар рўйхатида олдинда", деб ёзади жумладан “Uznews.net”.

Озодлик мазкур мавзуни ўрганиш жараёнида Тошкентдаги оилавий поликлиникалар ва болалар боғчалари билан боғланишга ҳаракат қилди. Суриштирув давомида Тошкентда вабо чиққани ҳақидаги хабарни тасдиқлашнинг имкони бўлмаса-да¸ ëзнинг авжи палласида юқумли касалликлар билан боғлиқ вазиятнинг жиддий экани аниқланди.

Пойтахтдаги поликлиникалардан бири ҳамшираси Тошкентда вабо касаллигига учраган қизалоқ ҳақида миш-миш тарқаганини айта туриб¸ аслида воқеанинг бироз бошқача ечим топганини таъкидлади:

- Битта қизнинг ичи кетиб, температураси кўтарилган. Шуни текшириб аниқлашди. Бошида вабо деб тахмин қилишди. Шу учун "бу ҳолат яна такрорланмасин", деб ҳаммага айтишиб чиқишаяпти. У қиз ювилмаган тарвуз еган экан, температураси кўтарилиб, ичи кетиб қолган. Ўзи болаларга ҳозир ҳамма мевалар тўғри келмайди. Биласиз, кўпчилиги сунъий, дори билан бўлаяпти. У қиз соғайди. 20 кунча температураси баланд бўлгани учун ҳамма ваҳимага тушган-да, дейди "Тошкентда вабо тарқалди" деган ваҳимага муносабат билдирган поликлиника ҳамшираси.

У айни пайтда бу суҳбатдош пойтахтда ҳар йилгидай поликлиника ходимлари аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб боришаётганини ҳам айтади:

- Ҳозир юқумли касалликлар чиққан - ич кетиш, дизентерия. Шуни олдини олиш учун “болаларга қаранглар, ичи кетиб қолмасин, температураси кўтарилмасин” деб айтиб чиқишаяпти. Ҳозир ювилмаган мевалардан кўп касалликлар чиқаяпти, сариқлар (гепатитга чалинганлар демоқчи-таҳр) бор, дейди поликлиника ходимаси.

Озодлик мухбири билан суҳбатда оддий тошкентликлардан бири шифокорлар уйма-уй юриб ёш болали хонадонларга сувни қайнатиб ичиш, меваларни ювиб истеъмол қилишни тавсия этаётганини айтади. Маҳалла ҳамширалардан бири бизга малярия тарқалганини хабар берди¸ деб қўшиб қўяди бу манба.

Тошкент шаҳрининг Ҳамза туманида жойлашган оилавий поликлиникалардан бири ҳамшираси ҳам тиббиёт ходимлари аҳоли орасида профилактика ишлари олиб бораётганини тасдиқлади:

- ОКИ (ўткир ичак инфекцияси -таҳ.)ни олдини олиш учун, гепатит "А"нинг олдини олиш учун қўл-ювиш тартибини ўргатишаяпти. “Қайнатилган сув ичилсин, меваларни ювиб есин”, дейишаяпти. Лекин малярия чиқмаган, дейди пойтахтнинг Ҳамза туманидаги оилавий поликлиника ходимаси.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган болалар боғчаси ходимаси юқумли касалликлар пайдо бўлгани ҳақида ўз тахминини айтди:

- Ким билади, бир-иккита болаларга бир нима тошиб, қизил-қизил бўлиб келди. Шу болаларни келтиришмаяпти боғчага. Шуни айтишдимикин? – дейди болалар боғчаси ходимаси.

Айни пайтда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати шу йилнинг июн ойида ўтказилган матбуот анжуманида қорин тифи, куйдирги, шол каби юқумли касалликларга тўлиқ барҳам берилганини билдирган эди.

"Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг эътироф қилишича, - дейилади матбуот хизмати тарқатган баёнотда, - Ўзбекистонда барқарор эпидемиологик вазият сақланиб турибди".

Вабо ўткир юқумли касаллик бўлиб, қусиш ва ич кетиш натижасида организм сувсизланиши билан кечади. Касалликка чалинган кишидан кўп миқдорда суюқлик чиқиб кетади, иштаҳаси йўқолиб, дармони қурийди. Ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаса, ўлим юз беради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG