Линклар

Oxus Gold АҚШ-Ўзбекистон Савдо палатасига мурожаат қилди


Oxus Goldнинг Ўзбекистондаги собиқ ходими Саид Ашуров.

Oxus Goldнинг Ўзбекистондаги собиқ ходими Саид Ашуров.


12 сентябр куни Америка-Ўзбекистон Савдо палатаси кенгашининг Oxus Gold ширкати адвокати билан учрашиши кутилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон билан халқаро судда тортишишга қарор қилган Oxus Gold ширкати адвокати, Amsterdam&Peroff адвокатлик фирмаси раҳбари Роберт Амстердам хабар қилди.

Унга кўра¸ бўжалак учрашувда Oxus Gold томони АҚШ-Ўзбекистон Савдо палатаси бошқарув кенгаши билан Тошкент расмий идоралари ва Британия ширкати ўртасидаги муаммолар¸ хусусан ширкат собиқ бош технологи Саид Ашуровни озод қилиш уринишлари муҳокама этилади.

Ўзбекистон суди Тожикистон фуқароси Саид Ашуровни жосусликда айблаб¸ 11 августида уни 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

- Биз Ўзбекистонга сармоя киритишни тарғиб қилишда фаол бўлган Америка-Ўзбекистон Савдо палатасига мурожаат қилдик ва улардан бу ходимнинг озод этилишида ўз имконларини ишга солишни сўрадик. Умид қилиб турибмизки, 12 сентябр куни бу палата кенгаши аъзолари билан учрашувга эришамиз, деди Роберт Амстердам.

Америка-Ўзбекистон Савдо палатаси 1997 йилда тузилган ҳамда Тошкент ва АҚШда ўз ваколатхоналарига эга.

Палатанинг жами 15 аъзолик кенгашида биргина ўзбек расмийси - Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳом Неъматовгина қайд этилган.

Oxus Gold адвокати Роберт Амстердам Саид Ашуровга қўйилган айбловларни асоссиз ва бу судловни Ўзбекистон ҳукуматининг Oxus Gold ширкати билан можароларига бевосита дахлдор, деб билишини айтади.

Ўзбекистон ҳукумати эса Oxus Gold ширкатини шартнома талабларини бузганлик, солиқдан бўйин товлаганлик, оффшор ҳудудларда банк ҳисобларидан ножўя фойдаланганлик ва шу билан Ўзбекистон қонунларини бузганлик каби бир қатор иқтисодий жиноятлар¸ айни пайтда атроф-муҳитга катта зиён етказганликда ҳам айблаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG