Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:29

"Ўзбекистонда кўприк қолмади"


Андижонлик Неъмат ака¸ кўприк деганда халқ ва ҳокимият ўртасида воситачи бўлиши лозим деб билгани оммавий ахборот воситаларини назарда тутади.



Озодликнинг “Эркин микрофон”ига мурожаат қилган бири андижонлик, иккинчиси сурхондарёлик йигитлар билан ўтказганимиз суҳбатларни битта танганинг икки томонига ташланган назар, дейиш мумкин.

Андижонлик суҳбатдошимизнинг журналистикага алоқаси йўқ.

У - оддий радиотингловчи, телетомошабин, газетхон.

Сурхондарёлик суҳбатдошимиз эса, журналист.

Бири иккинчисининг нима деганидан бехабар суҳбатдошларимиз бугунги ўзбек журналистикаси аҳволи тўғрисида беихтиёр бир-бирини тўлдирадиган фикрлар билан ўртоқлашдилар.


Журналистикани ташлаб, Россияда қурувчилик қилаётган сурхондарёлик йигит билан суҳбат

Ўзбекистонлик чегарачилару божгирларнинг қўполлиги тўғрисидаги гаплардан бошланадиган суҳбат кейинроқ журналистика мавзуига кўчади.

Озодлик: Сизни таништирамизми?

- Таништирмасангиз ҳам бўлади.

Озодлик: Ўзингиз журналистсиз-а?

- Ҳа, журналистман. Демоқчиманки, журналистлар ҳам мана Россияда ризқини тераяпти. Чунки Ўзбекистондаги аҳвол ўзингизга маълум. Лекин мен бундан нолимоқчи эмасман. Ҳар ҳолда қимирлаган одам ўзининг кунини кўриб, ўз ризқини топиб, ўзини ўнглаб кетади. Фақатгина мени андак ранжитган нарса йўлдаги келишдаги машмашалар бўлди. Ҳатто ўзимизнинг божхоначилар ҳам худди бошқа давлат фуқаросини ëйинки жуда шубҳали шахсни тинтигандай тинтиб, элакдан ўтказиб қўйиб юборишди-да.

Озодлик: Ҳозир Россиядамисиз?

- Ҳа.

Озодлик: Демак, Ўзбекистондан Россияга боргунингизча бўлган йўл саргузаштларингизни айтиб бермоқчисиз-а?

- Ҳа. Яқин олти ой бўлди келганимга.

Озодлик: Демак, сиз олти ой олдинги нарсани айтмоқчисиз.

- Ҳа. Асосий урғуни мен ўзимизнинг божхоначиларнинг, СНБчиларнинг муомаласига қаратмоқчиман. Россияга ўтаëтган одамларни қаттиқ шубҳа остида текшираяптида. Бу қандайдир одамнинг қадр-қийматини пастга ургандай бўлди.

Озодлик: Тинтияптими?

- Тинтияпти. Сумкаларнинг ҳаммасини ағдариб ташлади.

Озодлик: Нима излашди?

- Наркотик излайди, қурол излайди, бошқа нима излаши мумкин?

Озодлик: Энди йўқ гап эмас¸ наркотик ташишади. Мана Сурхондарëданман деяпсиз. Афғонистонга яқин. Текширса текширибди-да. Нимаси ëқмади сизга текширганининг?

- Текшириш уларнинг бурчи, лекин муомаласи ëқмади-да менга.

Озодлик: Қанақа муомала қилишди?

- Қаердансиз, деяпти. “Сурхондарëданман” десам, “Яна бир марта текширинглар мана шу кишини” деяпти. Менинг атрофимда бошқа вилоятдан келаëтганлар ҳам бор. Улар кейин менга қандайдир шубҳа кўзи билан қараяпти-да.

Озодлик: Қайси постда бўлган иш бу?

- Бу Ўзбекистондан Қозоғистонга ўтадиган пост Сариоғочда бўлаяпти. Қозоқлар бегона бўлса ҳам бизга ундай нима қилишгани йўқ. Уларга барибир пул бердик, лекин тинтигани йўқ сумкани. Мана Россияга кириб келдик. Чегара постида текширувчилар чиқди. Ҳеч кимга қўполлик ҳам қилгани йўқ, сумкаларни ҳам тинтигани йўқ. Фақат ҳужжатларни дарров расмийлаштиришди. Шу билан ўтиб кетдик.

Озодлик: Мана журналист экансиз¸ жамиятдаги жараëнларни хоҳласангиз ҳам, хоҳламасангиз ҳам синчиклаб кузатишга мажбурсизда. Ўзбекистонлик чегарачилар ва божгирларни уларнинг россиялик, қозоғистонлик ҳамкасбларига қиëслаяпсиз. Бу қиëсда ўзбекистонлик чегарачилар ва божгирлар ютқазаяпти. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

- Сабаби ўзимизнинг чегарачиларда савия, онг ҳали у даражага бориб етгани йўқ. Қолоқ фикрлайди ўзимизнинг чегарачилар. Яна бир шундай нарса миясига ўрнашиб қолганки, “Россияга чиқиб кетаяптими демак у одамда қандайдир бир нарса бор. Қандайдир ўша ердаги тузумдан норози” деган фикр ўрнашиб қолган.

Озодлик: Неча йил журналистикада меҳнат қилдингиз?

- 2002 йилдан 2011 йилгача ишладим.

Озодлик: Газетачимисиз?

- Ҳа.

Озодлик: Мана қарийб 10 йил журналистикада бўлибсиз. Ҳозир Россияда нима иш қилаяпсиз?

- Қурилишда ишлаяпман.

Озодлик: Оддий қурувчи бўлиб-а?

- Ҳа, оддий қурувчи бўлиб.

Озодлик: Нима мажбур қилди касбни ва яшаш жойини ўзгартиришга?

- Иқтисодий қийинчилик мажбур қилди. Бошқа ҳеч қандай сабаб бўлиши мумкин эмас. Мен¸ масалан¸ Ўзбекистонда 300-500 минг ойлик олиб ишласам ҳам ўзимни ўзим эплаб кетаманда. Лекин ҳозир имконият жуда қийин бўлиб қолди.

Озодлик: Журналист сифатида ойлигингиз неча пул эди?

- Жуда мизерний ойлик олардим. 200, 200га яқин. Ундан кўп эмас.

Озодлик: Вилоят газетасида ишлармидингиз ëки туман газетасидами?

- Вилоят миқëсида чиқадиган газета эдию, лекин бизда бир шарт бор эдики, ҳар обуна мавсумида биз қанча обуна қилдирсак, ўшанинг 10 ëки 15 фоизини бизга йил давомида тўларди ойлик сифатида. Лекин бу вазиятда ҳозир обуна қилдириш ҳам қийин. Одамларнинг газета ўқигиси йўқ. Тем более расмий газетани.

Озодлик: Балки газетада ўқийдиган нарсанинг ўзи йўқдир.

- Шундай деса ҳам бўлади. Фақатгина вилоят ëки туман ҳокимларининг қарорлари, прокуратура хабарлари, суд хабарлари, солиқ хабарлари ва ҳоказо.

Озодлик: Ҳозир Россияда қурилишда қанча пул топаяпсиз?

- Ойига 600-700 доллар топаяпман, дейди журналистикани ташлаб, Россияда қурувчилик қилаётган сурхондарёлик йигит.


Маҳаллий радиоларни эшитмай қўйган андижонлик билан суҳбат

Андижоннинг Қўрғонтепасида яшайдиган йигит “Эркин микрофон”га юртдошларининг қўшни Қирғизистондаги миллатдошлари аҳволидан ташвишларини айтиб қўйиш учун мурожаат қилганини айтди.

“Сизнинг ва ҳамюртларингизнинг ташвишини ўшликларга етказамиз”, дедик ва шу гап билан етказиб бўлдик.

"Эркин микрофон"га озиб-ёзиб бир телефон қилиб қолибсиз, келинг, бошқа мавзуларда гурунглашайлик, деб қўрғонтепалик Неъмат акани гапга тутдик.

Озодлик: Озодликни қаердан эшитасиз? Радиоданми, интернетданми айтиб беринг.

- Бизда интернет йўғу радио. Хитойнинг радиосида. Ўрта тўлқиндан эшитамиз.

Озодлик: Соат нечада эшитасизлар?

- 9дан 10гача кечқурун.

Озодлик: Адашмаяпсизми?

- Ўрта тўлқин эрталаб ўзи уйғониб қолди. 7 дан 9 гача икки соатлиги.

Озодлик: Аниқ ўрта тўлқинми ëки шунчалик ўрта тўлқин бўлса керак¸ деб ўйлаяпсизми?

- СВ деган канали бор эканку. СВ 1, СВ 2 деган канали бор экан. Ўшандан эшитамизда.

Озодлик: СВ деб инглизча ëзилганми ўрисчами?

- СВ қилиб қўйган.

Озодлик: У қисқа тўлқин. Сифатли эшиталидими?

- Бир хил пайтда яхши бўлади, бир хил пайтда ëмонроқ.

Озодлик: Нима учун эшитасиз Озодликни?

- Қизиқаманда.

Озодлик: Нимага қизиқасиз?

- Ҳар хил зўр янгиликларни гапиради, бўлган воқеаларни айтиб беради. Бизнинг телевизор, радиоларда бунақа нарсаларни айтмайди.

Озодлик: Маҳаллий радиода, телевидениеда Озодлик гапирган гапларни гапирмагани учун эшитасиз-а?

- Ҳа, Ўзбекистоннинг радиосини ҳам эшитмайман, телевизорини ҳам кўрмайман мен.

Озодлик: Телевизорини кўрмасангиз, радиосини эшитмасангиз, фарқини қандай биласиз?

- Фарқини жуда яхши биламан. Олдин эшитардим. Ëлғонни шунақа кўп гапирадида. Алдайдида. Шунинг учун умуман эшитмай қўйдим.

Озодлик: Озодликни “алдайди” демайдию “фақат камчиликларни гапираверади” деб баъзи тингловчиларимиз танқид қилади.

- Бу ëлғон. Ўзлари танқидчи. Улар уже Ўзбекистон раҳбарларининг одамларида. Оддий халқ Озодликни ҳеч қачон ëмон демайди.

Озодлик: Ўзи умуман радио, газета, телевидение мақташи керакми ëки камчиликларни гапириши керакми? Сиз нима деб ўйлайсиз?

- Бу одамларнинг шароитини, нима ишлар қилаëтганининг ҳаммасини гапириш керак. Журналистлар кўприк вазифасини бажариши керак. Бу ерда бажармайди. Обкомга, райкомга ишкайди булар.

Озодлик: Кимларнинг орасида кўприк вазифасини бажариши керак?

- Халқ билан раҳбарлар ўртасида кўприк вазифаси. Масалан¸ сизларга ўхшаб ҳалол меҳнат қилиб.

Озодлик: Халқ билан раҳбарлар орасидаги кўприкни Озодлик қанчалик бажара олаяпти?

- Озодлик 100 фоиз яхши бажараяпти.

Озодлик: Қанақа кўприк бу? Темир кўприкми осма кўприкми?

- Унақа кўприк эмас. Халқ билан раҳбарлар орасидаги, нима деса бўлади журналистлик вазифасини точно бажараяптида. Халқнинг айтганини қилиш керак, камчилигини ëритиш керак, тўғирлаб бериш керак. Бу ерда тўғирлаш йўқда. Ҳеч ким тўғирламайди, ҳеч ким қулоқ солмайди.

Озодлик: Сиз яшаëтган жойда Озодликни сиздан бошқа эшитадиганлар ҳам борми?

- Бор. Кўпчилик.

Озодлик: Буни қаердан биласиз?

- Эшитаманда, одамлар билан гаплашаман, суҳбатлашаман. Ўзбекистон бўйича анча бўлса керак. 5 миллион одам эшитса керак.

Озодлик: Чойхонада ўтирганда бирдан “Кеча Озодликда буднай дейишди” деб гап бошласангиз, гап нима ҳақида кетаëтганини чойхўрлар тушунишадими?

- Унақа жойда гапирсангиз, қандайдир милиция-пилиция келиб қолади. Қўрқади унақа жойларда. Кўчада битта-иккита бўлиб гаплашиш мумкину, кўпчилик жуда қийинда.

Озодлик: Демак, Озодликда эшитган нарсангизни чойхонада одамлар билан бемалол гаплаша олмайсиз-а?

- Жуда қийин. Масала оғирда бу, дейди андижонлик суҳбатдош.

*********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG