Линклар

Ҳибсга олинганлар Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг маҳаллий мутасаддиларидир.


Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи Қ. Амиров ва бош мутахассис А. Холжигитов Гагарин шаҳридаги "Мойчечак шифобахш фарм" хусусий корхонаси эгасини жарима билан қўрқитиш орқали пора талаб қилган.

Бу маълумотни Жиззах вилоят прокуратурасининг навбатчи ходими тасдиқлади.

- Вилоят прокуратураси иқтисодий жиноят ва коррупцияга қарши кураш бўлими бу иш билан шуғулланди, деди Жиззах вилоят прокуратураси навбатчи ходими.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Жиззах вилоят прокуратурасининг бошқа бир ходими ўз исмини ошкор қилмаслик шарти билан, Амиров билан Холжигитов "Мойчечак шифобахш фарм" корхонасига қарашли дорихонага бориб, текширув ўтказган ва дорихонани ёпиш ҳамда 700 минг сўм жарима солиш борасида маълумотнома тузганини айтади. Манбага кўра, икки мулозим ушбу маълумотномани бекор қилиш эвазига 400 минг пора талаб қилган.

Айни пайтда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси яъни пора олиш бўйича айбланаётган Амиров билан Холжигитовга очилган жиноий иш бўйича тергов жараёни якунланган ва яқин кунлар ичида маҳкама бошланиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг апрел ойида Жиззах вилоят Солиқ бошқармасининг транспорт бўлими бошлиғи Ширин Абдураҳмонов ва солиқ инспектори Дилшод Маҳкамовлар ҳам пора олганликда айбдор деб топилиб, 12 ва 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Маъмиржон Азимов вилоятда бу каби ҳолатлар кўплигини айтиб, улардан айримларини санади.

- Миртозақул Эргашев дегани бор эди. Вилоят ҳокими муовинининг ëрдамчиси эдида у. Ҳажга жўнатар эди у. 200 доллар билан қўлга тушиб қамалиб кетди. Бундан ташқари Жиззах вилоят Жиноят ишлар судининг муовини Дилшод Ўралов. Бу ҳам порахўрликда айбланиб 12 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бундан ташқари шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси главврачи ҳам порахўрликда қўлга тушиб, неча йилга қамалганини билмадим, у ҳам қамалиб кетди. Фориш туман ҳокими ҳам 3000 доллар билан қўлга тушиб қамалди. Бундан ташқари мен шуни аниқ биламан¸ Жиззах туманидан бир неча участка нозирлари порахўрлик билан қўлга тушиб қамалиб кетишди, деди ҳуқуқ фаоли.

Newsuz.com сайти Жиззах вилоят прокуратурасидан олинган маълумотга таянган ҳолда ёзишича, жорий йилнинг ўтган етти ойида Жиззахда 14 нафар давлат ва ҳокимият идораларининг мансабдор шахсларига пора билан боғлиқ жиноий иш қўзғатилган.

Кейинги ойларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида мансабдор шахслар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг пора билан ушланиш ҳолатлари кўпаяётгани кузатилмоқда.

Фарғоналик иқтисодчи Маъруфжон Абдураҳмонов Ўзбекистонда порахўрликка қарши олиб борилаётган ишларнинг самарасиз эканлигини айтади.

- Самараси жуда ҳам минимал бўлади. “Пора олибди фалонча раҳбар. Қўйинглар энди биз ҳам олмайлик” деб бошқа раҳбарлар тўхтаб қолади¸ деб ўйлайсизми. Даврим келибди, яшаб қолайин дейди. Қўлга тушаëтганлар мингтадан биттаси. Порахўрлик, коррупция жуда катта томир отганда. Давлатимиз ҳам, ҳукумат ҳам гўë бунга қарши иш олиб бормаëтгандай бўлиб қолмаслиги учун, суд, прокуратура органлари ҳам ишлаëтганлигини кўрсатиш учун порахўрликни фош этиш ҳоллари очилаяпти деган фикрга бораман мен. Лекин аслида олиб қараганда порахўрлик келиб чиқишининг энг асосий сабабларидан бири ҳукмдорлик ва тобелик тенгламасининг бузилганлиги. Назарий жиҳатдан раҳбарларнинг фақатгина юқори томондан тайинлашлари сабаб бўлаяпти¸ деб ҳисоблайман. Мабодо бизда ҳам давлат хизматчиси тўғрисида қонун қабул қилинганда эди, қонун борлигидан озми-кўпми порахўрлар чўчиганда эди, бунчалик бўлмас эди деб ҳисоблайман, деди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Кейинги пайтда Ўзбекистонда расмийларни пора билан ушлаш ҳолатлари “Коррупцияга қарши кураш миллий дастури” доирасида амалга оширилмоқда.

Ўтган йил декабрида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2011 йилда коррупцияга қарши кураш кучайтирилишидан огоҳлантирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG