Линклар

logo-print

Ўшлик муҳожир қийинчиликда яшамоқда

  • Гулнора Равшан

Ўтган йилги қирғиндан сўнг кўплаб ўшликлар ўз ватанини тарк қилган.

Ўтган йилги қирғиндан сўнг кўплаб ўшликлар ўз ватанини тарк қилган.

Тожикистонда вақтинча бошпана топган ўшлик муҳожирнинг бир ярим ёшдаги қизи оғир аҳволда.

Роса бир ярим йил аввал Ўш вилоятининг Новқат туманидан Душанбега келган Марғуба Эргашеванинг саккиз кишидан иборат оиласи жуда ночор аҳволда кун кўрмоқда.

“Устига-устак, - дейди Марғуба, - бир ярим яшар қизим Хадичахон мана саккиз ойдирки Душанбе шаҳридаги Диякова номли шифохонада даволанади”.

Тожик шифокорлари Хадичахонга сепсис — қоннинг заҳарланиши ташхисини қўйган.

Хадичахон касал бўлишдан олдин мана шундай эди.

- Қизимиз келганимиздан кейин шу ерда дунёга келди. Саккиз ойлигигача яхши эди. Мана ҳозир қишдан бери учинчи марта шифохонага ётқиздик. Бир ярим яшар гўдак ҳозир 5 кило 700 грам бўлиб қолган. Шунчалик озиб, терилари қуришиб қолган. Аҳволи яхши бўлмаяпти, - дейди изтироб ичда қолган Марғуба.

Унинг айтишича, тожикистонлик шифокорлар Хадичахонни даволаш учун барча имкониятларни ишга солмоқдалар. Бироқ бир ярим ёшли қизалоқнинг бира тўла соғайиб кетишига кафолат бериша олишмаяпти.

Бир ярим ёшдаги Хадичахоннинг бугунги аҳволи.

- Қўлларидан келган ёрдамни қилишаяпти. Врачлардан шикоятимиз йўқ. Лекин боламнинг тузалиб кетишини кафолатлай олмаяптилар. Бир, икки йил даволаниш кераклигини айтишаяпти. Бизда эса молиявий имконият йўқ, моддий аҳволимиз ўта оғир. Врачлар “хорижда даволаш керак, бизда хориждаги каби технология, зарур дору-дармон йўқ”, деб маслаҳат беришди, - дейди Марғуба.

Айни пайтда “қўли осмондан, оёғи ердан узилиб қолган” бу оила қизчани хорижда даволаш ва унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун молиявий ёрдам сўраб мурожат қилмаган ташкилот қолмаганини айтади.

- Бормаган жойим, ёзмаган жойим қолмади. Халқаро ташкилотларга ҳам бир неча мартадан ёздим, ҳеч қандай жавоб йўқ, - дейди ночор аҳволда қолган ўзбек муҳожири.

Ўзга юртдаги поёнсиз қийинчиликларга қарамай Марғуба Эргашева умидсизланмаслигини айтади.

- Ҳаммаси Оллоҳдан, қизимиз тузалиб кетишига, яхши инсонлар ёрдам беришига ишонаман, - дейди суҳбат поёнида у.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG