Линклар

Ўзбекистонлик 32 ëшли профессионал боксчи Руслан Чагаев WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони камарини рақибига бой берди.

27 август куни Германиянинг Эрфурт шаҳрида WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони камари учун Руслан Чагаев ва россиялик боксчи Александр Поветкин ўртасида жанг бўлиб ўтди.

12 раунд давом этган қизиқарли баҳс натижаларига кўра, АҚШ¸ Британия ва франциялик ҳакамлар 116-112, 117-113, 117-113 ҳисобида Александр Поветкинни "мутлоқ ғолиб" деб топди.

Жангдан сўнг немис телеканалига интервью берган Чагаев: "Бугун менинг куним эмас", деди.

Спорт саройига йиғилганларнинг аксарияти жанг давомида Чагаевни қўллаб-қувватлади, аммо натижа улар кутганчалик бўлмади.

"Оқ Тайсон" тахаллуси билан машҳур собиқ жаҳон чемпиони Руслан Чагаевнинг ғалабаларию мағлубиятларини ўзбек матбуоти Оқсарой буйруғи билан эътиборсиз қолдириб келади.

Шунга қарамасдан, Руслан Ўзбекистон байроғи остида рингга тушишда давом этмоқда.

Немисларнинг Universum Box-Promotion клубида шуғулланиб келаётган Руслан Чагаев 2007 йилнинг 14 апрел куни россиялик рақиби Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлганди.

Руслан Чагаев шу кунга қадар профессионал боксда 28та жанг ўтказган ва уларнинг 25тасида ғалаба қозонган (17 та ғалаба нокаут билан қўлга киритилган)¸ биттасида дурангга эришган ва бугунги мағлубият унинг профессионал карьерасидаги иккинчи мағлубияти ҳисобланади.

2005 йилда профессионал боксга ўтган Александр Поветкин WBC ва WBO рейтингида тўртинчи¸ WBA рейтингида Руслан Чагаевдан кейин 2-ўринни эгаллаб келмоқда.

Ҳозирда Германиянинг Sauerland Event промоутерлик фирмаси ҳомийлик қилаëтган Александр Поветкин профессионал боксда 22 та жанг ўтказиб¸ уларнинг барчасида ғалаба қозонган (15 та жанг нокаут билан қўлга киритилган).

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG