Линклар

logo-print
“Айрин” тўфони сабаб 28 август куни Тошкентдан Ню Йоркга учиши керак бўлган рейс бир кунга кечиктирилди.

-Самолёт бугун саҳарда, 3.40да учиши керак эди. Рейсни душанба кун саҳарга кўчиришди. Рейс деярли бир суткага қолдирилди. Ҳудо хоҳласа душанба саҳар 1.40да учиши керак, - деди Тошкент халқаро аэропорти вакиласи.

Ню Йоркнинг Жон Кеннеди ҳамда Нюварк аэропортлари вақтинча ёпиқ, якшанба кунги барча рейслар бекор қилинди.

“Қайнотам билан қайнонамни бугун кутаётган эдик. Тошкентдан Ню Йоркга келишлари, биз уларни JFK аэропортига бориб кутиб олишимиз керак эди. Самолёт бир кунга қолдирилибди”, - дейди АҚШнинг Каннектикут шататида яшовчи Муқаддас.

Тезлиги соатига 130 километрни ташкил этувчи “Айрин” тўфонининг 29 август куни Ню Йорк қирғоқларига ёпирилиши кутиляпти.

Шаҳарликларга кўра¸ Ню Йорк шаҳрида сув тошқини рўй бериши хавфи бор. Шаҳарда кучли шамол кўтарилиб, жала қуйишни бошлаган.

Ню Йоркнинг Куинз қисмида яшовчи Нилуфар шаҳардаги вазият ҳақида Озодлик радиосига шуларни айтди.

- Кечадан бери шамол, тўфон борган сари кучайиб келяпти.Кеча кечки пайт ёмғир билан бошланди. Ҳамма ҳозир табиий офат сабаб ўз ғамини кўряпти. Ҳамма сув, керакли озиқ-овқатларни, фанарлар, шағамлар сотиб олган. Сабаби шаҳарнинг электрсиз қолиши хавфи ҳам бор. Ҳозирча шаҳарда свет бор, ҳозирча ўчгани йўқ, - дейди Нилуфар.

Тўфон хавфи боис АҚШнинг Шимолий Каролина, Мэриленд, Виржиния, Делавер, Ню Жерси, Ню Йорк ва Каннектикут штатларида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

“Айрин” тўфони яқинлашаётгани боис Ню Йоркнинг қуйи соҳилида яшовчи 250 минг одам хавфсиз жойга кўчирилди.

Ню Йорк ҳокими Майкл Блумберг шаҳарликларни табиий офат оқибатларига шай бўлиб туришликка чақирди.

- Эвакуация учун вақт тугади. Барча ичкарида бўлиши ва об-ҳаво вазияти яхшилангунча ичкарида ўтириши керак, - деди Блумберг.

Тўфон зарбалари оқибатида Шимолий Каролина, Виржиния ва Флорида штатларида камида тўққиз одам ҳалок бўлган¸ 1.8 миллион хонадон электрсиз қолган.
XS
SM
MD
LG