Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:45

Алвидо қурол!


Мустақиллик байрами арафасида ўзбекистонлик овчилардан ўқотар қуролларни йиғиб ола бошладилар.

Бу ҳақда Uzmetronom cайти хабар тарқатди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Республика овчилар ва балиқчилар жамиятининг барча аъзоларига ихтиёрларидаги милтиқларни ўзлари яшаб турган жойлардаги милиция бўлинмаларига вақтинча топшириш мажбуриятини юклаган. Овчиларга қуролларни мустақиллик тантаналаридан кейин кўп ўтмай қайтаришни ваъда қилмоқдалар.

Ўзбекистон ҳудудида ов мавсуми 15 августда очилганди, бироқ Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари талабига мувофиқ, ўзбекистонлик овчилар байрамлар ўтиб олгунича қопқон, тўр ёки қармоқ билан ов қилиб туришга мажбур бўладилар.

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Мустақиллик байрамининг 20 йиллиги арафасида хавфсизлик чораларини олдинги йиллардагидан-да кучайтирди. Хусусан, сўнгги пайтларда пойтахтга келадиган жамоат транспорти қатновида чеклов кузатилди. Тошкентни дайдилар ва эгасиз итлардан тозалаш тадбири эса бундан қарийб бир ярим ой муқаддам бошланганди. Шунингдек, гувоҳларга кўра, Тошкентда республиканинг бошқа ҳудудларидан келган кишилар, айниқса мардикор бозорида тирикчилик қилувчи ёлланма ишчилар юришини чеклаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Ҳар йили август ойининг сўнгги кунлари Тошкентнинг маълум бир майдонида ўтказиладиган ва президентдан тортиб мамлакатнинг катта-кичик амалдорлари ҳамда чет эллик меҳмонлар иштирок этадиган Мустақиллик байрами тантаналарига ҳатто аксар пойтахтликлар ҳам киритилмайди. Тантаналар ўтказиладиган майдон одатда милиция ва бошқа хавфсизлик хизматларининг юзлаб ходимлари томонидан қўриқланади. Бу йилги байрам тадбирлари, маълумотларга кўра, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий боғида ўтказилади.

Ўзбекистон президенти қарорига кўра, мустақилликнинг бу йилги тантаналари “Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан!” деган шиор остида ўтади.
XS
SM
MD
LG