Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:32

Она шаҳри исканжада - Қаддафийнинг ўзи йўқ


Исёнчилар ҳали Сирте шаҳрига етиб улгурмасидан шаҳардан кўкка қоп-қора тутун ўрлаётган эди.
Исёнчилар ҳали Сирте шаҳрига етиб улгурмасидан шаҳардан кўкка қоп-қора тутун ўрлаётган эди.

Ливиялик исёнчилар Қаддафий она шаҳрига яқинлаб боргани сари шаҳар ичкарисида қаддафийчилар зулми ортмоқда.

Ливиялик исёнчилар Муаммар Қаддафийнинг она шаҳри Сирте сарҳадларига шарқий ва ғарбий томондан яқинлаб бормоқда.

Бу шаҳар учун курашнинг Қаддафий режимини тамомила интиҳога элтувчи сўнгги йирик кураш бўлиши кутилмоқда.

Ҳозирча бу шаҳар исёнчилар Триполи шаҳридаги Баб ал-Азизия қароргоҳидан қувиб чиқарганидан буён қаддафийчи гуруҳларнинг сўнгги йирик бошпанаси бўлиб қолмоқда.

Ҳозирча Қаддафийга мойил кучлар қўлида қолаётган жануб-ғарбдаги Зувараҳ шаҳри учун ҳам кураш кучайиб бораётгани хабар қилинмоқда.

Мисрата шаҳридан чиққан исёнчи қўмондон Муаҳаммад ал-Фортиёҳга кўра, унинг етакчилигидаги кучлар Сирте шаҳрига 30 километр масофада кириб борган.

Айни кезда исёнчилар кучлари катта-катта нефт заҳиралари жойлашган ва сўнгги тўрт кундан буён Қаддафий кучлари қаттиқ қаршилик эвазига қўлда тутиб турган Рас Лануф шаҳрини ҳам эгаллашга уринмоқда.

Муаммар Қаддафийнинг қаерда экани эса ҳануз номаълум. Аммо айрим овозаларда унинг Сирте шаҳридаги маҳаллий қабилалар масканидан паноҳ топгани айтилмоқда.

Бу шаҳар Триполидан 360 километр шарқда жойлашган.

Ўтган ҳафта Триполи шаҳри исёнчилар назоратига ўтаётган кезда Қаддафийга мойил кучларнинг каттагина қисми Сирте томон чекингани кузатилган эди.

Исёнчилар қўмондони Фортиёҳ исёнчилар вакили Сиртедаги маҳаллий қабилалар етакчилари билан музокара қилиб, уларни "тинч йўл билан таслим бўлиш"га ундаётганини айтди.

Ливия Ўтиш даври кенгаши матбуот вакили Маҳмуд Шаммон исёнчилар тез орада Ливияни бирлаштириш ниятида экани, аммо бунинг учун олиб борилаётган ҳозирги музокаралар мангу давом эттирилмаслигидан огоҳлантирди.

НАТО самолётлари ҳам кейинги кунлар ичида Сиртени нишонга олди. 50 дан ортиқ ҳарбий транспорт, иккита ҳарбий қароргоҳ, битта ҳарбий назорат пункти ва ҳарбий муҳандислик иншооти вайрон қилинди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эса шу кунларда Муаммар Қаддафий тарафдорлари Триполи бой берилгани учун масъул кўрилган шахсларни ўз ҳолича суд қилиб, ўлдириб юбораётганига ишорат берувчи маълумотлар қўлга киритлганини айтмоқда.

Исёнчилар ҳарбий матбуот котиби¸ генерал Аҳмад Умар Баний биргина Бенғози шаҳрининг ўзида қаддафийчилар қамоққа ҳукм қилган 10 мингдан ортиқ маҳбус озод қилингани, аммо яна 50 мингга яқин маҳкум бедарак қолаётганини айтди.

Унга кўра, йўқолган маҳкумлар ёки ўлдирилган бўлиши, ё ертўлаларга қамаб қўйилган ва тез орада қурбон бўлиши мумкин.

Ўтиш даври ҳукумати Адлия вазири Муҳаммад ал-Алағий бу масала тўлиқ тергов қилиниши ва айблов исботланса, Муаммар Қаддафий режимининг масъуллари бунинг учун жазоланишини айтди.

Муҳаммад ал-Алағий, шунингдек, 1988 йилда Локерби хуружини содир қилганини тан олган Абдул Восит ал-Мағроҳийнинг экстрадиция қилинмаслигини ҳам айтди.

Мағроҳийнинг АҚШга экстрадицияси сўралган чақириқларга жавобан Алағий Мағроҳийнинг бир карра судлангани ва айни қилмиш учун яна бир карра судланмаслигини айтди.

- Биз бирорта ливиялик фуқарони Ғарбга топширмаймиз. Адлиячиликнинг қатор қонунларига биноан Абдул Босит ал-Мағроҳий бир карра жазосини ўтаган ва яна бир карра суд қилинмайди. АҚШнинг турли ташкилотларидан келаётган бу сўров мантиқсиздир. Биз Ливия фуқароларини топширмаймиз. Бу ишни Қаддафий қилган, деди Ливия Ўтиш даври ҳукумати Адлия вазири.

СНН мухбири Мағроҳийни Триполи шаҳридаги уйида кўргани ва унинг аҳволи деярли ўлимга яқин эканини хабар қилган эди.

Абдул Босит ал-Мағроҳий Шотландиянинг Локерби шаҳрида АҚШ самолётини портлатганида 270 одам ўлган эди. Бу жиноятни тан олганидан сўнг Мағроҳий умрбод қамоққа ҳукм қилинган эди.

Аммо қамоқда 8 йил ўтирганидан сўнг шифокорлар унда саратон касалини аниқлаган ва атига бир йиллик умри қолган, деб ташҳис қўйганидан сўнг Мағроҳий 2009 йилда озод қилинган эди.
XS
SM
MD
LG