Линклар

logo-print

Сентябр бошида Душанбега келиши кутилаётган президент Маҳмуд Аҳмадийнажод Эрон сармоясига қурилаётган Сангтўда-2 ГЭСининг биринчи агрегатини ишга туширади.

Эроннинг “Сангоб” ширкати томонидан қурилаётган Сангтўда-2 ГЭСи ўтган йил декабрида тўла фойдаланишга топширилиши режалаштирилган эди. Бироқ эронлик мутахассислар мазкур гидроиншоот учун Ўзбекистон темир йўллари орқали Тожикистонга юк етказиб бериш муаммо бўлаётгани сабабли гидроиншоот қурилиши яна олти ойга кечиктирилиши ва 2011 йил сентябрида тўла ишга тушишига ишонтирган эдилар.

Ўтган ҳафтада Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги масъуллари республика мустақиллик байрами арафасида иш сафари билан Душанбега келиши кутилаётган Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод Сангтўда-2 ГЭСини фойдаланишга топширишини маълум қилганди.

29 август эрталаб эса айрим ахборот агентликлари Эроннинг “Сангоб” ширкатининг Тожикистондаги вакили Саид Асқарийга таянган ҳолда, “Ўзбекистон айби билан Сангтўда-2 ГЭСининг очилиш маросими яна уч ойга кечиктирилиши” ҳақида хабар тарқатди.

Бироқ Саид Асқарий бу айтилганларда бирорта асос йўқлигини ва ҳеч қайси ахборот агентлигига бу ҳақда интервью ҳам бермаганини билдирди.

- Менинг номимдан эълон қилинган хабар мутлақо хато. Мен “ГЭС очилиши кечиктирилди” деб бирор журналистга интервью берганим йўқ. Улар бу хабарларни ўзларидан тўқиб, оммага ёйган. Бу ерда одамлар кечаю кундуз ишлаб, ГЭСни ўша очилиш маросимига тайёрлашга ҳаракат қилаяпти. Сангтўда-2 ГЭСи икки давлат президентлари томонидан очилади, - дер экан эронлик мутахассис Асқарий жаноблари ҳозирча Сангтўда-2 ГЭСининг фақат биринчи агрегати ишга солинишини қўшимча қилди.

Асқарий жанобларининг гапларидан хулоса қиладиган бўлсак, Сангтўда-2 ГЭСи аввал ваъда қилинганидек, тўла фойдаланишга топширилмайди, балки бу ГЭС майдонида ҳали қурилиш ишлари давом этади.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Эрон ҳукумати Тожикистонга яна бир нечта гидроиншоот қуриб беришни ваъда қилиб келади. Сал аввалоқ эронлик энергетиклар Айний ва Шўробод ГЭСлари қурилишини ўз зиммасига олганди.

Марказий Осиёда энергетика мустақиллигини қўлга киритишни кўпдан бери орзу қилиб келаётган Тожикистон томони эса бу йўналишда Эрон билан ҳамкорликни ривожлантиришга шайлигини такрорлашдан чарчамайди.

Айни пайтда минтақада сув заҳиралари билан боғлиқ муаммо борган сари жиддийлашаётгани ортидан Ўзбекистон томони Тожикистон ГЭСлар сонининг ошишига очиқчасига қаршилик кўрсатиб келади.

Ўтган йили Тожикистоннинг “Роҳи оҳан” темир йўллар ширкати масъуллари бу мамлакатга тегишли юк вагонлари Ўзбекистонда ушлаб қолинаётганидан бонг ургандилар.

Тожик расмийлари мамлакатдаги гидроиншоотлар қурилиши кечикишига Ўзбекистон томонидан юк вагонлари ушлаб қолгани сабаб бўлаётганини даъво қилгандилар.

Эрон томони эса Ўзбекистонни, агар Тожикистонга тегишли юк вагонларини қўйиб юбормаса, Ўзбекистонга тегишли вагонларни ўз ҳудуди орқали ўтказмаслик билан таҳдид қилганди.

Тожикистонни энергетика мустақиллигига эришиш орзусига яна бир қадам яқинлаштирадиган гидроиншоот сони биттага кўпаяр экан, бу Тошкент ва Теҳрон алоқаларини янада кескинлаштирмайдими?

Мустақил таҳлилчи Фируз Саидов бу саволга “йўқ” деб жавоб беради.

- Чунки Ўзбекистон Сангтўда-2 ГЭСининг қурилишига қарши эмас. Негаки, бу гидроиншоот Тожикистон ичкарисидаги Вахш дарёсида қурилаяпти. Бошқа томондан, унинг иқтидори унчалик катта эмас. Яъни у Ўзбекистон учун сув муаммосини яратмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон арзимаган масалада Эрон билан муносабатларини бузмайди, деб ўйлайман, - дейди мустақил таҳлилчи Фируз Саидов.

Эслатиб ўтамиз, Сангтўда-2 ГЭСининг илк пойдевори 2006 йил февралида қўйилганди.

Душанбедан 120 километр нарида, яъни Вахш дарёси устида қурилаётган мазкур гидроиншоот Тожикистон билан Эроннинг илк қўшма лойиҳаси бўлиб, унинг умумий қиймати 220 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Бу маблағнинг 40 миллион доллари Тожикистонга ва қолган 180 миллион доллари эса Эронга тегишлидир. Айни пайтда Сангтўда-2 ГЭСи қурилиш майдонида тахминан 1200 киши ишлаётган бўлиб, шундан 70 фоизи тожикистонлик фуқаролар экани айтилади.

Иккита агрегатдан иборат 220 мВт қувватга эга Сангтўда-2 ГЭС қуриб ишга туширилса, Тожикистонда электр ишлаб чиқариш ҳажми тахминан 1 миллиард кВт/соатга ошади.
XS
SM
MD
LG