Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:52

Баҳром Ҳамроев устидан ҳукм чиқди


Баҳром Ҳамроев марказий осиëлик¸ хусусан ўзбекистонлик муҳожирлар ҳақлари юзасидан мунтазам матбуотда чиқиш қилиб келади.
Баҳром Ҳамроев марказий осиëлик¸ хусусан ўзбекистонлик муҳожирлар ҳақлари юзасидан мунтазам матбуотда чиқиш қилиб келади.

Қозон вокзали милиция ходимларини ҳақорат қилганликда айбланган ўзбек фаоли 20 минг рубл жаримага тортилди.


Москванинг Красносельск фуқаролик ишлари бўйича туман судида 29 август куни Россия Жиноят Кодексининг 319-моддаси - “Ҳукумат вакилини ҳақорат қилиш”да айбланган “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроев иши юзасидан қарор чиқарилди.

Уч ойдан ортиқроқ давом этган тергов ва суриштирувдан кейин Ҳамроев Красносельск фуқаролик ишлар бўйича туман судяси Максим Морозов томонидан айбдор деб топилди¸ ҳамда 20 минг рубл жаримага тортилди.

Озодлик билан суҳбатда судья Максим Морозов Ҳамроев иши юзасидан чиқарган қарор сабабларини изоҳлашдан бош тортди.

- Ҳа, бугун ҳукм ўқилди. Лекин мен телефон орқали фақат маҳкама иштирокчиларига тушунтириш бераман, холос. Қолган тафсилотлар ҳақида матбуот марказидан қўшимча хабар тайёрланади, деди судя Максим Морозов.

Маҳкама тафсилотлари ва суднинг бу қарорини Озодликка айбдор деб топилган “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли, Сиёсий қочқинлар жамияти президенти Баҳром Ҳамроевнинг ўзи гапириб берди.

Ҳамроевнинг сўзларига кўра, у Қозон вокзалида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан пул олаётган милиция ходимларини “порахўр”, дегани учун жавобгарликка тортилган.

- Бу ишни қўзғашдан сабаб – Қозон вокзалида ўзбекларга, ўзбек аёлларига нисбатан бўлаётган милиция ходимларининг қонунбузарлик ҳаракатларини ошкор этишим бўлди. 21 март куни Нижний Новгород шаҳрида ҳибсга олинган Нишонбоевлар суд қарорлари ва бошқа ҳужжатларини менга жўнатишган эди. Мен уни кутиб олиш учун вокзалга бордим. У ердаги бўлаётган воқеалар тўғрисида менга доим мурожаат қилишарди. Шу куни мен милиция ходимларидан нима учун иккита ўзбек аёлидан паспортини олиб пул талаб қилишаётганини сўрадим. Шунда улар мени милиция бўлимига олиб кетишди ва устимдан шикоят ёзишди, дейди Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаоли томонидан “ҳақоратланган” полициячилар сўровига мувофиқ¸ вокзал қўриқчилари Игор Долгий ва Виктор Плясовицни судга гувоҳ сифатида чақиртирилган. Қўриқчилар судда Ҳамроев полициячиларни “ёмон сўзлар билан ҳақоратлагани” ва “ўз миллатига мансуб шахсларни полиция ходимларини калтаклашга даъват этгани” ҳақида гувоҳлик берган.

Айни пайтда, судда нега Баҳром Ҳамроев полициячилар билан жанжаллашганини гувоҳлар билмаслигини гапирган.

Гувоҳ Игор Долгий Ҳамроевнинг полиция ходимларини “сен”сираганини ҳақорат¸ деб билишини маълум қилган.

Баҳром Ҳамроев сўзларига кўра , пора олаётганини жамоатчиликка маълум қилишини айтганидан кейин, полициячилар ўзини ички ишлар бўлимига олиб кетган.

- Телефонимни қўлимдан олиб уни бир неча маротаба текширишди. Ўша жойда мен уларни телефонга суратга олмаган эдим. Кейин бўлим бошлиғи келди, узоқ гаплашдик, бўлаётган ҳолатлар ҳақида. Милиция ходимларининг қилаётган жиноятларини гапирганимдан кейин милиция бошлиғи икки соатлардан кейин келиб “Билдик, билдик. Сиз ҳақингизда интернетда кўп ўқидик: сиз ички ишлар ходимларига доимо тош отар экансиз”, деб мени устимдан жиноий иш қўзғатишга прокуратурага олиб боришди ва 319- модда билан жиноий иш қўзғашди.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли ички ишлар ходимлари билан суҳбат давомида "ҳақорат" дейишга асос бўлувчи сўз ва иборалар ишлатмаганини таъкидлайди:

- Улар нима деб ҳақорат қилганимни судга ҳам айта олишмади. Мени милиция хонасига олиб борганидан кейинги жанжалнинг видеоёзуви бўлган. Буни судга тақдим қилишни ва уч нафар гувоҳ кўрсатмаларини кўриб чиқиш талабимиз қўллаб-қувватланмади. Агар бу видео судга кўрсатилганда¸ у ерда ҳеч қандай ҳақорат йўқлигини кўрасиз. Гап шундаки¸ менинг устимдан қўзғатилган жиноий ишда Текстилшчики туман милиция бошлиғи берган справка тикилган. Гўёки мен террорчиларни қўллаб-қувватлар эканман. Албатта¸ бундан кейин менга ҳар қандай суд жиноятчига қарагандек қарайди, дейди “Мемориал” фаоли.

Ҳамроев судда келтирилган далил ва кўрсатмалар, маҳкамада жамоат арбоблари, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакилларининг иштирок этишига қарамасдан, 29 август куни Россия суди уни айбдор деб топди.

Судда Ҳамроевни ҳимояси билан шуғулланган адвокат Абусуфён Гайтаев Красносельск фуқаролик суди томонидан чиқарилган бу қарор устидан¸ албатта¸ юқори инстанцияларга шикоят қилишини айтади.

- Менимча, бу қарор асосланмаган - айбловда манфаатдор бўлмаган шахсларнинг гувоҳлиги йўқ. Икки нафар полициячи ва қўриқчи¸ албатта¸ Ҳамроевга қарши гувоҳлик беради. Бу ерда суд мутлақо нотўғри қарор чиқарди. Бу ҳолатда истаган одамни икки нафар полиция ходими қаматиб ҳам юбориши мумкин. Биз Олий судгача, керак бўлса халқаро судларгача шикоят аризаси билан чиқамиз, дейди адвокат Абусуфён Гайтаев.

Баҳром Ҳамроев “Мемориал” жамиятида марказий осиёликлар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланади. Мазкур фаолияти туфайли мунтазам таъқибга учраб келаëтган асли бухоролик ҳуқуқ фаоли¸ Москвада бир неча бор калтаклаб ҳам кетилган эди.

Хусусан, жорий йилнинг 6 июнида Баҳром Ҳамроев Москвадаги уйи яқинида номаълум кимсалар томонидан калтаклаб кетилган ва оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган.

2010 йилнинг 7 декабрида эса ҳуқуқ фаоли махфий хизмат ходими деб тахмин қилинган номаълум шахс томонидан калтакланган ва шифохонага ётқизилган эди.
XS
SM
MD
LG