Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:30

"Афросиëб" қатнови кечиктирилди


Янги тезюрар поезд ишга тушса¸ Тошкент-Самарқанд орасидаги масофа икки соатга қисқаради.
Янги тезюрар поезд ишга тушса¸ Тошкент-Самарқанд орасидаги масофа икки соатга қисқаради.

Тошкент - Самарқанд ўртасида юрадиган янги тезюрар “Афросиёб” поезди қатновининг 15 сентябргача бошланмаслиги аниқ.

Тошкент билан Самарқанд ўртасида қатновчи тезюрар “Афросиёб” поезди куни кеча синов қатновини амалга оширгани тўғрисида айрим ахборот воситалари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар қилган эди.

Синов қатнови амалга оширилгани тўғрисидаги хабардан келиб чиққан дастлабки саволимизни “Ўзбекистон темир йўллари” давлат ҳиссадорлик жамиятининг ўзини таништирмаган вакилига бердик.

- Ҳали ишга тушмаган. Байрамдан кейин тушади, дейди “Ўзбекистон темир йўллари” давлат ҳиссадорлик жамиятининг ўзини таништирмаган вакили.

Шаклланиб қолган анъанага кўра, Ўзбекистонда ҳар қандай йирик қурилиш байрам арафасида битирилади.

Шундан келиб чиқиб, нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун янгилик бўлган тезюрар поезднинг Ўзбекистон мустақиллиги 20 йиллигига совға қилинишини кўпчилик кутаётган эди.

Хўш, нима учун “Афросиёб” поездининг мунтазам қатнови байрам арафасида йўлга қўйилмади?

Биз бу саволни “Ўзбекистон темир йўллари” давлат ҳиссадорлик жамияти матбуот хизматига бермоқчи бўлдик. Лекин хизмат вакили “Афросиёб” поезди тўғрисида гаплашгиси келмади, шекилли, алоқани узиб қўйди.

Ўзини Иброҳимжон, деб таништирган тошкентлик темир йўл муҳандиси янги тезюрар поезд қурилишига оид билган маълумотларини Озодлик билан ўртоқлашди.

Озодлик: Эски поездлардан нима фарқи бор янги поезднинг?

- Биринчидан, скорости баланд. Иккинчидан, комфорт. Ҳамма нарсаси замонавий. Бизларнинг эски электричка эмаску энди.

Озодлик: Ўша эски электричкалардан неча баробар тез юради?

- Ўзи 250да юриши керак. Лекин ҳозир 250 эмас 180-200ларга қўйса керак. Бизларникилар ҳали яхши ўрганмаганку. Энди уни мутахассисидан сўрамаса, бизлар темир йўл қурамиз.

Озодлик: Умуман Ўзбекистондаги темир йўллар неча км/соат тезликни кўтара олaди?

- Oлдингилар 120га мўлжалланган эди. Ҳозир янгидан қураяптику. Ҳамма жойнинг релси, шпали, ҳамма нарсасини ўзгартирдику. Тошкентдан Самарқандгача ҳамма йўлни ўзгартирди тезликни ошириш учун.

Озодлик: Тезюрар поезд юрадиган йўл алоҳида янги йўлми?

- Янгидан қурилдику ҳаммаси. Беш ойдан бери нима қилишаяпти? 7 ойдан бери қуришаяптику. Бутун Ўзбекистон бўйича қурилдию бу. Янгидан қурилгани учун ҳам скорости баланд бемалол юра олади, дейди саволларимизга жавоб берган ўзини Иброҳимжон, деб таништирган тошкентлик темир йўл муҳандиси.

Асосий саволимиз – “Афросиёб поездининг мунтазам қатнови қачон бошланади?”, деган савол билан темир йўл чипталари сотувчи ширкатларга мурожаат қилдик.

Ширкатлардан бири вакили Тошкентдан Самарқандга тақрибан 4 соатда олиб борадиган “Регистон” ёки “Шарқ” поездларини тавсия қилди.

Биринчи классдаги чипта нархи 25 доллар туради, деди ширкат вакили.

У “Афросиёб” поезди қатнови қачон бошланишидан хабари йўқлигини айтди.

Бироқ яна бир ширкат вакили тезюрар поезднинг қачон қатнай бошлаши тўғрисида конкретроқ маълумот берди.

Озодлик: Тошкентдан Самарқандга янги тезюрар поездга билет олсам бўладими?

- 15 сентябрдан кейин қўйилади.

Озодлик: 15 сентябрдан кейин ишга тушадими у поезд?

- Ҳа.

Озодлик: Бу информация аниқми?

- 15 сентябрдан кейин келаверинг. Агар кассада билет бўлмаса, мана шу номерга қилсангиз, бизлардан топишингиз мумкин билет.

Озодлик: Ҳозирдан сотиб олишнинг иложи йўқми?

- Йўқ. Ҳозир нархи ҳам аниқ эмас. Ўша куннинг ўзида аниқ бўлади, дейди темир йўл чипталари сотувчи ширкатлардан бирининг вакили.

Демак, 15 сентябргача Тошкентдан Самарқандга борувчилар йўлга камида 4 соат сарфлашни мўлжалласин.

Тошкент – Самарқанд темир йўли узунлиги 344 километрдир.

Хабарларга қараганда, бу йўлни “Шарқ тароналари” фестивали меҳмонлари синов қатновини амалга оширган янги тезюрар “Афросиёб” поездида икки соатга етмаган вақтда босиб ўтди.

Тошкент – Самарқанд йўналишида қатновчи иккита тезюрар поезд составини “Ўзбекистон темир йўллари” Испаниянинг Patentes Talgo S.A. ширкатидан сотиб олган.
XS
SM
MD
LG