Линклар

Каримов ҳеч кимни авф этмади

  • Сарвар Усмон

Ҳозирча Каримовнинг Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида амнистия эълон қилмагани сабаблари тўғрисида фақат тахминлар бор¸ холос.

Ҳозирча Каримовнинг Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида амнистия эълон қилмагани сабаблари тўғрисида фақат тахминлар бор¸ холос.

Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган минглаб маҳбус ва уларнинг яқинлари кутаётган "Oлтин амнистия" эълон қилинмади.

Бу ҳақда Озодликка исмини айтмаслик шарти билан маълумот берган юқори лавозимли давлат мулозими хабар қилди.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда амнистия эълон қилиш ëлғиз президент ваколатидаги иш ва бу йилги Мустақиллик байрами арафасида Ислом Каримов амнистия тўғрисидаги қонун лойиҳасини парламент ялпи мажлисига тақдим этмаган. Айтилишича¸ президент бу йил амнистия эълон қилишга зарурат йўқ¸ деган қарорга келган.

Амнистияни кутаётган маҳбуслар орасида сиёсий ва диний мотивлар билан қамалган собиқ давлат амалдорлари, сиёсий арбоблар, журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бор.

Улардан бири тошкентлик журналист Хайрулла Ҳамидовдир.

Хайрулланинг турмуш ўртоғи Дилнозахон яқинда қамоқхонага бориб келганини айтар экан, бундай деди:

- 25 кунми бўлди олдиларига бориб келдим.“Янгиликлар борми?” деб сўрадилар. “Биз билмаймиз. Биз сиз биласиз деб сиздан сўраймиз” деган эдик дедик. “Бизларда бу ерда ҳеч гап йўқ” дедилар.

Озодлик: Амнистияни кутаëтган эдими у киши ҳам?

- Ҳа. Бугун ўқилади дегандай қилишаëтган эди. Ўқилмас эканми, деб сўради Дилнозахон хавотир билан.

Биз давлат амалдоридан 29 август куни олганимиз маълумотга таяниб, дедик:

Озодлик: Ўқилмас эканда.

- Йўғе?

Озодлик: Шунақа.

- Нимага?

Озодлик: Президент парламентга амнистия тўғрисидаги таклифини киритмабди экан.

- Воооой.

Озодлик: Бугун кутаëтган эдингларми?

- Ҳа. Бугун байрамдан олдин ўқийди¸ деб гап эшитдимда мен.

Озодлик: Кимдан эшитдингиз?

- Қўшниларимиз гапиришаëтган эди. Шунга пойлаб ўтирган эдик бугун ўқиса зора деб. Энди ҳар кун пойлаяпмиз. Бугун-эрта ўқиб қолар деб нима қилиб ўтирган эдикда. Сессия тугади деди. Барибир ўқийдими деб ...

Озодлик: Сессияларни диққат билан кузатиб келаëтган экансизларда.

- Ҳа, пойлаб ўтирган эдикда. Нимага бунақа бўлаяпти? 20 йилликка бўлади дейишаëтган эдику.

Озодлик: Билмадим. Сиз нима деб ўйлайсиз нимага бўлмайди?

- Билмадим, дейди қамоқхонада қолаётган журналист Хайрулла Ҳамидовнинг турмуш ўртоғи Дилнозахон.

Дилнозахон бизга, биз Дилозахонга берган саволни амнистия эълон қилинмаслиги тўғрисида хабар қилган давлат амалдорига ҳам бердик.

У киши саволимизга “Ахир президентимиз 20 йиллик муносабати билан жуда кўпчиликни мукофотладику, нега бу ҳақда гапирмайсизлар?” деган савол билан жавоб берди.

Мукофотларнинг амнистия кутаётганларга нима алоқаси борлигини сўрамай қўя қолдик.

Маълумки, Ўзбекистон - мустақиллигининг 20 йиллигини нишонлаётган ягона постсовет давлати эмас. Бундай байрамни бу йил собиқ совет республикаларининг барчаси нишонламоқда. Ва уларнинг барчасида, ҳар ҳолда минтақа мамлакатларида амнистия тўғрисида қонунлар қабул қилинди.

Тожикистонда ўтган ҳафтада, Қирғизистонда бундан икки ой муқаддам, Туркманистонда куни кеча – Рамазоннинг Қадр кечасида амнистия эълон қилинди.

Қўшни Қозоғистонда эса, мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан умумий авф баҳордаёқ – мартнинг сўнгги кунларида эълон қилинган эди.

Нафақат қўшнилар амнистия эълон қилгани, балки Ўзбекистоннинг ўзида шаклланиб қолган анъана ҳам борки, амнистияга умидни айнан ўша ҳолат пайдо қилган эди.

20 йилдан бери амнистия Ўзбекистонда Конституция куни олдидан, кўп ҳолларда эса, Мустақиллик куни арафасида эълон қилиниб келган. Масалан, 2010 йилги амнистия мустақилликнинг 19 йиллиги муносабати билан эълон қилинганди.

Хўш, нима учун мустақилликнинг 20 йиллигидай тарихий сана муносабати билан амнистия эълон қилинмади?

Биз бу саволни Тошкентда ишлаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига бердик.

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакили Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, амнистия эълон қилмаслиги президентнинг коррупцияга қарши кураши бўлиши ҳам, амнистия ҳақида ўйлашга вақти етмай қолгани оқибати бўлиши ҳам мумкин.

- Энди ҳозир жамоатчилик ўртасида ҳар хил гаплар юрибди. "Олтин амнистия" бўлади, қамоқлар бўшаб қолади деган гаплар бор эди. Шу вазиятдан жиноят содир этган шахслар фойдаланиб қолиш, коррупцияга йўл бериши мумкин бўлган ҳолатлар ҳам бўлди. “Амнистияга туширамиз. Катта амнистия бўлади” деб жиноятчилардан пул олиш ëки бўлмаса улар билан боғлиқ ҳар хил гап-сўзлар чиқиб кетди. Ҳозир сабабларидан бири мана шу дейишаяпти.

Иккинчидан, 20 йиллик билан боғлиқ тадбирлар кўпайиб кетди ва президентнинг мана шу нарсаларга вақти бўлмади деган ҳолатлар ҳам бўлаяпти. Биринчи масала эҳтимолга яқинроқ, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Тошкентда ишлаётган бошқа бир инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов эса мана бундай деди.

- Биласизми, ҳар бир амнистияда қанчадир одам қамоқдан озод қилинса, биринчидан бу Ўзбекистоннинг бюджетига жуда катта ëрдам. Бюджетнинг аҳволи оғир пайтида қамоқдан чиқиб келишига одамлар камайган сари, албатта, бюджет учун катта фойдаси бор. Лекин нимага қилинмаганини мен тушуна олмаяпман. Иқтисодий аҳволга десак, аҳвол яхшилангани йўқ. Версия ҳам топиш қийин бўлиб қолди ҳозир. Мен бунга қийналган бўлиб қолдим ҳозир, дйеди Суръат Икромов.

Амнистия эълон қилинмаслигига сабаб бўлиши мумкин бўлган омиллар тўғрисида фикр билдирганлардан баъзилари “бу йил мамлакатдан ташқарида Ўзбекистон халқ ҳаракати тузилгани расмий Тошкентни хавотирга солган бўлиши мумкин”, дейишгача бориб етдилар.

Бу версияга ишониш қийин бўлса-да, тилга олинган ҳаракат Муассислар Мажлиси раиси Муҳаммад Солиҳ билан боғландик.

- Каримовнинг амнистия эълон қилмаганига сабаб Ўзбекистон халқ ҳаракатининг тузилиши бўлди, деган иддао ақлга сиғмайдиган, мантиқсиз ва кечирасизу ғирт ахмоқона бир иддао. 20 йилдан бери Каримов ўзга фикрловчиларга, зиëлиларга жумладан мухолифатга ҳам зулмини давом эттириб келаяпти ва бунинг учун ҳеч қачон бирор-бир ташқи сабабни кўрсатиб, “мана шу сабаб шунга асос бўлди” деб айтиш мумкин эмас. Бу Каримовнинг ўзгармас сиëсати. Каримов то тирик экан репрессияни давом эттиришга мажбур. Чунки фақат Ўзбекистон халқ ҳаракатидан эмас, ҳар қандай ҳаракатдан, ҳар қандай ҳур фикрдан қўрққан деспот бир диктатор одам Каримов, дейди Муҳаммад Солиҳ.

Мустақилликнинг 20 йиллиги муносабати билан амнистия эълон қилинишини кутиб ётганлар орасида Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов, Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Бекжонов, Хайрулла Ҳамидов, Рустам Усмонов, Руҳиддин Фахруддинов, Солижон Абдураҳмонов, Қобилжон Тўлашев, Мўътабар Ғофурова, Меҳринисо Ҳамдамова, Аваз Тўхтахўжаев, Ғанихон Маматхонов, Ғайбулло Жалилов, Аъзам Турғунов, Эркин Мусаев, Норбой Холжигитов, Алишер Кароматов, Дилмурод Саидовлар каби депутатлар, ёзувчи ва журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва имомлар бор.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоб-китобича, Ўзбекистон қамоқхоналарида 10 мингдан зиёд диний мотивлар билан қамалган аристонлар бор.

Шуни ҳам айтиб қўйиш керакки, Ўзбекистон ҳукумати, истаса, тўғрироғи, халқаро ташкилотлар босими таъсирида умумий авф эълон қилмай ҳам у ёки бу сиёсий маҳбусни озод қилиб келган.

Бу фикрга собиқ СССР халқ депутати Пўлат Охуновнинг 90-йиллар ўрталарида ёки шоир Юсуф Жуманинг бу йил озодликка чиқарилганлари далил бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG