Линклар

Ўзбек боксчиси Руслан Чагаев Эрфуртда ўтган мусобақада мағлубиятга учраганидан кейин мухлислардан узр сўради.



Озодлик билан суҳбатда узрини баëн қилар экан, Чагаевнинг зарбалардан моматалоқ бўлган юзида бир оз ийманишга ўхшаган ҳолат бор эди.

Чагаевнинг мухлислари мағлуб бўлган Чагаевдан юз ўгиришмади. Бугун ютқизса эртага ютади, дейди Ҳамбургдан атайлаб Эрфуртга келган Мартин исмли мухлис.

Тараддуд

Эрфуртдаги спорт саройи олдига чўмичини бир-бирига муштлаб турган иккита экскаватор қўйилган. Бу экскавоторлар узра "Чагаев –Поветкин" деган ëзув осиғлиқ.

Чагаев - Поветкин.

Бу икки боксчининг экскаваторларга ўхшатилган жангги Эрфуртдаги мусобақанинг авж нуқтаси сифатида кутилди.

Аввалига Руслан Чагаев чиқиб келди. Қасирғалар саси ва тантанавор мусиқа фонида, прожекторлар ëруғида зал тўрида пайдо бўлган Чагаев дунëни ағдар- тўнтар қиладиган важоҳатда туриб, ишқибозлар қалбига ғулғула солар эди.

Чагаев шу туришида Ҳолливуд филмларидаги суперменга менгзарди.

У кириб келган йўлак атрофи ишқибозлар билан тўла. Самарқандлик бир ўзбек йигит Ўзбекистон байроғини кўтариб олган. Ҳамбурглик Мартин эса эринмасдан бу байроққа Чагаев исмини ëзган.

Руслан билан ëшликдан бирга машқ қилган ўзбекистонлик бир неча спортчи эса мамлакат байроғини устига ўртиб олган. Залда мен саккизтача ўзбек мухлисини санадим, албата бу мухлислар орасида Озодликнинг икки мухбири ҳам бор эди.

Аждодлар мардона руҳи сенга ёр

Жанг бошланишидан олдин ринг устига том каби ëпилган улкан плазма экранда Ўзбекистон байроғи акс этиб, Ўзбекистон мадҳияси янгради.

Бастакор Мутал Бурҳонов совет даврида басталаган бу куй Эрфуртда қурилган бокс жанггоҳида бир қадар маҳзун эшитилди. Андижондан атайлаб келган мухлис узун таëққа Ўзбекистон байроғини илиб мусиқага ҳамоҳанг ҳилпиллатмоқда.

Жанг

Аслида "муштлашув" деб ëзсам, тўғри бўлар эди. Тўпиқдан пастга тушган қора сатин иштон кийган Руслан Шамил ўғли Чагаев, майкасига “Россия¸ Худо сен билан” деган шиор ëзган Александр Поветкин билан муштлашмоқда.

Гилч-гилч, пақ-пуқ деган овозлар чиқади. Чарм қўлқопнинг танага гуп этиб урилгани ғалати эшитилади. Одам Атонинг икки зурëди бир-бирини дўппосламоқда.


Ринг атрофига гир айланган ўриндиқлардаги 6000 одам АРД телеканалининг 70 миллион томошабини бу муштлашувдан завқ олмоқда. Боксчилар атрофидаги секундант ва шотирлар урушнинг хамиртурушига ўхшаб кўринди.

АҚШ, Британия ва франциялик ҳакамлар муштлашаëтганлар маҳоратини баҳоламоқда.

Германия модел агентлигининг тўрт нафар соҳибжамоли навбатма навбат янги жанг раундлари ëзилган тахтачани намойиш қилишади. Уларнинг калта этакларидан кўринган сону-болдирларидан завқланган оломон қарсаклар чалади.


Залда Руслан Чагаевнинг мухлислари кўпроқдай туюлди.

“Руслан чап қўл билан қирол зарбани ур. Абжағини чиқар унинг” деб бақирган мухлис бу гап залворини ҳуштак билан оғирлаштиришга тиришди. Андижондан келган бир мухлис бақиравериб, охирида овози чиқмай қолди.

12 раунддан иборат жанг бир маромда, равон давом этди. Ҳеч биттасининг ҳеч жойи синмади.

Жангдан кейин интервью олганимда Александр Поветкиннинг кўкарган юзи ва Руслан Чагаевнинг мушт зарбидан қизарган юзи эътиборимни тортди.

Мағлубият

Тўғриси бокс мусобақасини тасвирга олиш билан овора бўлиб, бу жангда кимнинг ғалаба қилганини англамай қолдим. 12-раунд тугаши билан Поветкиннинг секунданти унинг икки қўлини баланд кўтариб, зафар ишорасини қилди.

Ана шундан кейин зал тўридаги улкан экран иккига бўлиниб бир тарафда Руслан, иккинчи тарафда Александр тасвири қўйилди.

Тасвирлар тагига ҳакамлар қўйган очколар ëзилди.

АҚШ, Британия ва франциялик ҳакамлар 116-112, 117-113, 117-113 ҳисобида Александр Поветкинни "мутлоқ ғолиб" деб топди.

Артур Григорян.

Ана шундан кейин арқон билан ўралган ринг ичига АРД канали мухбири тушиб ғолиб ва мағлубдан интервью олди.

Руслан Чагаев немис тилида “Бугун менинг куним эмас экан. Ютқиздим” деди.

Ўзбекистондан келган олти мухлиснинг қовоқ тумшуғи осилди. Жанг давомида Чагаевни қувватлаган таниқли немис боксчиси Хуан Карлос Озодлик билан суҳбат чоғида очколар ҳисобидан мағлубият ҳар доим баҳсли эканини айтади.

- Чагаев яхши жанг қилди. Унинг бор оз омади келмади. Энди бу спорт. Биров ютади, биров ютқизади. Лекин мен Чагаевни ғолиб деб ҳисоблайман, деди Хуан Карлос.

Мусобақада Чагаевга секундант бўлган таниқли боксчи Артур Григорян ҳам Хуан Карлос фикрига қўшилади.

Ўзбекистонда сукут

Ўзбекистонда Чагаев–Поветкин мусобақаси ҳақида на ëмон ва на яхши гап айтилмади.

Одатда "сукут аломати ризо" деган гап бор. Аммо Оқсаройнинг Чагаевдан рози эмаслиги ҳақида гаплар юради.


Ирина Костенко.

“Нега сиз ҳақингизда Ўзбекистон индамай қўйди?” деган саволимизга Руслан елка қисиб “Билмайман. Балки ютсам гапиришармиди” деб қўйди.

Чагаев жангини кўриш учун Краснодардан келган мухлис Ирина Костенко бу мусобақа ҳақида Ўзбекистонда ҳеч нарса айтилмаганидан афсус билдирди.

- Ҳақиқатда алам қилар экан. Мана биз Русланни қўллаш учун Россиядан келдик. Ҳамбургдан келишди ишқибозлар. Бутун Германия Русланни қўллаяпти. Ўзбекистон нега жим? Ахир Руслан шарафига бугун Ўзбекистон байроғи кўтарилди, гимн айтилди. Ўзбекистон раҳбарларида ватанпарварлик туйғуси йўқми, дейди Ирина.

Чагаевнинг мухлислари

Чагаевнинг мухлисларини уч тоифага бўлдим.


Ҳамбурглик Мартин.

Немис мухлислар

Уларнинг ëрқин вакили Мартин Ҳамбургдан атайлаб келган. Ўзбекистон байроғига ўқлоғидай қилиб "Руслан Чагаев" деб ëзиб келибди. Руслан мағлуб бўлганидан кейин ҳам бу байроқ билан кезиб, ҳакамлар ноҳақ деб бақир- чақир қилиб юрди.

Рус мухлислар

Ирина Костенко Краснодарда яшайди ва ҳар гал Руслан қатнашган жангларни бориб кўради. Костенко ëнида яна ўнтача рус мухлис бор эди.

Ўзбек мухлислар

Мен бу мухлислар ичида марғилонлик Маъруфжон ака Аҳмаджоновни айтмоқчи эдим. Бу киши билан танаффусда ифтор қилиб суҳбатлашиб анча нарсаларни билиб олдим. Маъруфжон ака Руслан Чагаевнинг ҳамма жангларини кўрган. Бу галги жангни кўриш менга 4000 долларга тушди¸ дейди суҳбатдош.

Маъруфжон ака тадбиркор. У киши Марғилон ва Тюменда бир нечта ошхоналар очган. Тюмендаги иккита масжидга ҳомийлик қилади.

Мустақилликка берилмаган совға

Руслан Чагаев немис телеканалига берган интервьюсида “бугун менинг куним эмас” деб айтди.

Озодлик билан суҳбатда бу гапга аниқлик киритган Чагаев спорт ҳам омад иши эканиини урғулади. “Агар ютсам, ғалабамни Ўзбекистон мустақиллигига атаган бўлардим” дейди армон билан Чагаев.

Аммо Чагаев англамаган мантиқни мен тушундим. Германиядаги жангоҳга йиғилган 6000 томошабин ва АРД телеканалининг 70 миллион томошабини кўзи олдида ўзбек байроғи кўтарилиб гимн янграши мағлубият эмас¸ музаффарият эди менимча.

2011 йилнинг 28 августи Эрфуртда Руслан Чагаев куни бўлди.

Жанг тугагач, бино олдидаги экскаваторлар ҳам бошини эгиб Русланни шарафлашди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG