Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:46

Қаддафий оиласи Жазоирда


Муаммар Қаддафийнинг рафиқаси икки ўғли ва бир қизи билан Жазоирда экани маълум қилинди.


Жазоир Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, 29 август куни эрталаб Муаммар Қаддафийнинг рафиқаси уч фарзанди билан машинада Ливиядан Жазоирга ўтиб келдилар.

Ливия Миллий кенгаши раҳбари Мустафо Абдул Жалил Жазоирни улар билан ҳамкорлик қилишга чақириб, Қаддафийнинг қидирувда бўлган ўғилларидан бирини ливиялик исёнчиларга топширишга чақирди.

Аснода ливиялик исёнчилар Қаддафийнинг қидирувда бўлган ўғилларидан яна бири Ҳамис 27 август куни Триполидаги тўқнашувда ҳалок бўлганини хабар қилди.

Шунингдек, исёнчилар Қаддафийнинг разведка хизмати бошлиғи Абдулла ал-Сеннусий (Abdullah al-Senussi) ҳам Ҳамис билан биргаликда ҳалок бўлганини тахмин қилаяпти.

АҚШ расмийси Ҳамис Қаддафий ўлимини тасдиқлаш имкони бўлмаганини, бироқ бу маълумотлар “ўта ишончли манбалар”дан олинганини маълум қилди.

Душанба куни эрталаб Халқаро жиноий ишлар суди прокурори Луис Морено-Окампо Ҳамис Қаддафийни ҳибсга олиш ҳақида ордер берилиши ҳақида гапирган эди.

Айни кезда қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган Human Rights Watch ташкилоти Муаммар Қаддафийнинг ўғли Ҳамис қўлидан қочиб келган гувоҳга таянган ҳолда, 23 август куни 150 дан ортиқ маҳбус Ҳамис бошчилигидаги ҳарбийлар томонидан ўлдирилгани ҳақида фактлар борлигини маълум қилди.

Ҳозирда полковник Қаддафийнинг ўзи ва унинг яна уч ўғлининг қаерда экани номаълум қолмоқда. Душанба куни Муаммар Қаддафийнинг Бени-Валид шаҳрида экани ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлди. Бироқ ҳозирча бу маълумот тасдиқлангани йўқ.

Ливия Миллий кенгаши раҳбари Мустафо Абдул Жалилга кўра, Муаммар Қаддафий ҳануз мамлакат ичкариси ва ташқарисида бирдек хавфли бўлиб қолмоқда.

Қаддафий яширингани тахмин қилинаётган Бени-Валид шаҳри унга содиқ кучлар назоратида қолаётган шаҳарлардан биридир.

Муаммар Қаддафийнинг она шаҳри Сирт ва мамлакат жанубидаги бир қанча шаҳарлар ҳам Қаддафийга содиқ кучлар назоратида қолмоқда. Ливиянинг бошқа ҳудудлари тўлалигича исёнчилар назоратига ўтди.

Ливиялик исёнчилари капитани Муҳаммад Салимга кўра, Қаддафийга
содиқ кучлар назоратида қолаётган Сирт шаҳри учун кураш ўта шиддатли бўлади.

- Шубҳасиз, у ерда катта жанг бўлади, чунки улар Қаддафийга содиқ ва эндиликда биз уларга қарши қурол ишлатишга мажбур бўламиз, - деди Муҳаммад Салим.

Айни пайтда Ливия Миллий кенгаши раҳбари Мустафо Абдул Жалил НАТО раҳбариятидан исёнчиларга кўмагини давом эттиришни сўради.
XS
SM
MD
LG