Линклар

30 август куни эрталаб дунёдаги турли мамлакатларда Рамазон ҳайити намози адо этилди.

Саудия Арабистони, Миср, Иордания (Урдун), Яман, Малайзия, Туркия ва Европанинг қатор мамлакатларида янги ой кўринганини қайд этган мусулмонлар бугун Ийдул-Фитрни нишонламоқдалар.

Ўзбекистон мусулмонлари Рамазон ҳайитини 31 август куни нишонлайдилар. Ҳайит арафасида Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раис ўринбосари Абдулазиз Мансур ўзбекистонликлар¸ қолаверса бутун мусулмонларни Ҳайит байрами билан қутлади.

- Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Оллоҳ таолога беадад шукурлар айтамизки, мана шундай улуғ айëмларга Рамазони шарифни хатм қилиш кунларига ҳам етиб келдик. Мана ислом динидаги энг улуғ иккита байрамнинг бири бўлган Ийдул-Фитр рўза Ҳайитига ҳам мана етиб келдик. Мана шу муносабат билан бутун дунë мусулмонларини, Озодлик радиоси мухлисларини, ҳамма аҳли ислом, аҳли имон кишиларни муборакбод этаман. Келаси мана шундай улуғ айëмларга ҳам соғ-саломат етиб келишларини Оллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сўраб қоламан. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи таъала ва барокатуҳ¸ дея ўз табрикларини билдирди Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раис ўринбосари Абдулазиз Мансур.

Айни пайтда Марказий Осиёдаги Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам 30 август куни Рамазон ҳайити, деб эълон қилинган ва қонунчиликка кўра, ҳар иккала давлатда ҳам бу сана дам олиш куни бўлиб ҳисобланади.

Минтақанинг Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон каби мамлакатларда эса Рўза ҳайити 31 августга белгиланган.



Аснода бугун ҳайитни нишонламаётган мамлакатларнинг байрамни нишонлаётган давлатлардаги элчихоналари ходимлари ҳам дам олаяптилар, шу жумладан, Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси хизматчилари ҳам.

30 август куни Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси олдида қирғизистонлик фаоллар томонидан тошкентлик журналист Елена Бондар ҳимоясига пикет ўтказиш режаланганди, бироқ байрам муносабати билан тадбир 2 сентябрга кўчирилди.

Эслатиб ўтамиз, 22 август куни Қирғизистондан Ўзбекистонга қайтган мустақил журналист Елена Бондар аэропорт ходимлари томонидан бир неча соат ушлаб турилганди. Ўзбекистон чегарасидан декларация қилинмаган флеш карта, СД-диск олиб ўтганликда айбланган Бондар Ўзбекистон Божхона кодексининг 164- ва 227-моддасининг 1-қисми билан айбланаяпти. Мамлакатдан чиқиб кетмаслик ҳақида Тошкент ҳалқаро аэропортининг божхона бошқармаси терговчиси Акмал Жалиловга тилхат ёзиб берган ва эндиликда суд бўлишини кутаётган Еленанинг ўзининг айбсизлигини айтмоқда.

***

Ийдул-Фитр муносабати билан Озодлик радиоси жамоаси ҳам юртдошлар, миллатдошлар ва диндошларни самимий муборакбод этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG